Яхшибоев Украина грандларини кучайтиришга қодир!
“Пахтакор” тарбияланувчиси Жасур Яхшибоев Беларусдаги фаолияти орқали мавсумнинг ҳақиқий кашфиёти бўлди.
Легионер сифатидаги илк мавсумида истеъдодли ҳужумкор футболчимиз Беларусь олий лигасида “Энергетик-БГУ” ва “Шахтёр” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Ҳар икки клубда ҳам етакчилик ва тўпурарлик қобилиятини намойиш қилган футболчимиз жамоавий ва шахсий ютуқларга эга бўлди.
Жасурнинг энг катта ютуғи “Шахтёр” таркибида мамлакат чемпионалигини қўлга киритгани бўлди. Бундан ташқари, 16 та гол урган ҳамюртимиз тўпурарлар баҳсида иккинчи ўринни эгаллади. Чемпионат давомида 16 та гол ва олтита голли пас билан жами 22 очко жамғариб, олий лиганинг энг фойдали футболчиси номига ҳам сазовор бўлди.
Энг муҳими эса, у халқаро миқёсда футбол жамоатчилигига Жасур Яхшибоев деган истеъдодли ва истиқболли футболчи борлигини кўрсата олди.
Жасур Яхшибоевни солигорскнинг “Шахтёр”га таклиф қилган собиқ бош мураббий Юрий Вернидуб Беларусь футболи ҳақида гапирар экан, Жасур Яхшибоев тўғрисида ҳам илиқ фикрларини билдириб ўтди.
- Беларусда ишлаб, бу мамлакат футболининг савияси ошгани ва чемпионати кучайганига амин бўлдим. Кўпчилик Беларусь чемпионатига ўтганимни танқид қилиб, мени савияси паст мураббийга чиқариб қўйди. Тушунмаганим, улар менинг қай даражадаги мураббий эканимга қандай қилиб баҳо бера олгани бўлди. Аввало, қачон ва қаерда ишлашни мен ўзим ҳал қиламан. Мен оддий инсонман ва шу билан бирга мураббийман ҳам.
Мен Беларусь чемпионатини танлаб тўғри қилганман. Бу ерда чемпионлик кураши охирги турнирнинг сўнгги дақиқаларигача давом этгани фикримга далил бўла олади.
Беларусь олий лигасида Украина чемпионатининг кучли олтилигидаги жамоалар билан рақобатлаша оладиган клублар бор. Бу БАТЭ, “Шахтёр”, “Динамо” Минск, “Динамо” Брест ва “Торпедо-БелАЗ”.
Шунингдек, бу ерга хорижлик футболчилар ҳам кела бошлади. Мен оз бўлса-да, зўр футболчи билан ишлашга муваффақ бўлдим. Бу ўзбекистонлик Жасур Яхшибоев. Ишонинг, Украинада бунақа форвардлар жуда кам. Агар у Украинага келса, юқори классдаги футболчи эканини кўрсата олади. Жасур Яхшибоев Украина грандлари – “Динамо” (Киев) ва “Шахтёр” (Донецк) жамоаларини кучайтиришга қодир. Жасур олиб келинса, чемпионатнинг кашфиётига айланиши аниқ, - деди ҳозир Молодованинг “Шериф” жамоасини бошқараётган украиналик мутахассис Юрий Вернидуб.
Жасур Яхшибоев эса, чемпионлик ўйини якунланиши билан Солигорскнинг “Шахтёр” жамоасини сафини тарк этган. Футболчимиз жамоанинг тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этмади. Жасур клуб етакчиларидан бири билан келиша олмай қолгани айтилган эди.
Шундай бўлса-да, Жасур Яхшибоевга Киевнинг “Динамо”сидан таклиф бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилган. Маълумотларга қараганда, ёзда томонлар дастлабки музокараларни ўтказган, бироқ трансфер суммаси ва маош борасида келиша олмаган.
Кейинроқ, киевликлар Жасурни келаси йил ёзгача кузатиб бориши ва трансфер масаласи 2021 йилнинг ёзида ҳал этилиши ҳақида маълумотлар эълон қилинди.
Ҳозирча, трансфер ҳуқуқи ўз агентларига тегишли экани айтилаётган Жасур Яхшибоев жамоасиз юрибди. Қишки трансферлар вақтида у ўзига янги жамоа топиши кутилмоқда. Унга мамлакатимиз ва хориж клубларидан таклифлар борлиги таъмин қилинмоқда.
Фикрлар