Шомуродов Қозоғистоннинг сенсацион ғалабасига қандай муносабат билдирди?
2024 йилги Европа чемпионатининг саралаш турнирида Қозоғистон миллий терма жамоаси сенсацион натижа қайд этди.
“Н” гуруҳининг иккинчи турида қўшниларимиз ўз майдонида Дания терма жамоасини қабул қилди. Ўйин меҳмонлар учун омадли бошланди. Расмус Хейлунн биринчи бўлимнинг ўзида дубль қайд этиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Қозоғистон терма жамоаси беллашувнинг 73-дақиқасигача икки тўп фарқи билан ортда борди. Айнан мана шу дақиқада рақиб ҳимоячиси ўз жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнади ва ҳакам томонидан белгиланган пенальтини Бахтиёр Зайнутдинов аниқ бажарди.
Ўйин якунланишига тўрт дақиқа қолган паллада Асхат Тагиберген ҳисобни тенглаштирган бўлса, 89-дақиқада Абат Аймбетов ғалаба тўпини киритди – 3:2.
Европа футболида катта натижалардан узоқда юрган Қозоғистон миллий терма жамоасининг кучли рақиб устидан иродали тарзда ғалаба қозонгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу баҳсда қатнашган ўйинчиларнинг ўзлари ҳам ижтимоий тармоқларда ўз ҳиссиётларини изҳор қилмоқда.
Ўйин қаҳрамонларидан бири Бахтиёр Зайнутдинов учрашувдан кейин инстаграмдаги саҳифасида “Тарихий ғалаба, Алҳамдулиллаҳ” деб пост қолдирди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ҳамкасбининг постини беэътибор қолдирмади ва пост остига “Топ”, деган муносабатни қолдирди.
Таъкидлаш жоизки, Бахтиёр Зайнутдинов Элдор билан “Ростов”да бирга ўйнаган ва улар ўзаро дўстона муносабатларини давом эттириб келмоқда.
Қозоғистон терма жамоасининг асосий юлдузи ҳисобланган Бахтиёр Зайнутдинов этник ўзбеклардан. Интервьюларидан бирида ота-бобоси Қозоғистонга Наманган томонлардан келиб қолганини айтган.
Айни пайтда Бахтиёр Зайнутдинов ЦСКА жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. 24 ёшли ярим ҳимоячи “Тараз” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Қозоғистон чемпионатида “Астана” жамоасида ҳам тўп тепган.
Бахтиёр 2019 йили Россия Премьер-лигасининг “Ростов” жамоасига кўчиб ўтди. Айнан мана шу даврда Элдор Шомуродов билан бирга ўйнади. 2020 йилнинг ёзида ҳар икки футболчи ҳаётида бурилиш бўлди.
Зайнутдинов Россиянинг энг кучли клубларидан ЦСКАга йўл олди. Элдор Шомуродов эса, кучли бешлик чемпионатларидан бири – А Серияни танлади. Бахтиёр ҳамон “армиячилар” сафида тўп тепаётган бўлса, Шомуродов Италияда учинчи жамоада ўйнаяпти. “Женоа” ва “Рома”дан кейин ҳамюртимиз “Специя” шарафини ҳимоя қилмоқда.
Бахтиёр Зайнутдинов Қозоғистон терма жамоасида 2018 йилдан бери жами 28 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 11 та гол ёздириб қўйган.
Элдор Шомуродов 60 та учрашувда 34 та гол урган ҳолда Максим Шацких билан бирга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг зўр тўпурари бўлиб турибди.
“Рома”даги жамоадошларим мен билан ҳатто сўрашмай қўйди!
Фикрлар