“Спартакчилар” Файзуллаевга эътибор қаратди
Россия Премьер-лигасида пойтахт клубларининг ўзаро рақобати алоҳида ўрин тутади. “Спартак” Россиянинг энг кўп мухлисга эга жамоаси ҳисобланади. Бироқ “спартакчилар” анчадан бери чемпионликни қўлга кирита олмай келяпти.
Клуб раҳбарияти бош мураббий ва футболчиларни танлашда кўп хато қилаётгани мутахассислар ва мухлислар томонидан мунтазам танқид қилиб келинмоқда.
“Спартак”нинг собиқ бош директори Сергей Шавло бош мураббий Гильермо Абаскалнинг фаолиятига баҳо бериб, трансферлар масаласида ҳам тўхталди. Муносиб ўйинчини топишда ЦСКАнинг Аббосбек Файзуллаевнинг трансферини мисол қилди.
- Илгари “Спартак” учун иккинчи ўрин фожиа ҳисобланарди. Ўтган мавсум жамоа учинчи ўринни эгаллади. “Спартак” мухлисларни камида кучли учликда бўлишга ўргатиб қўйган. Шунинг учун доим талаб юқори бўлади. Бир бор еттинчи ўринга тушиб кетишган. Ҳозир бешинчи ўринни эгалласа ҳам, бу натижа ҳеч кимни қониқтирмайди.
Бош мураббий Абаскаль қишки трансферлар даврида янги ўйинчиларни олиб беришни талаб қилиши мумкин. Лекин қишда машҳур ва зўр ўйинчилар бу ерга келмайди. Бу муаммо. Биз Жанубий Америкадан ёки биз билан муносабати яхши бўлган Европа давлатлари, масалан, Сербия ва Венгриядан ёш ўйинчиларни олишимиз мумкин холос.
Мана ЦСКА Ўзбекистондан зўр ўйиничи топди. Аббосбек Файзуллаев ҳозир чемпионатимизда порлаяпти, - деди Сергей Шавло.
“Спартак” ва Россия терма жамоасининг собиқ юлдузи Александр Мостовой ҳам ўзбек легионерининг иқтидорини юқори баҳолади.
- ЦСКА ҳужум чизиғида гол уришни биладиган футболчилар кўп, Фёдор Чалов, Антон Заболотний ва Аббосбек Файзуллаев ҳам бу тўп киритишга уста.
Ҳозир Аббоссиз жамоани тасаввур қилиб бўлмайди.
Айнан ўзбек футболчиси майдонда натижа масаласини ҳал қиляпти. Кейинги ўйинларда ҳам мана шу легионер гол уради, - деди Александр Мостовой.
Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКА жамоасига катта ёрдами дегаётганини унинг жамоадоши Иван Обляков ҳам алоҳида таъкидлади.
- Аббосбекка жамоамизга қўшилиб кетиш учун кўп унга вақт керак бўлгани йўқ. Файзуллаев бизга жуда катта ёрдам беряпти.
Ўзбек футболчиси билан майдонда бирга ўйнаш жуда қулай. Аббос юқори малакали, тартиб-интизомли ва жуда яхши ўйинчи.
У мунтазам ўз устида ишлайди, ўйинларда жамоа учун ҳаракат қилади. Бизга гол уриш учун қулай вазиятлар яратиб беради, ўзи ҳам рақиб дарвозасини ишғол қиляпти, ҳатто ортга қайтиб, ҳимоячиларга ҳам кўп ёрдам беряпти, - деди Иван Обляков.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев август ойида 500 минг евро эвазига “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтган эди. Россия Премьер-лигасидаги муваффақиятли ўйини туфайли унинг бугунги кундаги трансфер нархи тўрт баравар ошиб, икки миллион еврога кўтарилди.
Раньери Шомуродов келажаги бўйича қарорини айтди
Фикрлар