"Уфа"ни легионерлар тарк этди. Остон Ўруновнинг тақдири нима бўлади?
Остон Ўрунов жорий мавсум Россиянинг "Уфа" клуби шарафини ҳимоя қилди. Жамоа Премьер-лигадан тушиб кетди. Натижада Бошқирдистон клубини легионерлар тарк этди. Бу ҳақда Sport24 хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, "Уфа" Дилан Ортиз, Филип Мрзляк, Боян Йокич, Неманья Милетич билан хайрлашган. Мрзляк ва Милетичнинг шартномаларида агар жамоа қуйи лигага тушиб кетса битимни автоматик тарзда бекор қилиш банди бор эди.
Ушбу маълумотда Остон Ўрунов ҳақида ҳеч нарса ёзилмади. Чунки у "Уфа" сафида ижара асосида тўп тепганди. Ўз навбатида ҳамюртимиз "Уфа"ни тарк этган бўлиши мумкин. “Спартак” ва “Уфа” клублари ўртасидаги келишувга кўра, бошқирдистонликларда ўзбекистонлик легионерни мавсум охирида тўлиқ ўз сафига ўтказиш ҳуқуқи бор эди. Бунинг учун “Уфа” пойтахт клубига бир миллион евро тўлаши белгиланган.
Бироқ, “Уфа” бош директори Шамиль Газизов ўзбек футболчисининг трансферини амалга ошириш учун жамоа Премьер-лигадаги жойини сақлаб қолиши шартлиги, Миллий футбол лигасига тушиб кетса, Ўрунов трансфери учун талаб қилинган маблағни жамлай олмаслигини таъкидлаганди.
Демак, Остон яқин орада "Спартак" клуби раҳбарияти билан келажаги борасида гаплашиб олиши керак. Бу орада агар пойтахтликларда унга эҳтиёж бўлмаса, бирор бир жамоага яна ижарага юборилиши мумкин.
Фикрлар