Шомуродовга харидор жамоалар рўйхати эълон қилинди. Яхши клублар бор!
Январь ойида Элдор Шомуродов фаолиятида ўзгариш бўлиши кутилмоқда. Футболчимиз яхши спорт формасида бўлишига қарамай, Жозе Моуриньо унга ваъда қилинган имкониятни бермаяпти.
Ҳужумчимиз айнан ўйнайдиган ёшда. Миллий термамиз учун ҳам унинг ўйин амалиётига эга бўлиши жуда зарур. Ҳозирча, Элдорнинг клубда захирада ўтиргани ҳали унинг Сречко Катанец жамоасидаги ўйинларига таъсир қилгани йўқ.
Ҳар ҳолда Шомуродов 2022 йил ҳисобида терма жамоада ўзи иштирок этган ўнта учрашувда ўз ҳисобига 11 та гол ёздириб қўйди. Ундан жабр кўрган рақиблар дунёнинг турли минтақасидаги терма жамоалардир.
Хусусан, Элдор Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида бу йил Уганда ва Мальдив ороллари дарвозасига учтадан, Жанубий Суданга бир жуфт, Қирғизистонга битта, УЕФА вакиллари – Швеция ва Қозоғистон, шунингдек, жаҳон чемпионати иштирокчиси Коста-Рикага ҳам биттадан тўп киритиб, яхши формада эканини кўрсатди.
“Рома”даги статистика анча хавотирли. Моуриньо бошчилигидаги мураббийлар штаби Элдордан саккизта учрашувда фойдаланди холос. Унда ҳам бирор маротаба тўлиқ ўйнагани йўқ. Еттита учрашувда захирадан ўйинга тушди. Жами майдонда 151 дақиқа тўп тепди. Шунда ҳам римликларнинг Европа лигасидаги голлари ҳисобини очиб берди.
Бундан буёғига ҳам Жозе Моуриньо Шомуродовга кўпроқ ўйин амалиёти беришига ҳеч ким ишонмаса керак. Балки, келадиган пайт келгандир. Яқинда Тошкентдаги учрашувда Элдорнинг устози Валерий Карпин унга ўйин амалиёти муҳим эканини, қайси жамоада бўлса ҳам, майдонда тўп тепиш зарурлигини айтди. Буни маслаҳат сифатида қабул қилиб, Шомуродов ҳам бошқа жамоа танлаши мумкин.
Элдорга харидорлар етарли. Аслида ёзда ҳам унга Италиядан ташқари, Англия, Германия, Франция, Россия, Туркия, Саудия Арабистонидан қизиқишлар борлиги ҳақида хабар тарқатилганди. Бир неча жамоалар музокара бошлади. Моуриньо легионеримизга Римда қолишни маслаҳат берди.
Энди вазият ўзгарган кўринади. Италия матбуоти Моуриньо Элдорни келажакдаги режага қўшмаганини ёзмоқда. Трансферлар бўйича эксперт ҳисобланган италиялик журналист Николо Скира Шомуродов учун кураш бошланганини маълум қилиб, январда уни олишни режалаштираётган жамоалар рўйхатини тузиб чиқди.
Николо Скиранинг таъкидлашича, ҳозирнинг ўзида “Монца”, “Сампдория” ва “Торино” ўзбек ҳужумчиси билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу жамоаларнинг бари Элдор Шомуродов уларнинг ҳужум салоҳиятини кескин кучайтира олишига ишонмоқда.
Бундан ташқари, бошқа манбалар Шомуродов "Болонья" ва "Кремонезе" нишонида тургани ва ҳужумчидан Италиядан ташқарида ҳам вариантлар борлигини тасдиқлаган.
Қишки трансферлар ойнаси очилишига бир ойдан кўпроқ вақт бор. Табиийки, бу жараёнда Элдорга бошқа харидорлар ҳам пайдо бўлишининг эҳтимоли катта.
Шомуродовнинг ўзи ҳозир “Рома” билан Японияда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинида қатнашяпти. Жамоа бир ҳафта шуғулланганидан кейин мавсумнинг қолган қисмига тайёргарликни Португалияда давом эттиради.
Футболчимиз керак бўлса, Шомуродовга алмашамиз!
Шомуродов Японияга келди!
Россия футболчилари Ўзбекистоннинг кучига қандай баҳо берди?
Шомуродов ва Абрахамдан кейин Дибала ҳам “Рома”дан кетадиган бўляпти!
Шомуродов устозини Италияга чақиряпти!
Фикрлар