"Уфа" бош директори: Остон Ўрунов бизга керак эмас эди

"Уфа" бош директори Шамил Газизов “Sport-express” мухбири билан суҳбатда клуб "Спартак" ярим ҳимоячиси Остон Ўруновни сотиб олиш борасида музокара олиб бормаганини айтди.

“Биз жорий мавсум Остон Ўрунов номзодини кўриб чиқмадик, чунки “Уфа”да тўртта легионер ўрнини қайси футболчилар эгаллашини аввалроқ ҳал қилган эди. Остон — умидли футболчи, аммо бу мавсум биз унга муҳтож эмас эдик. Унинг “Химки”даги муваффақиятини башорат қилишга ҳали эрта. Биринчидан, у “Химки” билан шартнома имзолаши керак”, — деди Газизов “Sport-express” нашрига берган интервьюсида.

Аввалроқ Ўрунов “Химки”га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Манбага кўра, 21 ёшли ўзбекистонлик футболчи мазкур жамоага ўтиш учун маошини камайтиришга тайёр.

Қайд этилишича, “Химки” ярим ҳимоячи билан шартнома имзолаш учун футболчиларни рўйхатдан ўтказишга қўйилган тақиқ бекор қилинишини кутмоқда. Ўруновнинг “қизил-оқлар” билан шартномаси 2025 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!