Шомуродовнинг ўзи “Рома”га ўтгани ҳақида нималар деди?
Ниҳоят, кўпчилик кутган янгилик – Элдор Шомуродов “Рома” фуболчисига айлангани расман эълон қилинди.
Айни пайтда хориж оммавий ахборот воситаларида мураббийлар, агентлар, мутахассислар ва ижтимоий тармоқларда мухлислар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда, бу трансфер кенг муҳокама қилиняпти.
“Рома” ҳужумчисига айланган Элдор Шомуродов ҳам фаолиятидаги янги босқич ҳақида ўз қарашларини айтиб ўтди.
- “Рома”га ўтиш – фаолиятимдаги олдинга ташланган катта қадам бўлади. Мен бу имкониятга лойиқ эканимни исботлаш учун қўлимдан келган максимум ҳаракатларни амалга ошираман. Дунёнинг энг буюк клубларидан бирида ўйнаб, ўзимнинг нималарга қодирлигимнинамойиш қилмоқчиман.
Бу трансфернинг тез амалга ошгани менинг янги жамоа, янги футболчи ва мураббийларга тезроқ қўшилиб улар билан бирга тезроқ иш бошлашга бўлган иштиёқимдан далолат бериб турибди, - деди Элдор Шомуродов.
“Рома” ва “Женоа” раҳбариятларининг Элдор Шомуродов трансфери бўйича келишувига кўра, ҳамюртимиз бир мавсум давомида ижара асосида тўп суради. Бунинг учун римликлар Генуя клубига 2,5 миллион евро миқдорида ижара пули тўлайди. “Рома”да ўзбекистонлик ҳужучининг трансфер ҳуқуқини 17,5 миллион еврога сотиб олиш имкони бор.
Шомуродов маълум миқдордаги ўйинларда иштирок этса ёки “Рома” янги мавсум охирида Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга кирита олса, бу трансфер автоматик тарзда амалга оширилади. Яъни, Шомуродов “Рома”нинг тўлақонли аъзосига айланади.
Умумий ҳисобда бу трансфер “Рома”га 20 миллион еврога тушгани айтилмоқда.
“Женоа” Шомуродовнинг кейинги трансферидан ҳам 10 фоиз улуш олиши белгиланган.
“Рома” ва Шомуродов ўртасида 2026 йилнинг ёзигача амал қиладиган шартномага кўра, легионеримиз пойтахт клубида бир мавсум учун 2 миллион евро маош олиши келишилган.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2020 йилнинг 1 октябрь куни Россия премьер-лигаси вакили “Ростов”дан “Женоа”га кўчиб ўтган эди. Бу трансфер учун генуяликлар 7,5 миллион евро тўлаган. Шунингдек, кейинчалик ростовликлар Шомуродов 10 та самарали ҳаракатни амалга оширгани учун бонус олди ва “Рома”га трансфер қилингани учун ҳам улушга эга бўлади.
Шомуродов “Женоа” таркибида А Серияда ҳам тўпурарлик маҳоратини намойиш қила олди. Италия чемпионатида “Парма”, “Сассуоло”, “Верона”, “Специя”, “Лацио”, “Кальяри” дарвозасини бир маротабадан аниқ нишонга олган бўлса, “Аталанта” дарвозабонини икки бор ўз дарвозаси тўридан тўп олиб чиқишга мажбур қилди.
Энди ҳамюртимиз Жозе Моуриньо қўл остида “Рома” шарафини ҳимоя қилади. Янги мавсумда ҳам легионеримизга янги жамоасида муваффақиятли тўп суриб, кўп гол уришини ва яна олдинга интилиши ва янада юксак чўққиларни ни тилаб қоламиз!
Фикрлар