
Шомуродовга янги вазифа юкланди...
“Рома”да ижобий ўзгаришлар давом этмоқда. Мавсум бошида Даниэле де Росси ва Иван Юрич қўл остида аутсайдерлар даражасига тушиб қолган “бўрилар” жамоани Клаудио Раньери қабул қилиб олганидан кейин яна жонлана бошлади.
Мавсумнинг ҳал қилувчи палласига келиб, “Рома” А Серия мусобақа жадвалида тўққизинчи ўринга кўтарилди ва Европа кубокларга йўлланма берадиган кучли олтиликка кириш учун жуда яхши имкониятга эга.
Бундан ташқари, “бўрилар” Европа лигасида бош соврин учун асосий даъвогарлар қаторига қўшилди.
Клаудио Раньери қўл остида аввалги мураббийлар фойдаланишни истамаган бир неча ўйинчилар яна мавсум қаҳрамони даражасига кўтарилди. Айниқса, сўнгги бир неча учрашувда Матиас Суле ва Элдор Шомуродовнинг ўйини юқори даражага кўтарилгани бу футболчиларни муҳим фигурага айлантирди.
- Элдор Шомуродов жамоани Клаудио Раньери қабул қилиб олгунига қадар барча мусобақаларда жами 253 дақиқа ўйнаб, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйганди. Бироқ тажрибали мутахассис ишонч билдира бошлаган ўзбек ҳужумчиси бугунги кунда самарали ҳаракатлари сонини тўртта гол ва учта ассистга етказиб олди, - деб ёзмоқда laroma24.it сайти.
Италия футболи экспертлари Элдор Шомуродов марказий ҳужумчи сифатида голларни қалаштириб ташламаётган бўлса-да, “Рома” ўйинига жиддий таъсир ўтказаётганини эътироф этмоқда.
- Жамоа етакчиси Пауло Дибала ҳар доим ҳам ўйин тақдирини ҳал қила олаётгани йўқ. Бироқ жамоада Элдор Шомуродов ва Матиас Суленинг ўйини очилиб бораётгани бу камчиликни ювиб юбормоқда. Хусусан, “Парма” ва “Монца”га қарши баҳсларда бу икки ҳужумчи ўз голлари ва ассистлари билан ҳал қилувчи роль ўйнади.
Суле “Парма” билан бўлган ўйинда Элдор Шомуродов билан ҳамкорликда самарали ўйнаш мумкинлигини кўрсатди. Матиас Элдорнинг узатмасидан кейин жарима зарбаси ишлади ва ундан гол урди. “Монца”га қарши беллашувда Шомуродов аргентиналик футболчи узатган тўпни рақиб дарвозасига жойлади. “Рома”да янги тандем юзага келди ва у самара бера бошлади. Бу Клаудио Раньери топқирлигининг фойдаси.
Айниқса, Элдор Шомуродовда жиддий ўзгаришлар кетаётганига эътибор қаратиш лозим. Бу ҳужумчининг голлар ва ассистлар бўйича статистикаси ҳайратланарли бўлмаса-да, жамоа ўйинига таъсири билан Раньери ишончини оқлаб келмоқда. Элдор “Милан”, “Наполи”, “Порту”, “Парма” ва “Монца”га қарши муҳим учрашувларда бошланғич таркибда ҳаракат қилди. Бу яқинда захирага михланган ва клубни тарк этиши кутилган ўйинчи учун жуда катта ўсиш.
“Рома”да ички рақобат ошиб бормоқда. Пауло Дибала ва Артём Довбик тандемига Матиас Суле ва Элдор Шомуродов дуэти қўшилди. Энг муҳими, ҳал қилувчи паллада катта саҳнага чиқаётган Суле ва Шомуродов ўсишдан ва жамоага фойда келтиришдан тўхтамаслиги керак, - деб ёзди siamolaroma.it сайти эксперти Ольга Новелла.
Энди “Рома” А Сериядаги навбатдаги учрашувини 2 март куни “Комо”га қарши ўтказади. “Олимпико”га меҳмонга келадиган “Комо” ўтган турда “Наполи”ни енгиб, бу жамоанинг биринчи ўринга кўтарилиб олишига йўл қўймаган эди.
“Рома” мухлислари бўлажак беллашувда яна Элдор Шомуродов бошланғич таркибда майдонга тушиб, жамоа ғалабасига катта ҳисса қўшишини кутмоқда.
Фикрлар