Шомуродов “Рома”га роса керак бўляпти
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов жорий мавсум олдидан “Рома”ни тарк этиб, Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” жамоасига кўчиб ўтганидан кейин ишлари юришиб кетди.
Элдор ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини Клаудио раньери қўл остида юқори даражада ўтказганига қарамай, римликлар ўзбек ҳужумчисидан воз кечиб, унинг ўрнига Англиядан ёш ҳужумчи Эван Фергюсонни олиб келди.
“Рома” фаолиятини ёритиб келаётган нуфузли манбалардан бири – forzaroma.info сайти экспертлари римликларнинг бу қарори хато бўлиб чиққани ҳақида мақола чиқарди.
- “Рома” етарлича афсусланмоқда. Бош мураббий Жан-Пьеро Гасперини мавсумнинг энг муҳим палласида, яъни бугунги кунда жамоа сафида бўлишига умуман қаршилик қилмаган бўларди.
Шомуродов ўзининг ўрнига “Рома”га олиб келинган Эван Фергюсондан беш баравар кўп гол урмоқда, Туркия чемпионатида Виктор Осимхен ва Мауро Икарди каби А Серия ҳавосини олган машҳур юлдузларни ҳам ортда қолдирди.
Суперлигада ҳозирча 16 та гол урган ўзбек ҳужумчиси қишда “Рома”га келган ва тўпурарлик маҳоратини намойиш қилаётган Дониэлл Маленга яхши шерик бўлиши мумкин эди.
Римга Шомуродовнинг ўрнини босиш учун келган Фергюсон учун эса, мавсум анча эрта тугаган. Элдор эса, Туркия чемпионати тўпурарлар пойгасида иштирок этмоқда ва фақатгина нигериялик Поль Онуачудан ортда қоляпти холос.
Шу билан бир қаторда тўпурарлар баҳсида Шомуродов Мауро Икарди ва Талискадан учта, Виктор Осимхен ва Марко Асенсиодан тўртта голга олдинда бормоқда.
“Истанбул Башакшеҳир” римликлар билан ижара шартномасини тузганида агар жамоа Суперлигадаги жойини сақлаб қолса, Элдор Шомуродовнинг трансфер ҳуқуқини 2,8 миллион евро тўлаб, тўлиқ сотиб олишга келишган эди. “Рома” ўзини кўрсата олмаган ва А Серияда атиги учта гол урган Эван Фергюсон учун тўлаган 3 миллион евродан арзонроқдир.
Бу мавсум “Башакшеҳир” лигада қолиш учун эмас, аксинча Еврокубоклар йўлланмаси учун курашмоқда ва айни пайтда Туркия чемпионатининг анъанавий кучли клублари – “Галатасарой”, “Фенербаҳче”, “Трабзонспор” ва “Бешиктош”дан кейин бешинчи ўринда жойлашган.
Истанбулликлар муваффақиятида ўзининг қимматли голлари билан Элдор Шомуродов муҳим роль ўйнамоқда. Шу боис, “Истанбул Башакшеҳир” энди ўзбек ҳужумчисини қўлдан чиқармайди, - деб ёзмоқда forzaroma.info сайти.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жорий мавсумда “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси сафида барча турнирларда 35 та учрашув ўтказиб, 17 та гол ва бешта ассист қайд этди. Шу тариқа, 30 ёшли футболчимиз ўз фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумни ўтказмоқда.
Бундан ташқари, Transfermarkt портали Элдор Шомуродовнинг “Рома”да 4 миллион еврогача тушиб қолган трансфер нархини 2026 йилда 7 миллион еврога кўтарди.
Фикрлар