Суперлигада туркманистонлик легионерлар сони яна биттага кўпайиши мумкин

Янги мавсумга жиддий тарзда тайёргарлик кўраётган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби мусобақа регламентида белгиланган легионерлар лимитидан ҳам тўлиқ фойдаланиш ниятида. Айни пайтда “лочинлар” 4 нафар хорижлик футболчи билан шартнома имзолаб бўлишди. Булар: ҳимоячилар – Игорь Голбан ва Славко Лукич, ярим ҳимоячи Иван Соловьёв ҳамда ҳужумчи Александр Касьян.

Эльман Тагаев расми 1

Наманганликларда яна бир нафар осиёлик ўйинчини таркибга қўшиш имконияти бор эди. Бугун “Навбаҳор” лагерига туркманистонлик ярим ҳимоячи Эльман Тагаев қўшилди. Ушбу футболчи 1989 йилнинг 2 июнида Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида туғилган. Фаолияти давомида Туркманистоннинг “Ашхобод”, “Олтин аср”, Озарбайжоннинг АЗАЛ ва “Сабаил”, шунингдек, 2016 йили Ўзбекистоннинг “Андижон” клубларида тўп сурган.

Тагаев ўтган мавсумда Туркманистоннинг “Ахал” жамоасида ўйнаган. Туркманистонлик ярим ҳимоячи “Навбаҳор”да кўрикдан ўтади. Унинг ҳаракатлари жамоа мураббийларида яхши таассурот қолдирса, у билан шартнома имзоланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!