"Сўғдиёна" бош мураббийи: Карачикка боғланиб қолганлиги "Бунёдкор"нинг хатоси!

“Сўғдиёна-W” ҳамда “Бунёдкор-W” ўртасидаги Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Сўғдиёна-W” бош мураббийи Шерали Бобоқулов ҳамда жамоа етакчилари – Танзиля Зарбиева ва Диёра Хабибуллаева иштирок этди. Дастлаб, бош мураббий ўз фикрларини билдириб ўтди:

"Барчани кириб келаётган Наврўз байрами билан табриклайман. Эртага Суперкубок учрашуви билан аёллар футболида ҳам янги мавсум старт олади. Суперкубок — ўтган йилги натижаларимизнинг йиғиндиси деса ҳам бўлади. Эртанги беллашувга муносиб тайёргарлик кўрдик, деб ҳисоблаймиз. Жамоамиз йилдан йилга мақсадларни кучайтириб бормоқда. Бўлажак учрашувда ҳам фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз.

Ўтган мавсум жамоамиз сафида тўп тепган легионерлар бизни тарк этишди. Боиси, уларнинг шартномаси тугаган эди. Режага кўра, Фусеина Мумуни билан битимни узайтиришимиз керак эди, лекин виза билан боғлиқ муаммо сабаб, уни рўйхатдан ўтказа олмадик. Селекция ишларини асосан маҳаллий футболчилар билан олиб бордик. 9 нафар футболчи жамоани тарк этган бўлса, худди шунча янги футболчиларни жалб қилдик. Жумладан, икки нафар Грузия терма жамоаси аъзосини жамоамизга жалб қилдик. Эртанги беллашувда, бутун мавсум давомида ушбу бўшлиқни қай даражада тўлдира олганимизга гувоҳ бўласизлар. Бош мураббий сифатида жамоам таркибидан қониқиш ҳосил қилдим.

Ўтган йилги таркиб барча мусобақаларда ғолиб бўлди. Жорий мавсум Нозима Камолтоева, Шаҳноза Қурбонова, Дилдора Эргашева, Феруза Бобохўжаева, Нигора Узганова, Сарвиноз Комилжонова ва икки нафар легионерни таркибга жалб қилдик. Ушбу қизларни биз 2-3 йилдан буён кузатиб келамиз. Ҳаттоки, уларнинг шартномаси тугашини ҳам кутдик. Ўйлашимча, бу йилги таркиб ўтган мавсумдаги таркибимиздан кучли бўлиши мумкин, лекин кучсиз эмас. 

“Сўғдиёна-W” ташкил этилганига 5 йил бўлди. Шунга мос тарзда натижаларимизни ҳам “5” қилишга ҳаракат қиламиз. Хабибуллаеванинг шартномаси тугамаган эди ва клуб раҳбарияти билан келишган ҳолда, унинг хизматларидан Осиё чемпионатида ҳам фойдаланишга қарор қилдик.

Жиззахда халқаро турнир ўтказиш режаси бор. Илк бор 2019 йилда ташкил этилган бўлса, кейинг йилларда пандемия боис, мусобақа ўтказилмади. Тақвимда бўш кунлар топилса, албатта ушбу турнирни ўтказамиз. 

Қозоғистоннинг тажрибали “БИИК-Казигурт” ва “Томирис-Турон” жамоалари билан бу борада музокаралар ўтказилган. Ушбу жамоалар УЕФА байроғи остида ўтадиган турнирларда қўшниларимиз шарафини ҳимоя қилишади. ФИФА кунларидан фойдаланиб, Осиё чемпионати олдидан мазкур турнирни ўтказиш режалаштирилмоқда. 

“Бунёдкор-W”га финалда Карачик етишмади? “Бунёдкор-W” мураббийининг фикрини ҳурмат қилиш керак. Агарда, жамоа фақат Карачикка боғланиб қолган бўлса, бу уларнинг муаммоси. Бизнинг жамоамиз битта футболчидан ташкил топмаган. Алмаштириб бўлмайдиган футболчи йўқ. Бўлажак учрашувда Людмиланинг ўйнаши бизга қўшимча мотивация беради. У иқтидорли, кучли футболчи. Бизда ҳам ўзига хос сюрприз бор, буни эртага кўрамиз".

Танзиля Зарбиева: Биз ушбу беллашувга пухта тайёргарлик кўрдик. Жамоамиз ҳеч қачон Суперкубокни қўлга киритмаган. Шу боис, фақат ғалаба учун Тошкентга келдик.

Диёра Хабибуллаева: “Сўғдиёна-W” ташкил этилганига эндигина 5 йил бўлди. Жамоа ҳали Суперкубокда ғалаба қозонмаган. Мавсумни ғалаба билан бошлаб, охиригача шу руҳда давом этишга ҳаракат қиламиз.

Янги келганлар билан тезда чиқишиб кетдик, дея оламан. Улар билан майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам тил топишдик. Ўтган йилги легионерларга нисбатан, ҳозиргилар билан муносабатларимиз яхши.

Тўпурарлик? Кетма-кет икки мавсум Олий лиганинг энг яхши тўпурари бўлдим. Бу даражага чиқиш қийин, аммо уни сақлаб туриш, ундан ҳам қийин. Жамоам билан яна чемпион бўлишни, Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиб, тўпурар бўлишга ҳаракат қиламан. 

Хориж клубларидан жиддий қизиқишлар бўлгани рост. Клуб билан келишувим 2022 йил сўнггига қадар мўлжалланган эди. Шу боис, Жиззахда қолишга қарор қилдим".

ЎзПФЛ матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!