Шомуродов гол урмагани қимматга тушиши мумкин
Гехи билан “девор” бўлган Ҳусановга экспертлар қандай хулоса берди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ўйнаётган “Истанбул Башакшеҳир” клубга таклиф этилган машҳур мутахассис Нури Шахин қўл остида ижобий натижаларни қайд этмоқда.
Истанбулликларнинг мағлубиятсиз серияси олтита ўйинга етди. Охирги олтита учрашувдан бештасида ғалаба қўлга киритилди, фақат чемпионлик учун даъвогар “Фенербаҳче”ни енгишнинг имкони бўлмади ва ўша баҳсда кучлар тенг келди.
“Истанбул Башакшеҳир” муваффақиятларида Элдор Шомуродовнинг роли ва ҳиссаси жуда катта бўлмоқда. 19-турда истанбулликлар “Кайсериспор” жамоаси меҳмони бўлиб, рақиб дарвозасига жавобсиз учта гол урди. Учрашувда жуда фаол ўйнаган Элдор иккита голга бевосита таъсир ўтказди. Биринчи вазиятда Шомуродовнинг кучли зарбасини дарвозабон қайтарди ва тўп ҳимоячи Рамазон Чивелекка тегиб, автогол бўлди.
Истанбул клубининг учинчи тўпини Нуну Да Кошта ўзбек ҳужумчисининг идеал пасидан кейин киритди.
Элдорнинг ўзи рақиб дарвозасига бир неча марта аниқ зарба берган бўлса-да, шу куни унга гол уриш насиб қилмади. Айнан мана шу омил унга қимматга тушиши мумкин.
Чунки Шомуродов Туркия Суперлигаси тўпурарлигига асосий даъвогар. Ҳозир у 19 та учрашувда 13 та гол билан яккапешқадам бўлиб турибди. Бу турда унинг энг яқин икки таъқибчисидан бири – Пол Онуачу ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. Нигериялик легионер “Касимпаша” дарвозасини ишғол қилиб, лигадаги 12 голи билан “Трабзонспор” ғалабасига ҳисса қўшиш баробарида Шомуродов билан ўртадаги фарқни минимал даражага келтирди.
Тўпурарлар рейтингида 11 та гол билан учинчи ўринда турган бразилиялик Талиска ҳам бу тур гол уришга ҳаракат қилади. “Фенербаҳче” ҳали 19-тур учрашувини ўтказгани йўқ. Тўпурар баҳсидаги вазият яна ўзгариши мумкин.
Кейинги ўринларда бораётган Мауро Икарди ва Фелипе Аугусто бу гал рақиб дарвозасини ишғол қила олмагани сабабли уларнинг ҳисобидаги голлар 9 талигича қолди.
Шу ўринда бир гап. “Кайсериспор” жамоасига қарши ўтказилган баҳсда ҳисобни “Башакшеҳир”нинг германиялик легонери Деви Зельке пенальтидан урилган гол билан очди. Негадир тўпурарлар пойгасида иштирок этаётган Шомуродовга 11 метрлик белгидан тўп тепиш имкони берилмаяпти.
Бу ҳолат иккинчи маротаба юз бермоқда. “Трабзонспор” билан бўлган драмматик тўқнашувда ҳам Зельке пенальтидан ҳисобни очганди. Ўша учрашувда Шомуродов ўйиндан тўп киритишни уддалаган. Бироқ бу гал кейинги икки голга вазият яратиш билан чекланди.
Тўпурарлар рақобатида ҳар бир голнинг қиймати жуда юқори бўлади. Шу маънода, “Башакшеҳир” Элдорни қўллаб-қувватлаб, пенальти тепишни унга топшириши мақсадга мувофиқ. Элдор пенальти тепишни билади. Зеро гол урилмаган ҳар бир учрашув Шомуродовга қимматга тушиши мумкин...
Ҳусанов билан ёнма-ён ўйнаган Гехи нималар деди?
Ҳусанов Англияда “топ-5”га кирди!



Фикрлар