
Шомуродов трансферида хавотирли ҳолат юзага келди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовнинг фаолиятида ўзгариш бўлиши кутилмоқда.
Бир неча нуфузли манбалар 30 ёшли форвард Италиядаги беш йиллик саргузаштларини якунлаб Туркияга йўл олишга яқин турганини ёзмоқда. Аслида Элдор олдида АҚШ клублари, Франциянинг “Ренн” жамоаси, А Серия дебютанти “Кремонезе” вариантлари ҳам бор эди.
Бироқ Шомуродовнинг ўзи Туркия чемпионатида юқори ўринлар учун курашишни мақсад қилган “Башакшеҳир”га розилик бергани айтилмоқда. Айни пайтда “Рома” ва “Башакшеҳир” ўзбек ҳужумчиси трансфери бўйича барча масалаларни келишиб бўлган ва трансфер расман тасдиқланиши кутилаётгани хабар қилинди.
Табиийки, Шомуродов атрофидаги вазият турли манбалар экспертлари томонидан таҳлил қилинмоқда. Ўзбек футболини ёритиб борадиган россиялик журналист Александр Троицкий Шомуродовнинг Истанбул клубига ўтишида хавотирли вазият борлигини таъкидлади.
- “Рома” ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ижара асосида Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубига ўтяпти.
Инсайдер Николо Скиранинг берган маълумотларига кўра, келишув футболчини кейинчалик сотиб олиш имконияти билан ижарага беришни ўз ичига олган. Келажакда бу трансфер бонусларни қўшиб ҳисоблаганда муайян шартларнинг бажарилиши эвазига умумий ҳисобда 7 миллион еврога тушади.
Жуда чалкаш ҳикоя. Бизни “муайян шартлар бажарилшанида” деган ибора ўйлантириб қўйди. Кўпинча, бунақада гап ўйин вақти ва учрашувлар сонига боғланган вазият ҳақида кетади. Шундан келиб чиқиб, турклар қизғанчиқлик қилиб, жаҳон чемпионати олдидан захирага ўтқазиб қўймаса бўлди. “Ренн” варианти амалга ошмагани жуда ачинарли бўлди, - деб ёзди Александр Троицкий “Азия-Спорт” телеграм-каналида.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бўлажак мундиалда Элдор Шомуродов зиммасига катта вазифалар юкланиши табиий. Бунинг учун бош жамоа сардори ва етакчиси мусобақага юқори спорт формада етиб бориши шарт. Буни фақат мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш орқали таъминлаш мумкин.
Шу ўринда, россиялик экспертнинг хавотири бежиз эмасдек. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 20 январь куни “Ланс”дан “Манчестер Сити”га кўчиб ўтганидан кейин икки ой давомида Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида тўққизта ўйинда иштирок этди.
Бироқ кейинчалик Хосеп Гвардиола бирданига 21 ёшли ўзбек футболчисини бирорта учрашувда майдонга туширмай қўйди. Бу ҳолатни бир неча нуфузли манбалар “Манчестер Сити” беш миллион евро миқдорида қўшимча бонус тўлашдан қочиш учун Ҳусановни атайин ўйинга туширмагани билан боғлаб изоҳлади.
Айтилишича, “шаҳарликлар” ва “Ланс” Ҳусановнинг трансфери бўйича музокараларда агарда футболчи ярим мавсум давомида ўнта учрашувда қатнашса, Франция клубига қўшимча беш миллион евро бонус тўланиши ҳақида келишиб олган.
Шундан келиб чиқсак ҳам, Александр Троицкий хавотирини қисман бўлса-да, асосли эканини инобатга олиш лозим. Демак, вазият қандай тугашини вақт кўрсатади.
Машҳур футболчи Ҳусановга ёрдам берадиган бўлди
Фанатлар босими бошланди: Гвардиола, Ҳусановни ўйнатасанми?
Файзуллаев бразилияликларнинг “жаҳли”ни чиқарди!
Гвардиолага айнан Ҳусанов етишмади!
Ҳусанов кўз ўнгида “Манчестер Сити” тарихий рекорд ўрнатди
Comments