Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган спорт мажмуасида ёзги биатлон бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказилди. Баҳсларда Республикамизнинг барча вилоятларидан биатлончилар қатнашишди. Дастлабки кунги спринт баҳсларида ўғил болалар 4 километр мaсофада, қизлар эса 3 километр масофада ғолиблик учун кураш олиб боришди. Мусобақа якунларига кўра фарғоналик Файзулло Пўлатхўжаев маррага биринчи бўлиб етиб келди. Қизлар ўртасидаги беллашувларда Самарқанд вилояти спортчиси Севара Чориевага тенг келадиган рақиб топилмади. Таъқиб пойгалари ва шахсий биринчилик учун ўтказилган баҳсларда ҳам етакчилар ўзгаргани йўқ.

Мусобақа якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти вакиллари ғолиб бўлишди. Андижон ва Қашқадарё жамоаси аъзолари мос равишда иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритишди.