Тезкор: Абдуқодир Ҳусанов учун “Реал Мадрид” ҳаракатни бошлади!
“Реал Мадрид” қишки трансферлар ойнасида таркибини кучайтиришни режалаштирмоқда. Испания гранди “Манчестер Сити”нинг марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Fichajes.net нашри хабар берди.
Манбага кўра, “қироллик клуби” футболчини ижара асосида сафига қўшиб олиш вариантини жиддий кўриб чиқмоқда, чунки ҳимоя чизиғини катта молиявий харажатларсиз кучайтиришни истайди. Ушбу эҳтимолий трансфер мадридликларнинг стратегиясига тўлиқ мос келади.
Айни пайтда жамоада ҳимоячиларнинг жароҳатлари ва ротация етишмаслиги сабаб муаммолар юзага келган. Шу боис, Ҳусанов номи спорт ва стратегик жиҳатдан жуда қизиқарли вариант сифатида кўрилмоқда.
Қайд этиш жоиз, бундан аввал ўзбекистонлик ҳимоячини “Ливерпуль” сотиб олиши мумкинлиги ҳақида ҳам турли миш-мишлар тарқалган эди.
Маълумот учун, Абдуқодирнинг “шаҳарликлар” билан тузган амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзигача амал қилади.



Фикрлар