Шомуродовнинг даври келди. “Рома” Элдорга суянадиган бўляпти!
ФИФА кунлари муносабати билан миллий лигаларда қисқа танаффус эълон қилиниб, клублар айрим ўйинчиларини мамлакат терма жамоаларига кузатиб қўйди.
“Рома” жами 19 нафар футболчисини халқаро миқёсдаги учрашувларга қўйиб юборди. Римликлар дастлабки нохуш хабарни олди.
Ёзда “Жирона”дан 30 миллион евродан ортиқроқ маблағ эвазига Римга олиб келинган украиналик легионер Артём Довбик жароҳат туфайли терма жамоаси ихтиёридан клубга қайтди.
Маълум бўлишича, Довбик А Сериянинг аввалги турида “Ювентус”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин мушакларида оғриқ сезган. Шунга қарамай, ҳужумчи Миллатлар лигасидаги иштирок этиш учун терма жамоа йиғинига жўнаб кетганди.
Украина терма жамоаси яқинлашиб келаётган шанба куни Албания ва сешанба куни Чехияга қарши расмий учрашув ўтказиши белгиланган. “Рома” вакили бўлажак беллашувларда украиналикларга ёрдам бера олмаслиги аниқ бўлди.
- Ҳужумчи Артём Довбик Украина терма жамоасининг Миллатлар лигаси мусобақаси доирасида Албания (7 сентябрь) ва Чехия (10 сентябрь) терма жамоаларига қарши учрашувида қатнаша олмайди. “Рома” сафидаги ўйинда футболчи олган жароҳат унинг умумий гуруҳ билан машғулот ўтказишига имкон бермади.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик Довбикка жароҳатдан тикланиши учун кўпроқ вақт кераклигини кўрсатди. Шу боис, ҳужумчини клуб ихтиёрига қайтариб юборишга қарор қилинди. Энди у клуб тиббиёт бўлими мутахассислари назорати остида даволанишни давом эттиради, - деб баёнот берди Украина терма жамоаси матбуот хизмати.
Италия футболининг нуфузли манбаларидан calciomercato.com сайтининг ёзишича, клуб раҳбарияти Довбикнинг жароҳатидан безовта. Тиббиёт бўлимига ҳужумчини “Женоа” билан бўладиган ўйинчигача оёққа турғазиш вазифаси қўйилган. Артём Довбик энди римлик шифокорлар назоратида кўрикдан ўтказилади ва жароҳат даражаси, ўйинчининг қачон сафга қайтиши аниқлаштирилади.
Айтиш жоизки, “Рома”да ёзги трансферлардан кейин атиги икки марказий ҳужумчи – Артём Довбик ва Элдор Шомуродов қолди. Агар украиналик ўйинчининг тикланиши чўзилса, римликлар Шомуродовга суянишига тўғри келади.
Элдор янги мавсумда ҳозирча, "Рома"да захира футболчиси вазифасини бажариб келмоқда. Ўйин вақти кам берилаётганига қарамай, ҳамюртимиз “Рома”нинг янги мавсумдаги ягона голи муаллифи ҳисобланади.
Шомуродовга Европада яна имконият беришга қарор қилишди!
Машҳур юлдузнинг пешонасига ўзбеклар билан ўйнаш ёзилган экан...
Фикрлар