Эксперт: Файзуллаев Европа клубларини қизиқтириб қўйди
Россия футбол жамоатчилиги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Қатарда ўтказилган Осиё кубогидаги иштирокидан кейин мусобақада ўзини кўрсата олган Аббосбек Файзуллаевнинг Европа клубларига ўтиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Маълумки, миллий терма жамоалар иштирокидаги қитъа ва жаҳон чемпионатлари футболчилар учун кўрик вазифасини ўтайди.
Бу мусобақаларда турли клублар скаутлари ва селекционер мураббийлар ўзларига мос ўйинчиларни қидириш учун учрашувларни синчковлик билан кузатиб боради.
Қатар майдонларида Аббосбек Файзуллаев жами бешта учрашувда майдонга тушди ва рақиблар дарвозасини икки маротаба ишғол қилиб, жамоадошларига битта голли пас узатди.
Россиялик таниқли мураббий Александр Тарханов ЦСКА легионерининг қитъа чемпионатидаги ўйинларига қуйидагича баҳо берди.
- Албатта, Аббосбек Файзуллаев Осиё кубогидаги ўйинлари билан Европа клубларини қизиқтириб қўйган, қолаверса, вазият унинг агентлари назоратида.
Агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим финал ёки финалга чиққанида унга эътибор янада кучлироқ бўларди.
Мен Файзуллаевнинг Европага кетишига ҳали эрта, деб ҳисобламайман. Аббос ЦСКАга ўтган ёз келди ва дарров ўзини кўрсата бошлади.
Таъкидлаш жоизки, яхши футболчи учун янги чемпионатга мослашиш шарт эмас, у келиб, дарров ўйнаб кета олиши керак, - деди Александр Тарханов.
Қатардаги Осиё кубоги давомида бир неча футболчиларимиз турли клублар эътиборига тушди ва улар орасида янги жамоалар билан шартнома имзолаганлари ҳам бор.
Осиё кубогида футболчиларимизга сардорлик қилган Жалолиддин Машарипов Қатарга Грециянинг “Пансерраикос” жамоаси вакили сифатида келган эди. Қатардан туриб, Эроннинг “Истиқлол” жамоаси билан шартнома тузди ва бундан кейин ушбу жамоа шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.
Терма жамоамизнинг яна бир аъзоси – Умарбек Эшмуродов мусобақа давомида Малайзиянинг “Селангор” клуби билан ҳамкорлик ўрнатди.
“Рубин”дан чақиртирилган Рустамбек Ашурматовни Озарбайжоннинг энг машҳур клуби “Нефтчи” ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда.
Бундан ташқари, эркин агент мақомида юрган Остон Ўрунов ҳамда Отабек Шукуров каби терма жамоамизнинг етакчи ўйинчилари ҳам бир неча клублар билан музокара олиб бораётгани ҳақида маълумотлар бор.
Ўзбекистон терма жамоасининг энг ёрқин футболчиларидан ҳисобланган Аббосбек Файзуллаев ҳам анчадан бери хориж клублари кузатувида экани сир эмас.
Россия Премьер-лигасига кўчиб ўтганидан кейин Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер суммаси бир неча баравар ошиб, ҳозир 4 миллион еврони ташкил қилмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, Осиё кубогидаги муваффақиятли ўйини янги рейтингга ижобий таъсир кўрсатади ва ҳужумкор футболчининг трансфер суммаси яна кўтарилиши кутиляпти.
Фикрлар