Футболимизда келишилган ўйинлар, калтакланган ҳакамлар, Бэйлнинг ёшлигини эслатган Шомуродов - Ҳафта воқеликлари
Ассалому алайкум спортс.уз сайтининг кузатувчилари. Биз маълум сабабларга кўра, танаффус қилган “ҳафта воқеликлари” кўрсатувини давом эттирамиз. Ушбу лойиҳамизда ҳафта давомида содир бўлган энг муҳим воқеликларга тўхталиб ўтамиз. Сиз тайёр бўлсангиз, биз бошладик.
1.“Пахтакор” муддатидан аввал Суперлига ғолиблигини қўлга киритди. Шота Арвеладзе “шерлар”ни кетма-кет иккинчи бор шоҳсупага олиб чиқди.
2.“Насаф” учинчи марта кумуш медалга эга чиқмоқда. Иккинчи даврада қаршиликларга пойтахт жамоалари гол ура олмади. АГМК эса ўз тарихида илк бор совриндорга айланди.
3.Про лигада ҳал қилувчи баҳс бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилоятининг икки жамоаси “Нефтчи” ва “Турон” ўзаро беллашди. Қизиқарли ва кескин курашларга бой учрашувда яйпанликлар охирги дақиқаларга яқин урган гол эвазига Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. “Нефтчи” эса, плей-офф орқали Суперлигага чиқишга уриниб кўради. Ўйиндан кейин ҳакамларни дўппослаш барчасидан ошиб тушди. Майдонда тўп тепган футболчилар, аммо калтакни еган ҳакамлар бўлди.
4.Ўзбек футболида можаро. Келишилган ўйинларда қатнашган ҳакамлар моддий жаримага тортилди ва четлатилди. Хўш, улар кимлар ва қайси ўйинлардаги хатолар учун жазоланди?
5.Элдор Шомуродов Италия кубогида дастлабки муваффақиятли ҳаракатни амалга оширди. Ҳамюртимиз илк ассистентликни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Унинг рейдини кўрган Бэйл ёшлигини эсга олган бўлса ажаб эмас. Буни қарангки, орадан кўп ўтмай ҳужумчимиз А Сериядаги биринчи голини уришга ҳам эришди.
1.Суперлига якунланди. “Пахтакор” 23-турда майдонга тушиб, чемпионликни расмийлаштириши кутилганди. Бироқ шу куни “шерлар” ўйин ўтказмасиданоқ чемпионга айланди. “Насаф” тошкентликларнинг чемпионлигини тезлаштириб юборди. Чунки Шота Арвеладзе шогирдларининг турнир жадвалидаги энг яқин таъқибчиси айнан “аждарлар” эди.
Рўзиқул Бердиев жамоаси Жиззахда “Сўғдиёна”га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Натижада “Пахтакор” 23-турда майдонга тушмасиданоқ мавсум ғолиби бўлди. Бу жамоа учун тарихдаги 13-чемпионликдир.
"Пахтакор" 5 тадан чемпионликка эга бўлган "Нефтчи" ва "Бунёдкор"дан умумий совринлар борасида яна бир қадамга узоқлашди. Ҳозирга қадар 1992, 1998, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2012, 2014, 2015 ва 2019 йилларда "Пахтакор" Ўзбекистон чемпионатида зафар қучганди. Энди 2020 йилги мавсумда ҳам Суперлигадаги ғалаба билан тарихга кирди. Шота Арвеладзе жамоаси Суперлигада кетма-кет икки бор ғолибликни расмийлаштирди. “Шерлар” Ўзбекистон чемпионати Суперлига, деб номланганидан кейин икки бор ғолиб бўлган жамоа ҳисобланади. Суперлиганинг дастлабки чемпиони - “Локомотив”. “Темирйўлчилар” 2018 йилги мавсумда олтин медалга эга чиқишганди.
Драган Черан - Суперлига тўпурари. Кейинги ўринларда кимлар бор?
2."Насаф" Суперлига 25-турида "Бунёдкор" майдонидан ғалаба билан қайтди. Ушбу муваффақият қаршиликларни совриндорга айлантирди.
Очколари сони 52 тага етган, чемпионат тугашига бир тур қолган ва уларинг энг яқин таъқибчиси ҳисобланган АГМКда 46 очко борлиги учун Рўзиқул Бердиев шогирдлари жорий мавсумда муддатидан аввал иккинчи ўринни қўлга киритди.
Шу тариқа, "Насаф" учинчи марта кумуш медалларни қўлга киритмоқда. Бундан олдин, "аждарлар" 2011 ва 2017 йилларда ҳам иккинчи поғонани банд этганди.
Қолаверса, қаршиликлар 10 марта (2000, 2001, 2005, 2006, 2009, 2010, 2013, 2014, 2015, 2016) бронза медалларига эга чиққан.
Эътиборга молик томони шуки, чемпионатнинг иккинчи даврасида “Насаф” Тошкент клублари "Бунёдкор"ни (1:0), "Пахтакор"ни (3:0) ва "Локомотив"ни (4:0) мағлуб этди. Пойтахт жамоалари қаршиликлар дарвозасини ишғол қила олмади.
Суперлига ўтиш баҳсида кимлар ўйнайди? Ёхуд "Нефтчи"нинг рақиби аниқланди
3.Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида 1 декабрь куни Про лига 20-турининг охирги баҳси бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилоятининг икки жамоаси "Нефтчи" ҳамда "Турон" Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш учун майдонга тушди.
Беллашувда "Турон" клуби ярим ҳимоячиси Жавоҳир Соҳибов пенальтидан гол ура олмади. Аммо иккинчи бўлимнинг 81-дақиқасида "Нефтчи" ҳимоячиларидан ўтган тўпни “Турон” футболчиси Асилбек Қаюмов дарвозага киритди. Натижада яйпанликлар кичик ҳисобда ғалаба қозониб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритишди. Энди “Нефтчи” Суперлигада 13-ўринни эгаллаган жамоа билан плей-оффда беллашади.
Ушбу мағлубиятдан сўнг, “Нефтчи” клуби футболчилари ва мухлислари ҳакамларни тепиб ташлади. Учрашув охирларида “Нефтчи” вакиллари “Турон” футболчиси тўпни қўли билан ўйнади деб, пенальти белгилашни сўради. Аммо рефери ўйинни давом эттириш кераклигини кўрсатганди. Шу боис, улар калтакланди. Ушбу ҳолат юзасидан “Нефтчи” клуби вакиллари ва майдонга тушган мухлислар жазоланиши бор гап.
Фарғона вилояти ИИБ томонидан берилган сўнгги маълумотларга кўра, ушбу воқеа тафсилотлари ҳозирда тўлиқ ўрганиб чиқилмоқда. Ушбу тартибсизликда иштирок этганлар ушланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Интернетдаги телеграм ижтимоий тармоқларида тарқалган “Ҳозиргина Фарғонада якунига етган, Суперлигага йўлланма берувчи "Нефтчи” (Фарғона) 0-1 “Турон” (Яйпан) ўйинидан кейин учрашув ҳакамлари шундай тарзда майдонни тарк этишди” сарлавҳали видеолавҳада кўрсатилган ҳолатлар Фарғона вилояти ИИБ томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз.
Ҳозирда барча ҳуқуқбузарлар ушланиб, терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмокда.
Воқеага алоқадор ҳар бир иштирокчининг ҳаракатига конуний баҳо берилади, - дейилади ИИБ хабарида.
ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев мазкур ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Нефтчи" – "Турон" учрашуви ҳакамлари ўйинни эътирозларсиз бошқариб борди. Улар билан ҳозир ҳаммаси жойида. ЎзПФЛ мураккаб беллашувда ишлаган ҳакамлар бригадасига миннатдорлик билдиради.
Шунингдек, баҳсни бошидан охирига қадар стадиондан кузатиб борган, тақдирлаш маросимида иштирок этган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровга миннатдорлик билдирамиз. Ўйин фантастик руҳда ўтди ва у узоқ йиллар унутилмайдиган бўлди. Учрашувдан кейинги ҳолатлар ЎФА томонидан алоҳида ўрганилади, - деб ёзди Диёр Имомхўжаев "Telegram"даги ўзининг саҳифасида.
"Нефтчи" - "Турон" учрашувдан сўнг ҳакамни дўппослаган мухлислар қамалди, баъзи футболчиларга жиноят иши қўзғатилди (Видео)
4.ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси томонидан футбол соҳасида коррупцион ҳолатларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Инспекция томонидан ўрганишлар натижасида Ўзбекистон Суперлига ва Про Лига учрашувларида коррупцион ҳолатлар, яъни бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашган бир қатор футбол ҳакамлари аниқланди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар тарқатди.
ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси томонидан мазкур ҳолатга алоқадорликда гумон қилинган 10 нафардан ортиқ футбол ҳакамлар, профессионал футбол клубларининг мураббий ва расмий шахслари бўйича маълумотлар, тегишли футбол учрашувлари қайдномалари, инспекторларнинг футбол учрашувлари бўйича ҳисоботлари, ҳакамларнинг футбол фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги декларациялари, тегишли футбол учрашувларидаги шубҳали эпизодлар акс этилган видеоматериаллар ЎФA Этика қўмитасига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Тақдим этилган маълумотлар бўйича жорий йилнинг 17 ва 25 ноябр кунлари ЎФА Этика қўмитасининг йиғилишлари бўлиб ўтди ва тегишли тартибда қарорлар қабул қилинди.
Уларга кўра:
1.ФИФA, ОФК ҳаками Жасур Мухторов бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун 5 (беш) йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилди ҳамда 90 000 000 (тўқсон миллион) сўм жаримага тортилди.
2.ЎФА Бош ҳаками Темур Тўхтасинов бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун 2021 йилги футбол мавсумида ҳакамлик қилишдан четлатилди ва 10 000 000 (ўн миллион) сўм жаримага тортилди;
3.ЎФА Бош ҳаками Аскер Нажафалиев ҳакамларнинг футбол фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги декларациясига асосан ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси билан ҳамкорлик қилганлиги ва ОФК Ҳакамлар академиясида таҳсил олаётганлиги, таҳсил жараёнида энг яхши кўрсаткичларни қўрсатаётганлигини инобатга олиб, бироқ ЎФA интизом кодексига асосан ЎзПФЛ мусобақаларини ўтказиш билан боғлиқ реал фактларни бузиб кўрсатишга уринганлиги учун 2020 йил футбол мавсуми охиригача ҳакамлик қилишдан четлатилди ва 70 000 000 (етмиш миллион) сўм жаримага тортилди.
Шу жумладан, қўмита қарорлари билан мазкур ҳолатларга алоқадор бир нечта ёрдамчи ҳакамлар, назоратчилар, ҳамда футбол клублари масъуллари тегишли жарималарга тортилди. Аммо юқоридаги ҳакамлар ва бошқа шахслар айнан қайси ўйинлар учун жазолангани маълум қилинмаган.
Мазкур қарор ЎФА томонидан расмий тарзда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси футбол соҳасида шубҳа остига олинган вазиятлар бўйича ўрганиш ишларини давом эттирмоқда. Ноқонуний ҳолатлар аниқланган тақдирда ЎФA Этика қўмитаси тегишли тартибда кўриб чиқиб, якуний қарорларни қабул қилади.
5.Италия кубоги 4-босқичида "Женоа" сафарда "Сампдория" билан куч синашди. Беллашувда мезбонлар биринчи бўлиб ҳисобни очишди. Бироқ меҳмонлар иккинчи таймда ирода намойиш этиб, 3 бор рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов беллашувни асосий таркибда бошлаб, 85-дақиқада алмаштирилди.
Эътиборга молик томони, ҳужумчимиз "Женоа"нинг биринчи голида ассистентлик қилди. Бу унинг Италиядаги илк муваффақиятли ҳаракатига айланди. Шомуродов туфайли унинг жамоаси ҳисобни тенглаштирди. Ҳамюртимиз рейдини кўрган Бэйл бир пайтлар Испания кубоги финалида “Барселона”га урган голини ёдга олган бўлса ажаб эмас.
Шу тариқа, "Женоа" Италия кубоги нимчорак финалига йўл олди. Кейинги босқичга генуяликлар "Ювентус" билан ўйнайди. Ўзбекистонлик мухлислар узоқ кутган Роналду - Шомуродов қарама-қаршилиги 2021 йилнинг 13 январида ўтказилади.
Буни қаранг-ки, орадан кўп вақт ўтмай, Элдор Шомуродов А Серияда илк бор дарвозани ишғол қилди. “Парма” билан куч синашган “Женоа” Элдор Шомуродовнинг голи эвазига ҳисобни қисқартирди. Аммо у пайтга қадар меҳмонлар сафидаги Жервиньо дубль қайд этиб бўлганди. Шу боис ҳамюртимизнинг голи генуяликларга татимаган бўлиши мумкин. Бироқ ҳужумчимизнинг гол уришини узоқ кутган ўзбекистонлик мухлисларнинг хурсандчилиги чексиз эди. Шу тариқа Элдор А Серияда гол урган илк ўзбек футболчисига айланди.
Шу ўринда бир гап: давомли бўлсин!
Фикрлар