Хориждаги ҳужумчимизнинг "иштаҳаси" очилиб кетди!

Беларусь чемпионатининг савиясини узоқ-яқин хориждан келган легионерлар кўтариб туради. Бундан ташқари, ушбу мамлакат олий лигаси чет эллик футболчилар учун кучли лигаларга трамплин вазифасини ўтаб беради.

Беларусь футболида ўзини кўрсата олган кўп ўйинчилар, асосан, Россия ва Шарқий Европа мамлакатларига йўл олади.

Жорий мавсумда Беларусь олий лигасида маҳаллий ва россияликлардан ташқари, 28 та хорижий мамлакатдан келган ўйинчилар тўп тепмоқда. Хусусан, Сербия, Украина, Нигериядан беш нафардан футболчи бор. Бразилия, Кот-д'Ивуар ва Ўзбекистондан тўрттадан легионер келган. Молдова, Гвинеянинг учтадан, Черногория, Тожикистон, Грузия, Словениянинг иккитадан вакили шу ерда. Яна 15 та давлатдан бир нафардан чарм тўп устаси Беларусь чемпионатидан қўним топган.

Кейинги йилларда Беларусь клублари ўзбек футболчилари хизматига эҳтиёж сезаётгани ўзбекистонлик футбол мухлисларининг эътиборини ушбу мамлакат чемпионатига торта бошлади. Икки йил аввал Жасур Яхшибоев беларусликларга ўзбек футболи тарбиялаган ўйинчилар салоҳиятини намойиш этганди. Ўтган йили Шаҳбоз Умаров олий лиганинг энг зўр футболчилари қаторида эътироф этилди.

28adfa5e38c3794a2a5c5cc25e298

Бу йил ҳам юқори савияда ўйнаши кутилган Шаҳбознинг ҳозирча ишлари юришмай турибди. Янги бош мураббий Александр Михайлов футболчимиз у билан тортишиб қолгани учун уни майдонга яқинлаштирмасдан жазоламоқда.

Шунга қарамай, бошқа ўзбекистонлик футболчи – Бобур Абдухолиқов ўзини кўрсата бошлади. Ўтган йили ёзда “Энергетик-БГУ” сафига қўшилиб, ярим мавсумни мослашишга сарфлаган ҳамюртимиз янги чемпионатни жуда юқори даражада бошлади.

Бобур дастлабки турда “Витебск” дарвозасини икки бор ишғол қилди ва жамоасига битта голли пас узатди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан минсклик “талабалар” 3:1 ҳисобида зафар қучди. Легионеримиз биринчи тур якунига кўра, энг ҳалол ўйинчини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровномада ғолиб чиқиб, “Fair Play” соврини соҳиби бўлди.

Олий лиганинг иккинчи тури ҳам Қашқадарё футболи тарбияланувчиси учун омадли келди. Абдухолиқов бу гал “Торпедо-БелАЗ” жамоаси дарвозабонини икки бор ожиз қолдирди ва яна битта ассист муаллифи бўлди. Ҳисоб яна 3:1. Шу тариқа, Бобур Абдухолиқов жамоасининг барча олтита голида ҳам иштирок этди.

Шунингдек, мазкур учрашувларда яна икки нафар ҳамюртимиз – ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ва ярим ҳимоячи Шоҳруҳбек Абдураҳмонов тўлиқ ҳаракат қилиб, жамоасининг ғалабасига ўзига яраша ҳисса қўшди.

Иккинчи тур якунларига кўра, Бобур Абдухолиқов турнинг энг яхши футболчиси номинацияси ғолиби бўлди.

24 ёшли ҳужумчимиз дастлабки икки турда икки марта шахсий совринларга эга бўлди. Бундан ташқари, Бобур тўртта гол билан бу йилги чемпионат тўпурарлари пойгасида биринчи ўринга кўтарилиб олди.

Истеъдодли футболчимиз “Насаф” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Бобр 2015-2020 йиллар давомида қаршиликлар шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 112 та учрашувда рақиблар дарвозасини 45 маротаба ишғол қилган.

2021 йилнинг бошида Украинанинг “Рух” жамоаси билан шартнома имзолаган Абдухолиқов Львов клуби ёшлар жамоасида ўзини кўрсатганига қарамай, мураббийлар штаби унга асосий таркибда имконият бермади.

Бобур вақтини йўқотмаслик учун львовликлар билан келишувни бекор қилиб, кейинчалик Беларусга йўл олганди. Мана энди истеъдодли ҳужумчимиз салоҳиятини кўрсатган ҳолда хорижлик мутахассислар ва мухлислар эътиборини қозона бошлади.

34683_98fc1d62ccce5942f8b9c1595cbc46da

“Энергетик-БГУ” навбатдаги тур учрашувини 8 апрель куни “Слуцк” жамоасига қарши ўтказади.

Ўзбек футболчисини Европада эътироф этишди

“Рома”: Бу футболчи энди ўйнамайди! Моуриньо ким ҳақида гапирди?

“Рома” ҳужумчиси бўйича кутилмаган вазият юзага келди!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bekmurodov Baxtiyor
07/04/2022 10:39
Qora messi