Шомуродовга янада қийин бўлади. Моуриньо Англиядан яна бир юлдуз ҳужумчини олмоқда!

Элдор Шомуродов “Рома”нинг захира ўйинчисига айланиб қолди. “Ювентус” билан ўйин Жозе Моуриньо ҳар қандай вазиятда ҳам Англиядан олиб келинган Тэмми Абрахамга бошланғич таркибдан жойни кафолатлашини яна бир карра исботлади.

Португалиялик мутахассис А Серия қизғин паллага кирган бир пайтда захира ўриндиғи қисқалигидан шикоят қиляпти. Моуриньо бир неча бор “Наполи”, “Ювентус”, “Милан”, “Аталанта” ва “Интер” каби жамоалар даражасига чиқиш учун таркибни янада кучайтириш мураббийда танлов имконияти кенг бўлиши лозимлигини таъкидлаган эди.

gettyimages-1235300855-594x594

- Охириги дақиқагача Карсдорпнинг ўйнаши сўроқ остида эди. Менинг захирамда ҳимоячилардан Рейнолдс, Кумбулла ва Колафьори қолганди холос. Тўртинчи ўринда турибмиз, лекин очко олмаяпмиз, - деди Моуриньо Туринда бой берилгани учрашувлардан кейин.

Дарҳақиқат, “Рома” энг кам ўйинчи хизматидан фойдаланган уч жамоадан бири бўлиб турибди. Моуриньо А Серия ўйинларида жамоа рўйхатидаги 31 нафар футболчидан 22 тасига ишонч билдириб келмоқда. Бу кўрсаткич бўйича римликлардан 20 тадан ўйинчини ўйнаётган “Удинезе” ва “Сампдория”дан кейин учинчи ўринда.

Жозе Моуриньо олдиндаги трансфер ойналари даврида таркибни ўзгаришда давом этади. Маълумотларга қараганда,  римликлар “Астон Вилла” ҳужумчиси Анвар Ал-Ғозийни трансфер қилмоқчи. Албатта 26 ёшли нидерландиялик футболчи ҳам шахсан Моуриньонинг танлови ҳисобланади.

“Астон Вилла” ўз ўйинчисини 18 миллион фунтга қўйиб юборишга тайёрлигини билдирган. Агар бу трансфер амалга ошса, Элдор Шомуродовнинг “Рома” асосий таркибига кириш янада қийинлашиб кетади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Анвар Ал-Ғозий профессионал фаолияти давомида “Аякс”, “Лилль” ва “Астон Вилла” шарафини ҳимоя қилган. Бу ҳужумчи Нидерландия, Франция ва Англия чемпионатларида гол ура олгани аҳамиятлидир.

1628662384_el-ghazi

Умуман олганда, Моуриньо барча чизиқларни кучайтириш борасида бош қотирмоқда. Бир неча футболчилар ҳозирдан ўз ўрнини ёрқинроқ номларга бўшатиб бериши айтилмоқда. Клуб спорт директори Тиаго Пинту бош мураббий билан маслаҳатлашган ҳолда бир неча трансферларни ҳал қилиш бўйича ишлаяпти.

Хусусан,  таниқли ярим ҳимоячилар Хавьер Пасторе ва Стивен Нзонзининг ўрни бўшади. Навбат, бирор марта ўйинга тушмаган ҳимоячилар – аргентиналик Федерико Пасио ва италиялик Давиде Сантонга келган.

Маълумотларга қараганда, Моуриньо бразилиялик дарвозабон Даниэл Фузато, ҳимоячилардан албаниялик Мараш Кумбулла, америкалик Брайан Рейнолдс, ярим ҳимоячилардан испаниялик Гонсало Вильяр, гвинеялик Амаду Диавара ва “Реал”дан ижарага олинган ҳужумчи Борха Майораль билан тезроқ хайрлашиб, уларнинг ўрнига ўзи истаган ўйинчиларни таклиф қилишни режалаштиряпти.

Хўш, “Рома” Анвар Ал-Ғозийдан бошқа яна кимларни Римга олиб келмоқчи?

Биринчи навбатда, Моуриньо “Боруссия” вакили Денис Закарияга харидор. Тиаго Пинту швейцариялик ярим ҳимоячи агентлари билан гаплашганидани кейин Закария мёнхенгладбахликларнинг янги шартнома бўйича таклифини рад этди ва у Римга эркин агент сифатида ёзда келиши кутилмоқда.

Zakaria

Майдон марказини кучайтириши мумкин бўлган ўйинчилар орасида “Порту” вакили Луис Диас ҳам бор.

“Рома”нинг энг заиф нуқтаси ҳисобланган ҳимоя чизиғига “Аякс”дан Нуссер Мазрауи ва “Сампдория”дан Бартош Берешиньски номзоди кўриляпти.

Моуриньо жамоасида асосий дарвозабон вазифани Руй Патрисио бажариши шубҳасиз. Унга ўринбосар сифатида португалиялик мутахассис аввалги иш жойи – “Тоттенхэм”да тарбияланган дарвозабон Жошуа Олувайемини Римга олиб келмоқчи.

20 ёшли дарвозабоннинг лондонликлар билан амалдаги шартномаси ёзда якунига етади. Португалиялик мутахассис истеъдодли посбонни эркин агент сифатида бепул қўлга киритмоқчи.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Моуриньо “Рома” раҳбариятини қудратли жамоа тузиш ва ижобий натижага эришиш учун катта трансферларни амалга ошириш зарурлигига ишонтирган. Шундай экан, римликлар трансферлар даврининг фаол иштирокчисига айланади. Бу ўз ўзидан жамоада ички рақобатнинг кучайиши олиб келади.

Моуриньо: Конор МакГрегорга йўқ деёлмадим!

Шомуродов зиммасидаги ишни Пеллегрини бажармоқда!

Европадаги легионерларимиз: Аламли мағлубият, битта гол ва тузалмаган жароҳат!

Ақлинг бўлса, “Рома”га ўт!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!