Европа топ-клублари учун Марказий Осиёда футболчилар бор. Улар орасида ўзбеклар етакчи!
Марказий Осиёдан жаҳоннинг етакчи топ-клубларида ўйнай оладиган иқтидорли футболчилар етишиб чиқмоқда. Бу минтақа аста-секин жаҳон футбол харитасида ўз ўрнини мустаҳкамлаяпти.
Ўзбекистоннинг 2026 йилнинг ёзида жаҳон чемпионатида иштирок этиш халқаро футбол жамоатчилиги эътиборини Марказий Осиё футболига янада кучлироқ жалб этади.
Футбол экспертлари айни пайтда ушбу минтақанинг энг машҳур футболчилари рейтингини тузиб чиқди. “Топ-10” қуйидагича кўриниш олди.
10.Нурали Алип, 26 ёш, Қозоғистон. Россиянинг “Зенит” клубида ўйнайди
Рейтингни Санкт-Петербургнинг “Зенит” жамоасида ўйнаётган қозоғистонлик Нурали Алип очади. Нурали бу жамоа сафида ютиш мумкин бўлган барча ички совринларни қўлга киритишга улгурди. Аммо қозоғистонлик футболчи ҳақиқатан ҳам асосий таркибнинг топ-даражали ўйинчисига айлана олмади.
Умуман олганда эса, ҳозир у Россиянинг энг кучли клубларидан бирида яхши ротация ўйинчиси, шу билан бирга Қозоғистон терма жамоаси сардори ҳисобланади.
9. Рустам Ятимов, 27 ёш, Тожикистон. Россиянинг “Ростов” клубида ўйнайди
Нижний Новгородда туғилган, аммо Тожикистон шарафини ҳимоя қилаётган дарвозабон Рустам Ятимов Россия Премьер-лигаси мезонлари бўйича ўртача дарвозабон ҳисобланади. Охирги икки йил давомида у “Ростов”нинг асосий таркибида майдонга тушмоқда, шу билан бирга миллий терма жамоанинг алмаштириб бўлмас етакчиси ҳисобланади.
Ятимов Тожикистоннинг “Истиқлол” жамоасида тўрт марта мамлакат чемпиони бўлган ва уч марта Осиё Чемпионлар Лигасининг асосий босқичида иштирок этган.
8. Бахтиёр Зайнутдинов, 28 ёш, Қозоғистон. Россиянинг “Динамо Москва” клубида ўйнайди
Бир неча йил давомида Зайнутдинов Қозоғистондаги энг машҳур футболчи бўлиб келди ва босқичма-босқич “Бешиктош”гача етиб борди. Бироқ Туркиянинг топ-клубидаги фаолияти унга омад келтирмади, бунга мураббийларнинг ишончи камлиги ва доимий жароҳатлар сабаб бўлди, шунинг учун бугун у “Динамо”да ўйнамоқда. Ҳозир у Россияда ҳам ўйин вақти билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирмоқда, кўпроқ олдинги жароҳатларини даволаш билан банд.
7.Темирлан Анарбеков, 22 ёш, Қозоғистон. “Қайрат” клубида ўйнайди
Ўтган кузда Темирлан Анарбеков анча танилди. Бунга Европа Чемпионлар лигаси ва миллий терма жамоадаги ажойиб ўйинлари сабаб бўлди. У узоқ вақт давомида Чемпионлар Лигаси асосий босқичининг энг яхши уч футболчиси қаторида бўлиб турди, шу орқали ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришди.
Бугун эса, Анарбеков ҳақида деярли гапиришмайди, бу эса умуман олганда мантиқан тўғри, у “Қайрат” билан шартномасини узайтирди ва кучлироқ чемпионатга кетмади, Еврокубоклар фақат ёзнинг охирида, Миллатлар лигаси эса кузда бошланади.
6.Остон Ўрунов, 25 ёш, Ўзбекистон. Эроннинг “Персеполис” клубида ўйнайди
Аслида Остон Ўруновнинг фаолиятида кўп ўзгаришлар бўлди. У икки йил Россияда ўйнади. Бу вақт ичида “Уфа”дан Москванинг “Спартак” жамоасига ўтди, аммо охир-оқибат, у Россияда мустаҳкам ўрнаша олмади. Ватанга қайтиб “Навбаҳор”да яхши мавсум ўтказгач, Остон Эроннинг “Персеполис” клубига ўтди ва у ерда кетма-кет учинчи йил жамоа етакчиси бўлиб келмоқда. Ўрунов мунтазам равишда Ўзбекистон терма жамоасига чақирилади ва жаҳон чемпионати саралашида жиддий ёрдам берди, етти ўйинда учта гол урди.
5.Дастан Сатпаев, 17 ёш, Қозоғистон. “Қайрат” клубида ўйнайди
Сатпаев атиги 17 ёшда бўлишига қарамай, у Қозоғистондаги энг машҳур футболчи ҳисобланади. Бу кўп жиҳатдан “Челси”га трансфери билан изоҳланади. Ушбу трансфер кўплаб оммавий ахборот воситаларини қозоғистонлик иқтидорга эътибор қаратишга мажбур қилди. Дастан вояга етмасидан олдин маҳаллий чемпионатда ажойиб ўйин кўрсатган.
Объектив қараганда, у келажакда Марказий Осиёнинг энг машҳур вакилига айланиш учун барча имкониятларга эга, аммо бунинг учун “Челси” кутган умидларни оқлаши керак, чунки клуб ҳар йили кўплаб иқтидорларни ўз сафига қўшади.
4. Жалолиддин Машарипов, 32 ёш, Ўзбекистон. Эроннинг “Истиқлол” клубида ўйнайди
32 ёшли ўзбек вингери Жалолиддин Машарипов ўз ватанидa топ-футболчи ҳисобланган ва у ердан Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” клубига ўтиб, юқори босқичга кўтарилди.Жалолиддин Риёдга клубнинг бугунги асосий юлдузлари келишидан олдин борган, аммо вақт ўтиши билан Криштиану Роналдуни ҳам кутиб олди. Улар ўртасида қизиқ вазият юз берган: Машарипов еттинчи рақамда ўйнаган ва уни Роналдуга берган. Саудия Арабистонидан кейин Жалолиддин ярим йил Грецияда ўйнади ва у ердан Эронга кўчиб ўтди.
3. Аббосбек Файзуллаев, 22 ёш, Ўзбекистон. Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубида ўйнайди
Жуда узоқ вақт давомида Аббосбек Файзуллаев Марказий Осиёнинг асосий иқтидори, деб ҳисобланар эди, чунки у 19 ёшида Москванинг ЦСКА клубига ўтиб, дарҳол жамоа етакчисига айланган.
Бугун у 22 ёшда, шу билан бирга Россияни тарк этиб, Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубига 7,5 миллион евро эвазига ўтди. Бу клуб учун тарихдаги энг қиммат трансфер бўлди, аммо дастлабки вақтларда Аббосбек мослашишда қийинчиликларга дуч келди. Бугун унинг ишлари юриша бошлади, аммо у ҳали ҳам барқарорлик билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирмоқда.
2. Элдор Шомуродов, 30 ёш, Ўзбекистон. Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубида ўйнайди
Кўпчилик ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусановнинг шов-шувли трансферидан олдин унинг ватандоши Элдор Шомуродовнинг “Ростов”дан А Серияга ўтиши ҳақиқий сенсация бўлганини унутиб қўйган бўлиши мумкин. 2020 йилда “Женоа” ўзбек ҳужумчиси учун 9,5 миллион евро тўлаган, кейинги мавсумда эса уни деярли 20 миллион еврога “Рома”га трансфер қилган.
Шомуродовга Италия пойтахтида ҳақиқатан катта умидлар боғланган эди, аммо у Жозе Моуриньонинг ишончини оқлай олмаганидан сўнг, ижара асосида турли жамоаларга ўтиб юрди.
Ҳозир Элдор Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубида ўйнамоқда ва 29 учрашувда 18 та гол уриб, Суперлиганинг иккинчи энг яхши тўпурари ҳисобланади. Бу унинг бутун фаолиятидаги энг самарали мавсум ҳисобланади.
1. Абдуқодир Ҳусанов, 22 ёш, Ўзбекистон. Англиянинг “Манчестер Сити” клубида ўйнайди
Бу рейтингнинг мутлақ етакчиси – 2025 йилнинг январида мамлакат учун рекорд ҳисобланган 40 миллион евро эвазига “Манчестер Сити”га ўтган ўзбек ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановдир.
22 ёшли марказий ҳимоячи амалда Марказий Осиёдан ҳақиқий топ-клубга ўтган биринчи футболчи бўлди ва шу орқали бутун дунёнинг эътиборини ўзига ва ушбу ҳудуд ёш иқтидорларига жиддий тарзда қарата олди.
Бугун Абдуқодир ёзда жаҳон чемпионатида дебют қиладиган терма жамоанинг умиди, шунингдек, Англия Премьер-лигасининг келажак юлдузидир, чунки у аллақачон барча турнирларда “шаҳарликлар” сафида барқарор ўйнамоқда.
The Athletic: Ўзбекистон олға!
АҚШ нега айнан Ўзбекистон терма жамоасини қаттиқ текширди?
АҚШнинг ўзбек футболчиларига қилган муносабати норозиликларга сабаб бўлди!
“Сити” жамоадоши Рейндерсга гол уриш имконини бермаган Ҳусанов ўйинига муносабат қандай муносабат билдирди?
Ўзбек футболчиси Премьер-лига клуби билан музокара бошлади
Мундиалда Ўзбекистоннинг асосий муаммоси айтилди
Бунақаси Шомуродов фаолиятида биринчи марта бўлди

Фикрлар