Максим Шацких:

Ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев ҳақида жуда кўп ёзиляпти. У бунга арзийди. Ахир “Реал” дарвозасини ишғол қилар экансан, албатта сенг ҳақингда тинмай ёзилиши табиий. Айниқса, Жасурнинг Мадридда урган голидан кейин дарҳол Максим Шацкихнинг ҳам “Реал” дарвозасига киритган голлари ёдга олиняпти.

2006 йилги Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида Киевнинг “Динамо”си ўз уйида “Реал”ни қабул қилган ва унда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Ўша баҳсда Шацких дублга эришганди.

Шу тариқа, Максим “Қироллик клуби” дарвозасига гол урган илк ўзбек ўйинчисига айланганди. Яхшибоев бўлса, “Сантьяго Бернабеу”да гол урган ҳолда илк ўзбекистонлик футболчи бўлди ва тарихга кирди. Sports.uz мухбири Шацких билан Яхшибоев ҳақида гаплашди.

- Максим Александрович, “Шериф”нинг “Реал”га қарши ўйинини кўрдингизми? Молдоваликларнинг ғалабаси сиз учун сюрприз бўлдими?

- Ҳа, ўйинни албатта кўрдим. Ўйлайманки, “Шериф”нинг кимсан “Реал”дек буюк клуб устидан эришган ғалабаси ҳамма учун ёқимли сюрприз бўлди. Футболда мана шундай кутилмаган натижалар қайд этиб турилиши учун ҳам бу ўйинни ҳамма яхши кўради.

максим5

- Жасур Яхшибоев “Сантьяго Бернабеу”да гол урган илк ўзбек футболчисига айланди. Унинг ўйини ҳақида фикрингиз қандай?

- Яхши ўйнади. Боз устига жамоаси ютди. Бу зўр иш, албатта. У катта футболдаги йўлини энди бошлади. Айтиш мумкинки, Яхшибоев бу йўлни ажойиб тарзда бошлай олди.

- Сиз 2006 йили Киевда “Реал” дарвозасига иккита гол ургансиз. 15 йилдан кейин иккинчи ўзбекистонлик футболчи “Реал”га гол урди. Сиз қачондир бу натижангиз такрорланишини кутганмисиз ёки бу борада танҳо қолмоқчимидингиз?

- Албатта, ҳаммасини яхши эслайман. Аммо бу ўтмишга айланган. Жасур эса ўз тарихини бошлашга киришди. Унда ҳаммаси ҳали олдинда.

максим4

- Яхшибоев ҳақида Украинада нима дейишяпти? “Реал” дарвозасига киритган голи унинг ташриф қоғозига айланди, деб ўйлайсизми?

- Албатта гапиришяпти. Аммо ҳаммаси умумий маънода бўлиб, “Шериф” ва унинг бош мураббийи ҳақидаги гап-сўзлардир. Юқорида айтганимдек, гаплар умумий маънода, алоҳида бир ўйинчи ёки мураббий кўрсатилмаяпти. Жасурга келсак, бундан кейин шу даражада ўйнашда давом этмоғи керак.

максим6

- Жасурнинг ўйинини доимий равишда кузатяпсизми? Унинг асосий устунлиги нимада деб ўйлайсиз?

- Албатта, у яхши ўйинчи ва ҳужумдаги вазифасини ажойиб уддалаяпти. Лекин юқори даражада тўп суриш учун футболчи ҳар куни ўз устида ишламоғи даркор. Назаримда, ундан иккинчи Шацких чиқади, дейиш тўғри бўлмасди. Чунки Максим Шацких ягона (кулади).

максим2

- Сизнингча, “Реал” рақибини менсимадими ёки Яхшибоевнинг голи ҳаммасини ўзгартириб юбордими?

- “Шериф” “Сантьяго Бернабеу”да уюшқоқлик билан тўп сурди. Назаримда, “Реал” рақибини менсимагани йўқ. Лекин жамоанинг ўйини қовушмади. Футболда фалон жамоанинг куни экан, деган гаплар юради. Шунчаки, ўша кун “Реал”ники эмас экан. “Шериф”га эса қойил!

- Уни энди терма жамоадаги имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Энг асосийси, голларни киритиш. Уни қаерда ва қайси жамоа дарвозасига уришнинг эса аҳамияти йўқ. Терма жамоа масаласига келсак, Жасур Яхшибоев борасида бош мураббийдан сўраганингиз маъқул. Мен бу хусусида бир нима дейишга ожизман. Ўйлайманки, “Реал” дарвозасига урилган голдан сўнг, Жасурни албатта терма жамоага чақиришади. Терма жамоа учун мана шундай ижрочилар сув ва ҳаводек керак. Ўйлайманки, “Реал”га қарши ўйин Жасур Яхшибоев учун бундан кейин терма жамоа эшигини ланг қилиб очиб беради.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бухорий Шариф
01/10/2021 21:43
Максим Шатцких буюк футболчимиз эди. Жасурга ҳам уининг йўлини берсин Аллоҳ илоҳим
&
Ашуров Бахтийор
02/10/2021 06:41
Максим бу Максим - Жасур эса бу Жасур!!!
Ulugbek Nevajno
01/10/2021 21:15
Легионерларимиз фаолиятига кизикадиганла буса Uzbekistan Legioners телеграм каналини маслахат бераман, уйинлани силкаларигача жойланади

Минбар

Барча блоглар