SPORTS.uz талқини бўйича Европа кучли бешлик чемпионатлари рамзий терма жамоаси

Мураббий: Брендан Рожерс

«Тоттенхэм», «Челси», «Вулверхэмптон»… Ушбу жамоаларни кетма-кет мағлубиятга учратган ҳолда «Кинг Пауэр Стэдиум»га ташриф буюрган «Шеффилд» чиндан ҳам хавфли эди. «Лестер» эса ушбу қийин рақибга қарши баҳсда идеал ўйин намойиш эта олди. Ушбу ғалаба эвазига Брендан Рожерс шогирдлари 4-поғонада қоладиган бўлди. Бундан ташқари, еврокубоклар йўлидаги рақибини бевосита ўйиндан чиқарди.
Шимолий ирландиялик мутахассис муҳим беллашувга 3-4-3 схемасини ташлади. Бизнинг рамзий терма жамоамиз ҳам ушбу тактик чизма устига қурилади.

73186-Brendan-Rodzhers
Дарвозабон: Эмилиано Мартинес

«Ливерпуль» мағлубиятга учраган бўлса-да, аслида етарлича вазиятлар ярата олди. Биргина вазиятда Эмилиано ожиз қолди: 5 метр масофадан берилган Маненинг зарбасини қайтариш ростдан ҳам мушкул эди. Учрашув мобайнида эса аргентиналик посбон 7 бор дарвозасини яққол голдан асраб қолди. «Албиселеста» дарвозабон масаласини ўйлаб кўриши керак: миллий чемпионатда ҳаракат қиладиган Арманими ёки «Арсенал» дарвозасини «Ливерпуль»нинг даҳшатли ҳужум триосидан ҳимоя қила олган Мартинесми?!

Мартинес

Марказий ҳимоячи: Эзри Нгойо

«Астон Вилла» жон жаҳди билан премьер-лигада қолиш учун курашяпти. «Эвертон»га мағлуб бўлган тақдирда жамоа чемпионшипнинг келгуси мавсумига тайёргарликни бошлайверса ҳам бўларди. Нгойо ҳужумчилар вазифасини бўйнига олиб, «ирисчилар» дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлганди. Бироқ якунда барибир ҳисоб тенглашди. Аммо ўша куни «Астон Вилла» ҳимояси яхши ҳаракат қилди.

Нгойо

Марказий ҳимоячи: Серхио Рамос

«Реал» ушбу ҳафтада 34-чемпионликни нишонлади. Серхио Рамос атрофига қурилган жамоа Испания майдонларида ўз сўзини айтди. «Вильяреал»ни чемпионлик ўйинида таслим этиш осон бўлмади. Айниқса, сўнгги дақиқаларда «сариқ сувости кемаси» ўзида қўшимча куч топиб, кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Мана шундай оғир вазиятда Рамос бошлиқ мадридликлар ҳимояси метин ирода намойиш эта олди. Аслида, «Барса» у томонда «Осасуна»га имкониятни бой берди. Аммо кимнингдир мағлубияти важидан эмас, ўз ғалабаси туфайли чемпионликни нишонлаш барибир бошқача.

Рамос чемп_1

Марказий ҳимоячи: Бремер

«Торино» жорий мавсум таркибида бир қатор кучли футболчилар бўлишига қарамай, элитада қолиш учун курашяпти. «Женоа»га қарши принципиал ўйинда муҳим ғалаба қўлга киритилди. Биринчи таймда Бремер томонидан киритилган гол генуяликларни олдинга боришга мажбур қилди. Рақиб ҳужумларига яхши тўсиқ вазифасини ўтаган туринликлар ҳимояси кейинчалик ўйин якунида ғалабани мустаҳкамлаб олди. «Женоа» гол ўтказиб юборгандан кейин тинимсиз ҳужум уюштириб, ҳолдан тойганди.

Бремер_1

Таянч ярим ҳимоячиси: Деклан Райс

Премьер-лигада қолиш учун ўтказилган энг муҳим ўйинлардан бирида «Вест Хэм» «Уотфорд» масаласини биринчи таймдаёқ ҳал қилди. Англиялик ёш иқтидор эгаси ушбу баҳсда ҳар қайси позицияда кўзга ташланди. Таянч ярим ҳимоячилари одатда, Райс каби меҳнаткаш бўлиши бор гап. 21 ёшли футболчи эса ўзига юклатилган масъулиятни аъло даражада бажаришдан ташқари, биринчи бўлим якунида барчасига нуқта қўйувчи голни киритди.

Райс

Чап қанот ярим ҳимоячиси: Давид Сильва

Кетиши олдидан яхши таассуротларни янада кўпроқ қолдириш мақсадида испаниялик футболчи жуда чиройли ўйин намойиш этмоқда. Бу турда ҳам биттадан гол ва ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган Давид Сильва учун «Сити»даги даври дақиқа сайин ниҳоясига етиб бормоқда.

Давид Силва

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Хакан Чалханўглу

«Милан» қайта уйғониш арафасида тургандек кўринмоқда. Пиоли миланликлар қалбига ўт ёқиб кетяпти. Туркиялик футболчи ҳам жамоани ортидан эргаштира оляпти. Ральф Рангник немис фалсафасини «россонерилар»га сингдира олиши ҳақидага гаплар келажакка нисбатан умид уйғотади. Олмон мураббийи жамоасида ҳам Хакан муҳим фигура бўла олиши аниқ.

Хакан
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Марио Пашалич

«Аталанта» энди чемпионликни кўзлаяпти. Амалдаги 8 карра чемпионни адабини берган бергамоликлар улардан ололмаган 3 очко аламини «Брешия»га сочди. Хорватиялик хавбек эса ушбу баҳсни бенефисига айлантириб юборди. Хет-трик уни жамоасининг кўп сонли тўпурарлари сафига олиб чиқди. Чемпионат якунланишига 5 тур қолганда «Аталанта» 93 та гол уришга эришди. Бу борада энг яхши кўрсаткич 100 та гол урган «Бавария»да.

Марио Пашалич
Чап қанот ҳужумчиси: Маркус Рэшфорд

Англия терма жамоаси аъзосининг энг катта муаммоси барқарор эмаслигида. Бир ўйинда фантастик ҳаракат қилган Рэшфордни келгуси баҳсда майдондан топа олмайсиз. Якунига етган турда ундан самаралироқ ҳаракат қилган чап қанот вакилини АПЛ, Ла Лига ёки А Сериядан топа олмадик.

Решфорд
Ўнг қанот ҳужумчиси: Доменико Берарди

«Ювентус»да муаммолар етарли эканлиги аниқ. Аммо бу баҳсни туринликлар ажойиб бошлаганди. Берарди ва унинг жамоадошлари эса барчасини ўзгартира олишди. Бунда унинг беқиёс хизматлари бор. Ҳар ҳолда, «кекса синьора» сал бўлмаса «Сассуоло» майдонидан бошини эгиб чиқиб кетарди.

Берарди

Ҳужумчи: Карим Бензема

Чемпионлик баҳсидан сўнг Бенземанинг «Олтин тўп» ушлаб тушган расмлари кимгадир эриш туюлган бўлиши мумкин. Аммо асл воқелик ҳам шундай. Чемпионлар Лигасида «қироллик клуби» ғалаба қозонган тақдирда франциялик футболчининг ушбу совринга эга чиқиши мантиқан тўғри. «Реал» Ла Лига ғолибига айланган турда Бенземанинг дубль қайд этишида ҳам ўзига хос маъно борлиги аниқ.

Бензема чемп
Бу галги терма жамоамиздан ҳам бир қатор футболчилар тушиб қолди. Аслида, Харри Кейн, Эшли Янг, Ян Облак ва шулар каби ҳафта қаҳрамонлари ҳам ушбу 11 та футболчи орасидан жой олиши мумкин эди. Биз эса максимал тарзда турнинг энг фойдали футболчиларини қайд этишга ҳаракат қилдик.

Top5 18 июль
Эслатиб ўтамиз, ушбу рамзий терма жамоамизда Ла Лига 37-, АПЛ 36- ва А Серия 33-турлари инобатга олинган.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

SPORTS.uz талқини бўйича топ-5 чемпионатлар рамзий терма жамоаси

ПСЖ етакчилари кутилмаган юқорилашга эришди, Роналду ва Месси кучли учликда қолди: «Олтин тўп»га даъвогарларнинг янгиланган рейтинги

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!