Зўр янгилик: Ҳусановни “топ-5”дан 13 та клуб кузатяпти. Улар қайсилар?
Абдуқодир Ҳусанов бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчисига айланиб бормоқда. 20 ёшли ҳимоячи ном қозониш борасида Европа футболидаги энг тажрибали юлдузимиз Элдор Шомуродов, Россияда ҳамма ўзини қаратаётган Аббосбек Файзуллаев, Криштиану Роналду билан дўстлашиб олган Жалолиддин Машариповни ҳам ортда қолдириб кетди.
Бу бежиз эмас, албатта. Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” сафида Франция чемпионати ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида халқаро миқёсдаги учрашувларда жуда юқори савияда ўйнамоқда.
Айниқса, “Ланс” жамоаси қандай натижа қайд этишидан қатъи назар, Абдуқодир Ҳусанов мунтазам энг яхши ўйинчилардан бири бўлиб келяпти. Бир неча тадқиқот ва статистика марказлари легионеримизнинг Европанинг энг кучли ҳимоячилари қаторида эътироф эта бошлади.
Табиийки, ёш иқтидор эгасининг порлаётгани Европанинг энг кучли лигаларидаги клублар эътиборини ўзига тортмасдан қолмайди.
Европа матбуоти турли клубларнинг ўзбек футболчисига қизиқаётгани ҳақидаги маълумотлар кўпайиб бормоқда.
Хусусан, jeunesfooteux.com портали эксперти Лоик Жего “топ-5” лигаларидан Абдуқодир Ҳусановни нишонга олган клублар рўйхатини тузиб чиқди.
- Қишки трансфарлар даври яқинлашиб келаётгани боис, кўп клублар Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинини кузатиш учун “Ланс”нинг “Лилль”га қарши учрашувига диққат қаратди.
Бир йилдан сал ошиқроқ муддат олдин “Ланс” 100 минг еврога трансфер қилган 20 ёшли ўзбек футболчиси ҳаммани ҳайратга солишда давом этмоқда. Айниқса, бош мураббий Уилл Стилл қўл остида унинг ўйини борган сари очилиб боряпти.
Янги трансфер ойнаси очилиши олдидан Ҳусановнинг рейтинги мунтазам кўтарилиб бораётганини таъкидлаш лозим.
Турли манбалар ўзбек легионерига Англия Премьер-лигасидан “Челси”, “Ньюкасл”, “Тоттенхэм”, “Кристал Пэлас”, “Брентфорд”, “Брайтон”, “Вест Хэм”, Германия Бундеслигасидан “Лейпциг”, “Байер”, Италия А Сериясидан “Аталанта”, “Наполи”, Франциянинг ўзидан ПСЖ ва “Марсель” қизиқиш билдираётганини ва унинг ўйинларини кузатиб бораётгани ҳақида маълумотлар тарқатмоқда.
Уларнинг аксарияти “Ланс”нинг чемпионат тўққизинчи турида “Лилль” билан бўлган баҳсини кузатгани ортида аниқ режа ва мақсадлар бор, - деб ёзди jeunesfooteux.com портали эксперти Лоик Жего.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” тизимида тарбияланган. Профессионал фаолиятини Беларусь олий лигасида “Энергетик-БГУ” сафида бошлаган. “Ланс” 2023 йилнинг ёзида истеъдодли футболчини ўз таркибига қўшиб олди.
Ҳусанов Франция чемпионатидаги биринчи ва ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади. У Лига 1 ўйинларидан ташқари лансликлар сафида УЕФАнинг учала мусобақаси – Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасида ҳам иштирок этди.
Абдуқодир Ҳусанов transfermarkt.world портали томонидан 5 миллион еврога баҳоланмоқда. Бироқ Франция матбуоти “Ланс” ўзининг янги юлдузини 30 миллион евродан камига қўйиб юбормаслигини ёзяпти.
Фикрлар