Шомуродов “Олимпико”ни портлатди!
Европа оммавий ахборот воситалари “Рома” ва “Сампдория” учрашувида иштирок этган ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаб бориши одат тусига кирган. Италия футболини ёритишга ихтисослашган www.calciomercato.com сайти 1:1 ҳисобида якунланган мазкур беллашувда Рим клуби шарафини ҳимоя қилган футболчиларни баҳолаб, ўйинига изоҳ берди.
Руй Патрисио, 6 балл:
Биринчи бўлимда унга иш кам бўлди. Ўйиннинг иккинчи ярмида юқоридаги тўплар учун курашишига тўғри келди. Габбьядинининг голида эса дарвозабонни айблаш ноўрин.
Жанлука Манчини, 6 балл:
Манчини доим ҳам барқарор ўйин кўрсата олмайди. Баъзан керак бўлмаган вазиятларда тўп ортидан қувиб, ўзи ҳимояланиши керак бўлган позициядан узоқлашиб кетади. Шунга қарамай, иккинчи бўлимда “Сампдория” футболчилларининг марказдан уюштирган хавфли ҳужумини тўсиб қўйди.
Крис Смоллинг, 6 балл:
Англиялик ҳимоячи рақиб ҳужумчиси Франческо Капутога ўйин бермади. Крис айниқса иккинчи қаватда яхши ўйнайди. Лекин иккинчи таймда Кандреванинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтгандан айнан Смоллинг рақибни йўқотиб қўйди.
Рожер Ибаньес, 5.5 балл:
Аввалига совуққон ўйнаган Ибаньес кейин кўп хатоларга йўл қўйди. Баҳснинг иккинчи қисмида асаблари дош бермади. Жавоб тўпини киритган Габбьядинига қаршилик қилолмади. Мавсумни юқори савияда ўтказиб келаётган ҳимоячи йил охирига келиб, ишончли ўйнай олмаяпти.
Рик Карсдорп, 5.5 балл:
Карсдорп кейинги пайтда олдинга ўтмай қўйди. “Рома” биринчи бўлимда бўш ўйнагани ҳам бунга йўл қўймади. Кейин рақиб ўйинчилари ҳам уни қийнаб қўйди. Учрашув Рик учун омадли бўлди, дейиш қийин.
Жордан Верету, 6 балл:
Франциялик ярим ҳимоячининг аксарият уринишлари бесамар кетди. Кўп тўп узатишга ҳаракат қилди. Йил охирида толиқиб қолгандек кўринди.
Элдор Шомуродов, 6.5 балл:
Веретунинг ўрнига 67-дақиқада майдонга тушди. Шомуродов орадан бироз вақт ўтганидан кейин яна Римга керакли голни туҳфа этди. Элдор охиригача курашди. Икки марта рақибдан тўпни олиб қўйди. Шомуродов “Сампдория” ҳимоячиларини доғда қолдирди, аниқ зарбаси билан дарвозабон Владимиро Фалконенинг ожиз нуқтасини топди ва “Олимпико”ни “портлатди”. Афсуски, римликларнинг хурсандчилиги узоқ чўзилмади.
Брайан Кристанте, 6 балл:
Жамоадошларининг хатоларини тузатди. Майдон марказида масъулиятни ўз бўйнига олишига тўғри келди. Ярим ҳимоячиларни олдинга ўтишга ундади.
Генрих Мхитарян, 6.5 балл:
Икки марта аниқ пас орқали Тэмми Абрахам ва Матиас Винани қулай позицияга чиқарди. Лекин жамоадошлари у яратиб берган имкониятдан фойдаланишга тайёр эмаслиги кўриниб қолди. Генрихнинг ўзи ҳам дарвозага зарба берди. Фальконе гол уришига йўл қўймади.
Матиас Вина, 5.5 балл:
Уругвайлик футболчи рақибнинг энг хавфли ўйинчиларидан Кандревага қарши ўйнади. Умуман олганда, вазифасини уддалади. Лекин хатолар бор. Тўп узатишда аниқлик етишмади, баъзи вазиятларда тезкор қарор қабул қила олмади.
Стефан Эл-Шаарави, 5.5 балл:
Винанинг ўрнига тушиб, ўз қанотида ҳужумкорликни оширишга ҳаракат қилди. Лекин ўйин унинг жисмоний ҳолати юқори эмаслигини кўрсатиб қўйди.
Николо Дзаньоло, 6 балл:
Николо ҳужумда Тэмми Абрахам билан ўйнаганда доимо яхши ғоялари борлигини намойиш қилади. Лекин Дзаньоло аниқ пас узатиш талаб қилинган вазиятда хатога йўл қўймоқда. Иккинчи бўлимда унинг ўзи Фалькона дарвозасига икки марта хавф солди.
Тэмми Абрахам, 6 балл:
Бергамодаги даҳшатли ўйиндан кейин анча “тинчиб” қолди. Яхши пасни дарвозага аниқ йўллай олмади. Жароҳат туфайли ўрнини Феликсга бўшатиб беришга мажбур бўлди.
Феликс Афена-Гьян, 5 балл:
Феликснинг “Сампдория” дарвозасига гол ура олмагани дарвозабон Фальконенинг маҳоратига эмас, балки ҳужумчининг ўзи бўш ўйнагани сабаблидир.
Жозе Моуриньо, 6 балл:
Бергамодаги ғалабадан кейин “Рома” ўз майдонида “Сампдория”ни парчалаб ташлаши кутилганди. Лекин амалда бундай бўлиб чиқмади. Ҳақиқий “Рома”ни яна қачон кўрамиз?
Фикрлар