Ҳозир фақат Ҳусанов бор! “Сити” Осиё турнеси бўйича маълумот чиқарди
Келаси мавсум олдидан жаҳон футбол ҳамжамиятини ўзига қаратган “Манчестер Сити”жа жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Жамоани дунё миқёсидаги муваффақиятли лойиҳага айлантирган Хосеп Гвардиола клубни тарк этган. Бундан буёғига масъулият унинг шогирди Энцо Мареска зиммасига юкланади.
“Манчестер Сити”да янгиланиш, ўзгариш ва ислоҳотлар жадал давом этаётган бўлса-да, барча турнирларда бош соврин учун курашиш талаби ўз жойида қолди.
Клуб раҳбарияти янги мавсумга тайёргарликни Осиё турнеси орқали амалга оширишга қарор қилган. Мавсумолди ҳозирлик жараёни доирасида “Манчестер Сити” аввал Гонконгга боради ва у ерда Италия чемпиони “Интер”га қарши ўйнайди. Учрашув 1 август, шанба кунига белгиланган.
Шундан сўнг жамоа Жанубий Корея пойтахти Сеулга йўл олади ва 5 август, чоршанба куни К-Лига юлдузлари терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Кейин эса 9 август, якшанба куни Испаниянинг энг кучли клубларидан “Атлетико Мадрид” билан ўйин бўлади.
“Манчестер Сити” матбуот хизмати Осиё турнеси муносабати билан ушбу қитъадан келиб, “шаҳарликлар” шарафини ҳимоя қилган футболчилар ҳақида маълумот тайёрлади. Sports.uz портали ушбу материални ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.
Сунь Цзихай
Хитой тарихидаги энг буюк футболчилардан бири саналган Сунь Цзихай 2002–2008 йиллар оралиғида “Манчестер Сити”нинг асосий футболчиларидан бирига айланган. Бу ҳимоячи ўзининг тинимсиз ҳаракатлари ва катта садоқати билан машҳур эди.
2002 йил октябрида у “Бирмингем” дарвозасига бош билан гол уриб, Премьер-лигада гол урган биринчи шарқий осиёлик футболчи сифатида қайд этилди.
Цзихай Манчестердаги фаолияти давомида мухлислар меҳрини қозонди ва 2007/08 йилги мавсум якунида жамоани тарк этишидан аввал 151 та ўйин ўтказди.
Эяль Беркович
Яқин Шарқ ҳудудига кирувчи Регбе шаҳрида туғилган Беркович Кевин Киган бошчилигидаги жамоада тўп тепиб, 2001/02 йилги Биринчи дивизион чемпионлигини қўлга киритишда муҳим роль ўйнаган ижодкор ярим ҳимоячи эди.
Айниқса, унинг Али Бенарбия билан ҳамкорлиги Шон Гоатер учун жуда кўп голли вазиятлар яратишга ёрдам берган.
Беркович 2001–2003 йиллар оралиғида “Манчестер Сити” сафида 67 та ўйин ўтказиб, 9 та гол урган.
Яссер Ҳусайн
Қанот ҳужумчиси ёки ҳужумкор футболчи сифатида ҳаракат қилган Яссер Ҳусейн 2001–2011 йиллар давомида Қатар миллий терма жамоасида мунтазам ўйнаган.
Бироқ унинг “Манчестер Сити”даги фаолияти ёрқин чиқмади. У “шаҳарликлар” сафида фақат бир марта – 2005 йил сентябрида Лига кубогидаги “Донкастер Роверс”га қарши баҳсда майдонга тушишга муваффақ бўлган.
Абдуқодир Ҳусанов
2025 йил январь ойида харид қилинган ўзбекистонлик футболчи ўзининг тезлиги, жисмоний кучи ва ҳимоядаги оқилона ҳаракатлари билан дарҳол мухлислар меҳрини қозонди ҳамда “Этиҳод” стадионида узоқ ва муваффақиятли фаолият қуришга умид қилмоқда.
У дебют мавсумида чемпионат ўртасида жамоага қўшилганига қарамай, 9 та учрашувда иштирок этганди.
2025-2026 йилги мавсумда Абдуқодир Ҳусанов эндиликда клубни тарк этган бош мураббий Хосеп Гвардиола қўл остида мудофаа чизиғининг асосий фигурасига айланди. Универсал ҳимоячи сифатида ўз салоҳиятини намойиш қилган ўзбек футболчиси якунланган мавсумда асосий таркибдан муқим жой олди.
Ҳусанов жамоа билан Англия кубоги ва Англия лигаси кубогини қўлга киритиб, бу совринларга эга чиққан биринчи ўзбек футболчиси сифатида номини тарихга ёзди.
Абдуқодир Ҳусанов янги мавсумни ҳам “Манчестер Сити”да ўтказади ва Энцо Мареска бошчилик қилиаётган лойиҳада ҳам асосий ўйинчилардан бири бўлиши кутилмоқда.
22 ёшли ўзбек футболчи айни пайтда Манчестер клубида Осиёнинг ягона вакили бўлгани сабабли ушбу қитъа вакиллари ҳам айнан унга мухлислик қилмоқда.
Ўзбекистонга иккита гол урган ҳужумчининг юзига кислота сепишган!
Ҳозир фақат Ҳусанов бор! “Сити” Осиё турнеси бўйича маълумот чиқарди
Ҳусановга япон гўзаллари ошиқ бўлди!
Ҳусанов мундиалдан хушхабар олди!

Фикрлар