
Нима бўлди? Бир жамоа бирданига зўр ўйнаб турган тўрт легионеримиз билан хайрлашди!
Қозоғистон Премьер-лигасининг бу йилги баҳсларида ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Туркистон вилоятининг “Турон” жамоасига мухлислик қилаётган эди.
Мавсум бошида юқори натижалар учун курашишни мақсад қилган бу клуб раҳбарияти жамоа таркибига тажрибали ва кучли легионерларни жалб қилди. Улар қаторида ўзбек футбол мактаби тарбияланувчиларидан тўрт нафари – Шаҳбоз Умаров, Одилжон Абдумажидов, Беҳруз Асқаров ва Хуршид Мухторов “Турон” сафига қўшилди.
Қисқа фурсатда клуб молиявий муаммоларга дуч келгани ва легионерларга белгиланган маошни тўлай олмаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Бир неча кун аввал тажрибали бош мураббий Виталий Жуковский ўз штаби билан жамоани тарк этди.
Унинг ўрнини эгаллаган Ренат Абдулин бундан буён жамоада фақат маҳаллий футболчилар тўп тепишини таъкидлади ва 14 июндаги учрашувда фақат қозоғистонлик ўйинчиларни майдонга туширди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Турон” барча легионерлар билан хайрлашишга қарор қилган. Буни таниқли футбол шарҳловчиси Алимжон Асқар ҳам тасдиқлаб, футболчилар клуб билан шартномани бекор қилаётганини бидирди.
- Легионерларни тўплаб олиш аввал-бошдан хато эди. Қозоғистонлик футболчиларга кзўпроқ имконият бериш керак эди. Энди жамоадан Егор Хаткевич, Одилбек Абдумажидов, Руслан Юденков, Иован Пайович, Василий Совпель, Хуршидбек Мухторов, Шаҳбоз Умаров, Беҳруз Асқаров, Горан Милойко, Лука Згурский ва Константин Дорофеев кетади, - деди Алимжон Асқар.
Бу рўйхатдан ўрин олган легионерларнинг аксарияти асосий таркиб ўйинчилари эди. Хусусан, тўрт нафар ўзбекистонлик чарм тўп устаси Премьер-лига ва кубок учрашувларида мунтазам асосий таркибда ўйнаб келаётган эди.
Хусусан, 26 ёшли ҳужумкор футболчи Шаҳбоз Умаров “Турон” сафида Премьер-лига ва мамлакат кубоги доирасида жами ўнта учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига битта гол ва учта ассист ёздириб қўйди. Умаров Қозоғистон футболида ўз ўрнига эга футболчи ҳисобланади. Илгари “Ордабаси” шарафини ҳимоя қилган легионеримиз 2022 йили чимкентликлар сафида мамлакат кубогини қўлга киритган ва бир йилдан кейин Премьер-лига ғолибига айланди.
Яқинда Шаҳбоз Умаровга Премьер-лиганинг бошқа клуби – “Женис” қизиқаётгани ва уни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида маълумотлар тарқатилган.
22 ёшли универсал футболчи Беҳруз Асқаровнинг тақдирини “Пахтакор” ҳал қилади. Чунки бу ўйинчи “шерлар”дан ижарага олинган. Тошкентдан келганидан бери Беҳруз 12 та учрашувда иштирок этиб, битта гол ва иккита ассист муаллифи бўлди.
Икки ўзбек ҳимоячисининг ҳам жамоа ўйинига катта ҳисса қўшиб келганини алоҳида эътироф этиш лозим. 31 ёшли Хуршид Мухторов чемпионат ва кубок учрашувларида 12 маротаба майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини уддалашдан ташқари битта гол ҳам урди. 24 ёшли Одилжон Абдумажидов эса, шу пайтга қадар ҳар икки мусобақада умумий ҳисобда 13 та учрашувда тўп тепди.
Энди “Турон” билан хайрлашган барча легионерлар каби ҳамюртларимиз ҳам ўзлари учун янги жамоа топишларига тўғри келади.
Фикрлар