Шомуродовнинг карьерасида бунақаси бўлмаган!

Хабарингиз бор, қишки трансферлар ойнасида легионеримиз Элдор Шомуродов "Рома"ни тарк этиб, Италиянинг бошқа бир клуби "Специя" сафига ижара асосида келиб қўшилди. 

У янги жамоаси таркибида 2 та ўйин ўтказиб, ўзини кўрсата олганича йўқ. 

Италиялнинг таниқли "Calciomercato" нашри А Серия клублари амалга оширган омадсиз трансферлар бешлигини тузиб чиққан ва улар қаторида ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳам бор эди. У чиндан ҳам жорий мавсумни омадсиз тарзда ўтказмоқда. Бунга бир қатор сабаблар ҳам бор. "Рома"да у очиқчасига захира футболчиси эди. Ҳамюртимизга асосий таркибда жуда кам вақт кафолатланган. Шунингдек, Моуриньо уни одатда учрашув натижаси ҳал бўлиб улгурган паллаларда майдонга туширди. 

"Специя" сафига ўтганидан сўнг илк ўйинни Элдор Шомуродов "Наполи"га қарши ўтказди. Майдонда 77-дақиқа ҳаракат қилган Элдор ўз ҳисобига самарали ҳаракат ёздириб қўя олмади. Рақиб нафақат А Серияда, балки, бутун Европада барчани ҳайратга солаётганди. Шу боис, унда мазкур баҳсда ўзини кўрсатиш эҳтимоли чиндан ҳам паст эди. Бироқ "Эмполи"га қарши учрашувда мухлислар ундан кўп нарса кутганди. Специяликлар таркибида Верде дубль муаллифига айланди, аммо Шомуродов яна майдонда деярли кўриниш бермади. Айни вақтда у "Специя"да адаптация жараёнини бошдан ўтказмоқда, деб ўзимизни овутиб қўяверамиз. Шундай бўлса-да, унинг статистикасига назар ташлаб, 27 ёшли футболчимиз карьерасида рўй бераётган пасайишни илғаб олиш қийин эмас. Ҳар ҳолда, у ўтган мавсум А Серияда 3 та гол ҳамда 4 та ассист қайд этган. Бу мавсум ундан кўпроғини кутгандик, лекин...

Келинг, унинг жорий мавсум А Сериядаги статистикаси билан танишиб чиқамиз: 

Жами учрашувлар сони: 8 
Асосий таркибда: 3 
Ўртача ўйнаган дақиқаси: 36 
Рамзий жамоа: Ўрин олмаган 

Голлар сони: 0 та 
Кутилган гол (xG): 0.89 
Битта ўйинда ўртача зарбалар сони: 1.1 
2 маротаба жуда қулай вазиятдан гол ура олмаган 
Паслар аниқлиги: 80% 
Хавфли вазиятлар яратиш: 1 та 

Муваффақиятли дриблинг: 0.1 (20%) 
Дуэлларда ғалаба: 1.1 (24%) 
Ҳаводаги дуэлларда ғалаба: 0.8 (23%)


Элдор Шомуродов узоқ йўлни босиб ўтди. Европанинг кучли бешлик чемпионатида ўйнаётгани ҳам ўзбек футболига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсонга фахр туйғусини беради. Ўйлаймизки, бу омадсизликлар вақтинчалик. Биз Элдорни аввалгидан ҳам яхшироқ даражада бўлишига ва голлари билан ўз мухлисларини доимо хурсанд қилишига умид қиламиз. 



                                                                                                               Худайқулов тайёрлади тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ilhomjon Feyz
19/02/2023 13:32
Сифат европага тортмийди. Коррупсион давлатни товоғи билан демократик давлатни товоғини шундоқ ёнма ён қўйса савя шундоқ кўринади. Елдор ўзб ёки мдх, осиёни кучсиз чемпионатлар савясидаги футболчи.
&
БМЗ
19/02/2023 10:51
Og‘zi ochilib qolibdiku, kim ekan bu omadsiz o‘yinchi deb