Шомуродов кўп юлдузлардан олдинда экан!
Европадаги аксарият миллий чемпионатлар якунланиб, ҳамма бор эътиборини Европа чемпионатида иштирок этаётган терма жамоалар ўйинларига қаратган. Лекин шунга қарамай, статистика ва таҳлил билан шуғулланувчи мутахассислар ва ташкилотлар якунланган миллий чемпионатларнинг эътиборга молик жиҳатларини ўрганиб чиқиб, турли рейтингларни шакллантиришда давом этмоқда.
Италия А Сериясини кузатиб борган мутахассислар биринчи навбатда тўпурарларнинг мавсумдаги статистикасини таҳлил қилиб чиқди. Биз учун аҳамиятлиси, Италияда дебют мавсумини ўтказган Элдор Шомуродов кўп гол уриш ва гол киритишга сарфланган дақиқалар бўйича рўйхатнинг юқори қисмидан жой олгани бўлди.
Ҳаммасига бир бошдан аниқлик киритамиз.
Элдор Шомуродов А Серияда 31 та учрашув ўтказиб, саккизта гол ва битта голли узатма муаллифи бўлди. Ҳамюртимиз “Парма”, “Верона”, “Сассуоло”, “Специя”, “Лацио”, “Кальяри” дарвозасига биттадан тўп киритган бўлса, “Аталанта”га қарши учрашувда дубль қайд этди. Элдор гол урган ўйинларда “Женоа” иккита ғалаба ва битта дуранг қайд этиб, етти очко ишлаб олди.
Шомуродов бу кўрсаткичлар орқали А Серия тўпурарлари орасида 38-поғонада қайд этилди. Умуман олганда, якунланган мавсумда жами тўққиз нафар футболчи рақиблар дарвозасини саккиз мартадан ишғол қилган ва улар рейтингда ўттиз тўртчи қатордан бошлаб, 42-поғонагача жойлаштирилди.
2020-2021 йилги мавсумда Италия чемпионати юқори лигасида умимий ҳисобда жами 283 нафар футболчи ўз номини таблога ёздиришга эришган эди. Маълумки, бу ишни энг кўп Криштиану Роналду амалга оширди. “Ювентус” юлдузи мавсумда 29 та тўп киритиб, А Серия тўпурарлари пойгасида ғолиб чиқди. Шу тариқа, португалиялик юлдуз Англия, Испания ва Италияда тўпурар бўлган ягона футболчига айланди. Кучли бешлик чемпионатларида ҳали бирор футболчи бу ишни уддалай олмаган эди.
А Серия тўпурарлар баҳсида Ромелу Лукаку 24 та аниқ зарба билан иккинчи ўринни эгаллади ва “Интер”нинг узоқ танаффусдан сўнг чемпион бўлишига муносиб ҳисса қўшди. Учинчи поғонадан ўз ҳисобига йигирма иккита гол урган “Аталанта” ҳужумчиси Луис Муриэль жой олди.
Шунингдек, тўпурарлар ўнлигидан Душан Влахович (“Фиорентина”, 21 та гол), Чиро Иммобиле (“Лацио”, 20 та гол), Сими (“Кротоне”, 20 та гол), Лоренцо Инсинье (“Наполи”, 19 та гол), Лаутаро Мартинес (“Интер”, 17 та гол), Доменико Берарди (“Сассуоло”, 17 та гол) ва Жоао Педро (“Кальяри”, 16 та гол) ҳам жой олди.
Гол уришга кам вақт сарф бўйича тузилган рейтингда биринчи поғона Луис Муриэлга насиб қилди. “Аталанта” ҳужумчиси майдонда жами 1437 дақиқа ўйнаб, шу вақт ичида 22 та гол уришга муваффақ бўлди. Бу ҳар бир гол учун 65 дақиқа сарфлаганини билдиради. Шунчаки, супер натижа.
Тўпурарлар баҳси ғолиби Криштиану Роналду 2801 дақиқа майдонда тер тўкиб, рақиб дарвозабонларини 29 маротаба ожиз қолди. Португалиялик ҳужумчи ҳар бир гол учун ўртача 97 дақиқа сарфлади.
“Милан”да тўпурарлик қобилиятини намойиш қилган Златан Иброҳимов ҳар 100-дақиқада ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди. У жами 1493 дақиқа ўйнаб, 15 та зарбаси дарвоза тўридан жой олди.
Бу кўрсаткич бўйича кучли ўнликдан “Лацио”дан Фелипе Кайседо, “Интер”дан Ромелу Лукаку, “Фиорентина”дан Душан Влахович, “Специя”дан Роберто Пикколи ва Андрей Галабинов, “Лацио”дан Чиро Иммобиле ва “Женоа”дан Маттиа Дестро жой олди.
Статистик маълумотларга кўра, Элдор Шомуродов А Серия ўйинларида ҳар 210 дақиқада биттадан гол урган ва бу кўрсаткич бўйича 128 нафар футболчи орасида 40-поғонада қайд этилди.
Легионеримиз майдонда 1680 дақиқа ҳаракат қилди ва рақиблар дарвозасини саккиз маротаба ишғол қилди. Бу натижа ҳам дебют мавсум учун анча яхши ҳисобланади.
Фикрлар