“Барселона” дарвозасини ЕЧЛда “илма-тешик” қилган жамоалар

Кеча ЕЧЛ 1/8 финали дастлабки беллашувида “ПСЖ” ўз майдонида “Барселона”ни қабул қилди ва каталонияликлар устидан йирик – 4:0 ҳисобида зафар қучди. Шу муносабат билан эса бугун биз “ПСЖ” сингари ЕЧЛ тарихида “Барса” дарвозасига 4 та тўп киритишни уддалаган жамоалар билан сизларни таништирамиз.

Ечл. 1/8 финалда тўп сурувчи жамоалар тарихидаги энг яхши тўпурарлар

ЕЧЛ-1993/94. Финал

“Милан” 4–0 “Барселона”

Бу ерда Роналду ва Мессига ўрин йўқ ёхуд европанинг энг яхши дриблингчилари

ЕЧЛ баҳсларида “Барселона” дарвозасига 4 та гол киритиш илк бор “Милан”га насиб этган эди. Яна денг, финалда! Ярим финалда “Монако”ни ортда қолдириб, финал йўлланмасини қўлга киритган Фабио Капелло бошқарувидаги “россонерилар” финалда Йохан Кройфф мураббийлигидаги “Барселона”ни роса “пўстагини қоқади”. Афина шаҳри мезбонлик қилган мазкур финалнинг дастлабки бўлимида Даниеле Мацарро “дубль”га эришиб, итальянларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлимга келиб Деян Савичевич хамда Марсель Десайилар томонидан киритилган голлар ҳисобни 4:0 кўринишига келтирган эди.

Сермаҳсул ҳимоячилар

ЕЧЛ-1997/98. Гуруҳ босқичи.

“Барселона” 0–4 “Динамо Киев”

Луи ван Гаал бошқарувидаги “Барса” гуруҳ босқичига ўтиш учун ўтказилган саралаш босқичида Латвиянинг “Сконто”сини аранг ютган эди. Гуруҳ босқичида “Ньюкасл”, “ПСВ” ва “Динамо” билан бир квартетдан жой олган каталонияликлар ўтказилган 6 та ўйинда 5 очко жамғаради холос. Валерий Лобановский бошлиқ “Динамо Киев” ван Гаалнинг “Барселона”сини шунчаки “ғажиб” ташлаган эди. Киевда Ребров, Максимов ва Каливинцевларнинг голлари эвазига украиналиклар 3:0 ҳисобида зафар қучган бўлсалар, “Камп Ноу”да эса “Динамо” истаганини қилган эди – 4:0. Бу сафар Андрей Шевченко “хет-трик” қайд этган бўлса, Ребров ҳам ўз исмини таблога ёздириб қўйган эди.

ЕЧЛ-1999/00. Ярим финал.

“Валенсия” 4–1 “Барселона”

Яна ўша ван Гаал бошқарувидаги жамоа. Аммо бу сафар “Барселона” мавсумни кўтаринки рухда ўтказиб, ярим финалга қадар етиб келади. Мазкур босқичда эса Эктор Купер бошлиқ “кўршапалаклар” ван Гаал жамоасини сира аяб ўтиришмайди ва натижада ҳисоб 4:1. Дарвоқе мезбонлар дарвозасига киритилган ягона гол ҳам автогол маҳсули эканлигини айтиш ёдимдан кўтарилибди. Жавоб ўйинида каталонияликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсаларда, бу ҳисоб финал йўлланмаси учун камлик қилган эди.

Юлдузлар фабрикаси – “Cевилья”

ЕЧЛ-2004/05. 1/8 финал

“Челси” 4–2 “Барселона”

Дастлабки беллашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган Франк Райкард шогирдлари “Стемфорд Бридж”даги жавоб ўйинининг 20-дақиқасидаёқ 3:0 ҳисобида ортда бораётган эди. Аммо Роналдиньо томонидан киритилган икки голдан сўнг барчаси “Барса” учун хайрли якун топаётган эди. Токи, Жон Терри тўп киритиб ҳисобни 4:2 кўринишига келтурганига қадар. Эътиборлиси, мазкур ўйинда “дубль” қайд этган Роналдиньо унинг фаолиятидаги энг қийин ўйини сўралганида, бразилиялик футболчи айнан “Челси”га қарши ўйин деб жавоб берган эди.

“Реал” гвардиячилари. Топ-12

ЕЧЛ-2012/13. Ярим финал.

“Бавария” 4–0 “Барселона”

Бу ўйин хали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Плей-оффда “Милан” хамда “ПСЖ”ни ортда қолдириб чиққан марҳум Тито Виланова бошқарувидаги “Барса” Юпп Хайнкеснинг “Бавария”си олдида ожиз қолган эди. “Альянц-Арена”да 4:0, “Камп Ноу”да 3:0, умумий ҳисоб 7:0.

“Ҳамма ҳужумга” ёхуд бу мавсум топ-5 жамоалари орасида энг кўп гол киритган 5 та жамоа

ЕЧЛ-2016/17. 1/8 финал.

“ПСЖ” 4–0 “Барселона”

Кеча Луис Энрике жамоаси ҳар жабҳада рақибдан ортда қолди. Фақат, тўп назоратини инобатга олмаганда. Аммо ушбу кўрсаткич амалда ҳеч нарсани ҳал этмаслиги эса барчамизга аён. Энг қизиғи “блаугранаслар” 90 дақиқа давомида фақат бир бор Трапп дарвозасига аниқ зарба йўллашганидир. Бундай ҳолат ҳам айнан 2013 йилда “Бавария” билан содир бўлган эди ва ўшанда “Барселона” аянчли тарзда турнирни тарк этагн эди. Бу сафар нима бўлишини эса 8 март оқшомида билиб оламиз.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию