Суперкубокдан сўнг Суперлига доирасидаги "Насаф" - "Пахтакор" ўйини ҳам кейинроққа қолдирилди

Суперлига  11-туридан ўрин олган “Насаф” — “Пахтакор” тўқнашуви 20 май куни бўлиб ўтиши керак эди. Мазкур беллашув “Пахтакор” футбол клуби сўровига асосан қолдирилади.

“Суперлига ва Про лига регламенти”нинг 10.9-бандида U-20 Ўзбекистон термасининг жаҳон чемпионати финал босқичи учрашувига уч ва ундан кўп футболчиси жалб қилинган клуб расмий учрашувни бошқа санага кўчиришни сўраб мурожаат қилишга ҳақли эканлиги қайд этилган.

U-20 Ўзбекистон термаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Аргентинадаги мундиалга “Пахтакор”нинг 8 нафар аъзосини олиб кетишни режалаштирган: Отабек Боймуродов, Диёрбек Ортиқбоев, Абубакр Ашуров, Аббос Файзуллаев, Шаҳзодбек Раҳматуллаев, Беҳрузбек Асқаров, Пўлатхўжа Холдорхонов, Рустам Турдимуродов. Шундан келиб чиқиб, Лига “Пахтакор” сўровини қаноатлантиради.

Регламент бўйича “Пахтакор” У20 Осиё кубоги даврида ҳам расмий учрашувларини суришни сўраши мумкин эди. Бироқ клуб ўтган давр давомида вазиятдан кўчиришларсиз чиқишга эришди. Айни вақтда эса нафақат юқорида номлари қайд этилган футболчилар жамоа билан бирга эмас, балки ёши нисбатан каттароқ қатор футболчиларда ҳам жароҳатлар мавжуд.

Аввалроқ Лига “Пахтакор” ва “Насаф” иштирокидаги Ўзбекистон Суперкубоги учрашувини Қарши клубининг Чемпионлар лигасидаги иштироки сабаб мавсум олдидан ўтказа олмаганди. Июнь ойида Сречко Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоасини ФИФА кунларидан аввалроқ йиғишга мажбур бўлаётганини ҳам ҳисобга олса, 2022 йилги мавсум совриндорлари иштирокидаги ҳар икки ўйин июл ёки август ойларида ўтказилиши мумкин.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!