Shomurodov: Ular menga har bir uchrashuvda o‘ynaysan, deyishdi!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов халқаро миқёсда 90 та учрашувда рақиблар дарвозасини 44 маротаба ишғол қилган ва бу кўрсаткич бўйича яққол етакчи ҳисобланади.
Айни пайтда 30 ёшли ҳужумчи миллий терма жамоа билан тарихий биринчи жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўрмоқда.
Туркия футболини ёритиб келаётган нуфузли манба – sporx.com сайти Элдор Шомуродовнинг Суперлигага келиши ва “Башакшеҳир”ни танлаши ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эълон қилди.
- Менга Россиядан ҳеч қандай таклиф тушмаган ва ўзим ҳам бу мамлакатга қайтиш вариантини кўриб чиқмаганман. “Бешиктош” ва “Башакшеҳир”дан, шунингдек бошқа лигалардан чорловлар бор эди.
Мен “Башакшеҳир”ни танладим, чунки олдинда жаҳон чемпионати бор ва кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни истадим. “Рома”да ҳам қолишим мумкин эди, лекин ўзим буни хоҳламадим.
Бу ерда босим камроқ. Менга ҳар бир учрашувда ўйнашимни айтишди. Бу мен учун жуда муҳим, чунки ёшим ўттизда.
Мен жуда яхши ёшлар академиясига эга бўлган клубни танладим. “Башакшеҳир” 11 йилдан бери мунтазам Еврокубокларда иштирок этиб келади. Бу жамоа миллий чемпионатда ҳам ғолиб чиққан.
Нури Шахинни келгани мени ҳайрон қолдирди. У менга ёқадиган футбол намойиш қилади. Бу менга янада кўпроқ ишонч бағишлади.
Мен “Рома”га ўтганимда худди Эдин Жекодек бўламан, деб ўйлагандим. Имкониятларим қандай экани ҳақида жуда кўп муҳокама қилганмиз. “Рома”дан бошқа жойда ўйнасам бўлмасмиди, деган савол туғилади.
“Рома” 40 миллион еврога Тэмми Абрахамни трансфер қилганидан кейин ҳаммаси бирданига ўзгариб кетди, унга ҳар бир учрашувда 90 дақиқа ўйнаш имконини беришди, - дейди Элдор Шомуродов.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов 2020 йилнинг кузида Россиянинг “Ростов” клубидан Италиянинг энг қадимий жамоаси “Женоа”га трансфер қилинган эди. А Сериядаги дебют мавсумида тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган ўзбек футболчисига бир неча клублардан қизиқиш бўлди ва Элдор “Рома”ни танлади.
Римликларнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Жозе Моуриньо “Челси”дан Тэмми Абрахам олиб келинганидан кейин Элдор Шомуродовни захирага михлади ва узоқ вақт унга имкон бермади. Орада Элдор “Специя” ва “Кальяри”да ижара асосида ўйнади.
2025 йилнинг биринчи ярмини Рим клубида ўтказган ҳамюртимизнинг Клаудио Раньери қўл остида ўйини очилиб кетди ва Шомуродов “Рома” ҳужум чизиғи етакчисига айланди. Бироқ “Рома” бош мураббийликка Жан Пьеро Гасперинини олиб келганидан кейин Элдор Шомуродов “Истанбул Башакшеҳир” клубига ўтишни маъқул кўрди.
Туркия чемпионатида ўзбек ҳужумчисининг ишлари яхши кетяпти. Шомуродов истанбулликлар клубида барча мусобақаларда 37 та ўйин ўтказиб, 17 та гол ва бешта ассист муаллифи бўлди.
Fikrlar