Тимур Кападзе: "Уни ҳеч қанақасига терма жамоага жалб қилмаймиз"
“Олимпик” – “Андижон” (0:0) ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббий Тимур Кападзе иштирок этди.
- Ўйинга тайёргарлик кўрдик. “Андижон” ҳозир ажойиб формада, яхши ўйин кўрсатяпти. Айниқса, бу йил жамоа анча кучайди. Ижобий натижаларга эришяпти. Шунинг учун қийин учрашув бўлишини кутдик. Рақибни ўрганиб чиқдик. Иккала жамоа ҳам яхши ўйин намойиш этди. Дуранг адолатли бўлди. Биз уларга деярли имконият бермаслика ҳаракат қилдик, улар ҳам бизга тўсқинлик қилишди. Балки иккала жамоада бир-иккита имконият бўлгандир. Умуман олганда, дуранг адолатли.
- Сўнгги учрашувларда таркибни ўзгартирдингиз. Бунга сабаб нима? Охирги пайтларда кўп футболчилар ёзда “Олимпик”ни тарк этади, деган гаплар юрибди. Балки шунинг учун уларни ўрнини босадиган ўйинчиларни туширяпсизми?
- Йўқ, бундай эмас. Ким кетади, ким қолади, буни вақт кўрсатади. Бунга қарамаяпмиз. Олдимизда Олимпиада турибди, жамоани шунга тайёрлаймиз. Таркибдаги ўзгаришлар жароҳат билан боғлиқ. Иккала дарвозабонимиз – Ҳамид ва Шукрон ҳам жароҳатда. Ўтган сафар ва бугун ҳам Еден майдонга тушди. Ёмон эмас, яхши. Имконият беряпмиз ва бундан фойдаланяпти. Тоировга келсак, ўтган сафар марказий ҳимоячимиз жароҳат олди. Бизда жароҳатдаги футболчиларимиз кўп. Тоиров эса аввал жароҳатда эди, энди сафга қайтди. Мамасидиқов ҳам таркибга қайтяпти, кейинги учрашувдан майдонга тушади. Ротация аввал жароҳат билан боғлиқ, иккинчидан ҳаммасига имконият беряпмиз.
- Бундай жароҳатлар нима билан боғлиқ?
- Ҳар хил жароҳат бор. Футбол контактли ўйин, барибир курашлар бўлади. Жиддий жароҳатлар эмас. Фақат вақт керак. Қолгани яхши формада. Қўрқмасдан ротация қиляпмиз.
- “Олимпик” мавсум охиригача шу таркиб билан ўйнайдими ёки ёзда янги ёшлар таклиф қилинадими?
- Бизда доим селекция давом этади. Ёзда айрим футболчиларни кетиш эҳтимоли бор. Мавсум бошида келишув бор эди, кетаётган жойида орқага қайтишган. Уларни ўрнига бошқаларни таклиф қилиб, ишлашда давом этамиз.
- “Андижон”даги Шерзод Эсанов қўл остингизда тўп сурган. Уни терма жамоага чақирардингиз, расмий мусобақаларда ўйнаган. Лекин охирги пайтларда термага жалб қилмаяпсиз. Айтинг-чи, Эсановни Олимпиадада қатнашиш имконияти қандай?
- Уларни ҳаммасида имконият бор, барчасини кузатяпман. Нафақат Эсанов, балки Бектемир Абдуманнонов ҳам яхши ўйнаяпти. Ҳимоячи Ислом Маматказин ҳам рўйхатда бор, уларни кузатяпмиз. Ростдан ҳам улар “Андижон”нинг ғалабаларига катта ҳисса қўшишяпти. Биласизлар, терма жамоада рақобат бор. Солиштирамиз, ким кучлилигини. Ислом Маматказинни олдин чақирганман, кўрганман. Аммо олдинги Ислом билан ҳозиргисини фарқи бор, айни пайтда анча кучайган. Кўз тегмасин, шундай давом этсин. Нафақат олимпия, балки келажакда миллий терма жамоамиз учун ҳам яхши номзод. Бектемир ва Шерзодни ҳам яхши танийман. Жамоамда тўп суришган, имкониятларини яхши биламан. Имконият бўлса, чақирамиз, кўрамиз. Лекин Олимпиада учун таркиб қисқаряпти, 18 нафар футболчи жалб қилиш керак. Камайтирган ҳолат, бош қотяпти. Улар билан гаплашиб турамиз. Кеча машғулот олдидан ҳам кўришдим. Деярли укаларим, десам ҳам бўлади. Балки мендан нимадирлар ўрганишгандир. Бу йигитларга фақат омад тилайман. Келажаги бор, уларни. Меҳнат қилишда давом этишсин. Олимпиадада ҳеч ким олдиндан аниқ ўйнайман деб айта олмайди. Кимга насиб қилса, энг кучлиларини олиб кетамиз. Бу футболчилар учун барчаси олдидан.
- Олимпиада масаласи очилди. Охирги пайтларда Ўзбекистонда туғилган ва Канадада ўйнаётган футболчини терма жамоага жалб этилиши мумкин деган миш-миш тарқалди. Шу масалага жавоб берсангиз.
- Қайсидир журналист телеграмдан шу ҳақида сўради. Тўғрисини айтсам, мен ҳам бу нарсани сизлардан эшитдим. Уни ҳеч қанақасига жалб қилмаймиз. Балки ҳозир зўр бўлиши мумкин, бироқ мен уни танимайман, билмайман. Фақат интернет тармоқлари орқали кўрдим. Зўр бўлган тақдирда ҳам уни қўша олмаймиз. Чунки 70 талик рўйхатимизда у йўқ.
Фикрлар