Шомуродов мухлисларига ёқадиган гап бўлди!

  • 21 февраль, 10:01
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 1
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Манчестер Сити” Европа Чемпионлар лигасини тарк этганидан кейин Элдор Шомуродов қитъа миқёсидаги нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этаётган ягона ўзбек футболчиси бўлиб турибди.

29 ёшли ҳужумчимиз “Рома” сафида Европа лигаси бош соврини учун курашни давом эттирмоқда. Тез орада “бўрилар” 1/8 финалдаги рақибини билиб олади.

“Рома” мавсум бошиданоқ таркиб масаласида жиддий муаммоларга дуч келди. Клуб раҳбарияти икки маротаба бош мураббийни алиштиришига тўғри келди. Таркиб ҳам бир неча маротаба алмашди.

Ниҳоят, жамоа бошқарувига Клаудио Раньери келганидан кейин жамоанинг ичида ҳам, натижаларида ҳам ижобий ўзгаришлар давом этмоқда. Бунинг самарасида римликлар А Серия мусобақа жадвалида кўтарила бошлади, Европа лигасида юришини давом эттирмоқда.

“Рома” ва Италия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Ружьеро Риццителли римликларнинг асосий ҳужумчиси Артём Довбикнинг ишга бўлган муносабатини кескин танқид қилиб, унга бу масалада ўзбекистонлик форвард Элдор Шомуродовни ўрнак қилиб келтирди.

- Кейинги мавсумда “Рома”га тўпурар ҳужумчи жуда зарур бўлади. Чунки Артём Довбик кутилган ишончни оқламаяпти. Мен ундан жуда кўп нарса кутгандим. Жамоага келганидан бери украиналик ҳужумчи рақибларни жиддий тарзда безовта қила олмаяпти.

Ҳозир эса, сувдан чиққан балиққа ўхшаб қолган, на ўйинларда қатнашади, на ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. Жамоага ёрдами тегмаяпти.

Элдор Шомуродов унга нисбатан анча кам ўйин вақтига эга бўлса-да, майдонга тушиши билан курашяпти, жанг қиляпти, жамоа учун борини беряпти. Айнан мана шу муносабатни биз Артём Довбикда кўраётганимиз йўқ.

Бизга бир мавсумда камида 20 та гол ура оладиган етакчи ҳужумчи керак. Жамоа истаганича футбол ўйнаши мумкин, лекин гол урадиган одам бўлмаса, ҳеч қаерга етиб боролмайди, - деди Ружьеро Рицителли.

Таъкидлаш жоизки, “Рома” ўтган йили Испания чемпионатида “Жирона” шарафини ҳимоя қилиб, 24 та гол билан Ла Лиганинг энг зўр тўпурари бўлган украиналик ҳужумчини 30,5 миллион еврога трансфер қилган эди.

Бироқ Артём Довбикнинг Италиядаги ҳаракатлари кутилганидек чиқмади. 27 ёшли ҳужумчи барча турнирларда 33 маротаба майдонга тушиб, жами 2425 дақиқа тўп тепди. Бу вақт ичида 13 та гол ва тўртта ассист қайд этди.

“Рома”нинг иккинчи марказий ҳужумчиси Элдор Шомуродов эса, А Серия, Италия кубоги ва Европа лигаси каби учта турнирда 22 та ўйинда қатнашганига қарамай, умумий ҳисобда 672 дақиқа ўйнади холос. Бу қайт ичида легионеримиз учта гол ва иккита ассист муаллифи бўлди.

Раньери Шомуродов ҳақида нима деди?

Ассист билан учрашувда бурилиш ясаган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Po`lat Polvonov
21/02/2025 10:54
Shomurodovga koʼz tegmasin juda yaxshi oʼyin koʼrsatdi Shomaga omad xamisha gol urish xamrohing boʼlsin raxmat