Тошкентдаги профессионал бокс оқшомида
Ads

 

Пойтахтимиздаги "Wyndham Tashkent" меҳмонхонасида ўтказилган катта профессионал бокс оқшоми ўз якунига етди. Бокс кечаси кутилганидан ҳам муваффақиятли тарзда бўлиб ўтди десак янглишмаган бўламиз. Чунки, ташкилотчилик юқори савияда ташкил қилинган эди. Кечани Ўзбекистон халқ артисити Юлдуз Усмонова дилтортар ашулалари билан очиб берди.


Сўнгра, боксчилар ринга кўтарилди. Биринчи жанг 79 кг вазн тоифасида андижонлик Шуҳрат Абдуллаев ҳамда яна бир Андижон вилояти вакили Шоҳрух Камолиддиновлар ўртасида бўлиб ўтди. Мазкур жангда ўз дебютини ўтказган ҳаваскорлар ўртасидаги Осиё чемпиони Шуҳрат Абдуллаев рақибини очколар эвазига мағлуб этди. Ушбу жанг 4 раунддан иборат бўлди


 

Иккинчи жангда эса, яна икки нафар андижонлик боксчилар бир бирига тўқнаш келди. Ушбу қарама-қаршилик 66.7 кг да бўлди. Муҳаммадсалим Сотволдиев ва Элдор Саидовлар жангида ҳакамларнинг қарорига кўра, дуранг қайд этилди. Ушбу жанг ҳам 4-раунддан иборат бўлди. Натижа эса, 38:38, 38:38, 38:38 кўриниш олди.


Учинчи жанг 57 кг вазн тоифасида бўлди ва бокс кечасининг том маънодаги безагига айланди десак муболаға бўлмайди. Профессионал рингда иккинчи жангини ўтказган Абдулазиз Нажмиддинов ўзининг чиройли ҳаракатлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлди. Унга Тошкент вилояти вакили Хусниддин Убайдуллаев қаршилик кўрсатди. Хусниддиннинг профидаги дебюти омадсиз якунланди. Жанг иккинчи раундда тўхтатилди. Чунки Абдулазиз ўзининг залворли зарбалари билан рақибини техник нокаутга учратган эди.


Навбатдаги бахсда эса, 55 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Равшанбек Шерматов грузиялик Жаба Мемишини 6-раундга мўлжалланган жангда муддатидан аввал нокаутга учратиб ғалаба қозонди.


 

Бокс оқшомининг бешинчи жуфтлигида анчагина тажрибага эга бўлган, ҳаваскор боксда ажойиб натижалар қайд эта олган Достон Турдиев дебютант яна бир юртдошимиз навоийлик Ислом Насруллаевни 3-раундда нокаутга учратиб, профессионал фаолиятидаги еттинчи ғалабасини қўлга киритди.


Навбатдаги жанг эса, ушбу бокс оқшомининг энг тажрибали боксчиси, профи рингда бир қатор мувваффақиятларни қўлга кирита олган "Кичик Тайсон" номи билан машҳур Олим Назаров иштирокида бўлди. У яна бир грузиялик Мишико Шубитидзени биринчи раунднинг ўзидаёқ нокаутга учратди.


Бокс кечасининг еттинчи жуфтлигида WBA Asia камари сохиби “Ўзбек Канелоси” дея эътироф этилувчи Хусниддин Пўлатов грузиялик рақиби Бадри Гогичашвилини 3-раундда нокаутга учратди ва навбатдаги ғалабасини қўлга киритди.


Ниҳоят марказий жангда профессионал боксчиларимиз орасида энг ёши дея эътироф этилаётган Равшанбек Махаммаджонов жиддий рақиб, Уганда вакили Жума Васва билан “интернационал” чемпионлик камари учун шиддатли жанг олиб борди. Рақиб ҳам анойи эмасди. Ушбу боксчи яна бир юртдошимиз Шоҳжахон Эргашев билан ҳам ўзаро тўқнаш келганлиги билан юртимиз бокс ихлосмандларига яхши таниш эди. 8 раунддан иборат бўлган мазкур жангда ёш боксчимиз очколар ҳисобига рақибини мағлубиятга учрата олди ва чемпионлик камари сохиби бўлди.