Шомуродовнинг ўрнини ким эгаллайди? Куперга қарши тўқнашув принципал бўладими?

Терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродов жароҳати туфайли Қатарда ўтадиган Осиё кубогини ўтказиб юборади. Таркимибиздаги ушбу жиддий йўқотиш ҳақида терма жамоа ҳужумчиси Игорь Сергеев ўз фикрларини билдириб ўтди.

-Тез орада тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси – Осиё кубоги старт олади. Биз эса етакчи ҳужумчи, жамоа сардори Элдор Шомуродовни йўқотдик. Сизнингча унинг ўрнини ким эгаллаши мумкин?

-Албатта, Шомуродов биз учун катта йўқотиш бўлди. Чунки у бизнинг етакчимиз, сардоримиз эди. Шу боис у биз учун чиндан ҳам жиддий йўқотиш ҳисобланади. Бироқ унинг ўрнини ким эгаллайди ва бу қандай содир бўлади, буни билмайман. Буни мураббий ҳал қилади. Бизда Элдорнинг ўрнини боса оладиган яхши ҳужумчилар бор.

-Ўзингиз ҳақингизда гапиряпсизми?

-Йўқ, Бобур (Абдуҳолиқов), Азиз Аманов. Улар ҳам яхши ўйинчилар. Устига-устак улар ҳам легионерлар. Аммо мен Шомуродовнинг ўрнига кимни қўйишларини билмайман. Элдор биз учун жиддий йўқотиш. Лекин бу ҳаёт. Ҳеч ким жароҳатдан кафолатланмаган. Аммо биз Элдор ҳам биздан хурсанд бўлиши учун ҳаракат қиламиз.

-Дастлабки турда терма жамоамизнинг собиқ устози Эктор Купер бошчилигидаги Сурия терма жамоасига қарши баҳс кутмоқда. Сурия матбуоти эса Ўзбекистондан аламзада Купер жамоамизни махф этмоқчилиги ҳақида ёзмоқда. Сизда ҳам ушбу принципиал ўйинга нисбатан қандайдир мотивация мавжудми?

-Агар Купер бўлмаганида, Сурияга қарши ўйинга мотивация бўлмасмиди? Бу Осиё кубоги ва биринчи ўйин. Қайси жамоа, мураббийи ким? Нима фарқи бор?! Ҳар қандай вазиятда ҳам мотивация бўлади. Биз ҳар доим жисмонан ҳам, руҳий томондан ҳам боримизни берамиз. Шунинг учун мен бу фикрга қўшилмайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!