Грузия билан ўйин ўтказиш ташаббуси кимдан чиқди? Энди топ-жамоалар билан ўйнаймизми? - Усмон Тошев олдида турган вазифалар ҳақида

Яқинда ЎФА терма жамоалар бўлимида фаолиятини бошлаган Усмон Тошев айни пайтда қизғин иш устида.

Маълумки, ушбу ойда миллий терма жамоамиз Тбилисида Грузия билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Мутахассисга юклатилган вазифадан келиб чиқиб кейинги режалари билан қизиқдик.

- ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи сифатида ишга киришганингиз бу катта масъулият. Бу ердаги ишни нимадан бошладингиз?

- Ҳар доимгидек эътиборли бўлиш, бир-биримизга ҳурмат кўрсатиш, тартиб-интизом ва ҳар ким ўз ишини профессионал тарзда бажариши керак. Ҳеч ким бир-бирининг ишига аралашмаслиги лозим. Ҳеч қачон оператор менежерга, менежер мураббийга қараб баҳо бериши дуруст эмас. Ҳар ким ўзига юклатилган ишни қилса бўлди. Ҳамма профессионал ишлайдиган бўлса, олдинга бир қадам юрган бўламиз. Ишни тартиб-интизомдан бошладик.

- Ушбу ойда терма жамоамиз сафарда Грузияга қарши ўйнайди. Ушбу учрашувни ташкил қилиш ташуббуси кимдан чиқди: бизданми ё уларданми?

- Албатта, биздан. Биз жаҳон чемпионатининг кейинги босқичига чиқа олмадик. Ҳамма жамоаларни эса тақвим бўйича ўйинлари бор. Биз кимда бўш вақт борлигига қараб иш кўришимиз керак. Айрим пайтларда бизга таклиф билан чиқишади ёки ўзимиз таклиф билдирамиз. Бу нормал ҳолат. Доим бир-биримиз билан алоқада бўламиз. Баъзи пайтларда танишларимиздан фойдаланамиз. Мақсадимиз бўйича бош мураббийга яхши бўлган ўйинларни топишимиз керак. Бу Европа, Африка ёки Осиё жамоаси бўладими, фарқи йўқ. Асосийси, мураббийга керакли ўйин бўлиши муҳим. Футболчиларни у тайёрлайди. Тайёргарлик жараёнида қайси ва қандай ўйин кераклигини режасига қараб билади. Биз эса мураббийимизга қулай бўлиши учун яхши рақибларни топишга ҳаракат қиламиз.

тошев1_1

- Барчамиз терма жамоамизни кучлироқ рақибларга қарши ўйинлар ўтказишини хоҳлаймиз. Шундай экан, кейинги режалар биз учун қизиқ...

- Ўзингиз ҳам кучли жамоалар ҳақида гапиряпсиз. Ҳозир ҳамма жамоалар ўйнашни билади. Лекин ҳар кимни ҳар хил кучи бор. Ёки жисмоний ҳолати турлича. Масалан, қайсидир терма жамоа жисмоний юкламалар билан ёки бошқаси енгил ҳолатда ўйнайди. Биз мураббий билан келишган ҳолда ўзимиз учун керакли ўйинларни топишга интиламиз. Албатта, топ-рақибларни топиб, ўшалар билан ўйнаш орқали ўзимизни тайёрлаймиз. Бундай ўйинлар футболимизга ҳам, мураббийларга ҳам яхши. Ишқибозларга ҳам жуда маъқул бўлади. Умуман олганда, режамиз қийин эмас. Яна бир бор айтаман: ҳар ким ўз ишини қилса, футбол аслида жуда оддий. Масалан, мен ҳеч нимага қўшилмасдан фақат ўз вазифамни бажарсам ҳаммаси яхши бўлади. Биласиз, ФИФА кунлари бор. Терма жамоалар асосан мана шу ФИФА кунларида ўйинлар ўтказадилар. Мураббийнинг режасига қараб рақибларни топамиз. Қаердадир битта, яна қаердадир иккита ўйин бўлади. Сафарда ёки Ўзбекистонда ўйинлар ташкил қилинади. Бу эса бизнинг ва рақибнинг ҳолатидан келиб чиқилади. Ҳаммада ҳеч кимга керак бўлмаган пандемия бор. Кимни келиши осон ёки қийинроқ? Мана шундай масалаларни муҳокама қилиб, уйда ёки сафарда ўйнашга ҳаракат қиламиз.

тошев3_1

- Сир бўлмаса, бизга ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича таклиф билан чиқаётган терма жамоалар борми?

- Жуда кўп. Қишгача бизда фақат ноябрь ойида вақт бор. 8-16 ноябрда ФИФА кунлари бор. Бу кунлардан ташқарида жамоани йиға олмаймиз. Чунки ҳамма ўз чемпионатида ўйнайди. Шунингдек, январь ойида ҳам йиғинимиз бор. Бу хусусида мураббий билан гаплашамиз ва бир қатор режаларимиз бор. Ҳал бўлса, кейин айтишимиз мумкин. Ҳозир раҳбарлар билан яхши ўйинлар ташкил қилишга ҳаракат қиляпмиз. Насиб бўлса, барча яхши жамоалар билан ўйнаймиз.

- Шунингдек, кучли рақибларга қарши ўйинлар ўтказиш нархи ҳам қиммат бўлса керак-а?

- Ҳеч қанача қийинчилиги йўқ. Топ-жамоалар 1,5 – 2 йил олдин ФИФА кунларидаги режаларини ишлаб чиқадилар. Шунинг учун бизни улар билан ўйин ўтказишимиз осон эмас. Эндиликда биз ҳам бир йиллик режалар тузиб, ўйинларни ўтказиш бўйича ишларни олиб боряпмиз.

тошев4

- Яқинда Кения терма жамоаси бош мураббийи билан суҳбатлашганимда Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш икки томон учун ҳам фойдали бўлиши ҳақида айтганди. Буни иложи борми?

- Албатта иложи бор. Ҳамма бир-бири билан ўйнамоқчи. Футболда ҳурмат юқори даражада турибди. Лекин бошқа муаммо бор: келиб-кетиш. Виза олиш осон эмас. Қаердадир вакцина талаб қилинади. Масалан, мамлакатларда талаб қилинаётган вакциналар ҳам турлича. Пандемия муаммо бўляпти. Яқинда Хитой клуби Тошкентда Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаганди, улар ҳалигача шу ерда, хабарингиз борми? Ўз мамлакатига кира олмаяпти, Тошкентда меҳмонхонада туришибди. Уларни қонун-қоидалари мавжуд ва мамлакатига кириб-чиқишида муаммо бор экан. Мен ҳам эшитиб ҳайрон қолдим. Кўряпсизми, бу оддий нарса эмас.

- Охирги савол: “Нурафшон” Суперлигага тўғридан-тўғри чиқиш вазифасини уддалай олмади. Сиз ҳам у ерда ишладингиз. Жамоа нега бундай аҳволга тушиб қолди?

- Оддий қилиб айтганда, кўп нарсаларни ўзгартириш керак. Мен ўйлаганимдан ҳам 3-4 баробар кўп экан. Лекин ҳамма ҳаракатда, изланишда. Насиб бўлса, клуб мақсадига эришади. Бу йил бўлмаса, келаси йилга. Ҳамма жойда бўлгани каби у ерда ҳам муаммолар бор. Биринчиси ўз майдони йўқ. Суперлигага чиқмоқчи, аммо клубни майдони йўқ! Лекин раҳбарият ҳаракат қиляпти. Клубни Суперлигага чиқишга имконияти етади. У ердаги жамоа албатта Суперлигада бўлиши керак.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ulja Tojiev
06/11/2021 07:09
балтик буйи давлатлари бн уйнаш кк масалан кучлироги бн
&
Узбек легионер
06/11/2021 01:34
Режа килсак 10 йиллик
&
Узбек легионер
06/11/2021 01:33
Биз Европага интилмасдан оддийрок уша олдинги МДХ давлатлари билан олдиндан река килиб уртоклик уйинлари уюштирсак жуда яхши булар эди. Факат кимнингдир Дубайга боргиси келса ушанга караб режа тузавермасдан.....