Ҳусанов атрофида қандай ўзгаришлар бўлади?

CHERY AUTO

2021-2024 йиллар давомида қаторасига тўрт маротаба Англия чемпионлигини қўлга киритиб, бу кўрсаткич бўйича тарихий рекорд ўрнатган “Манчестер Сити” охирги икки мавсумда жиддий ўзгаришларга қўл урмоқда.

Tecno

Хосеп Гвардиола 2024 йилнинг кузида юз берган инқироздан чиқиш йўлини таркибни янгилаш ва жамоада авлодлар алмашинувини амалга оширишда, деган хулосага келди. Таркибнинг янгиланиши 2025 йилнинг 20 январида жамоага “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусановнинг олиб келиниши билан бошланди ва кейинги икки трансферлар ойнаси даврида ҳам клуб катта харидларга маблағ ажратди.

Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ойида “шаҳарликлар” биринчи бўлиб, Англия Премьер-лигасида тўпурарлик маҳоратини намойиш қила бошлаган Антуан Семеньони ўз сафига қўшиб олишни уддалади.  Ганалик футболчи учун манчестерликлар “Борнмут”га 62,5 миллион фунт стерлинг тўлади.

Бир неча кун муқаддам Хосеп Гвардиола жамоасига Англия чемпионатининг энг кучли марказий ҳимоячиларидан бири Марк Гехи келиб қўшилди. Манчестерликлар “Кристал Пэлас” билан амалдаги шартномаси якунланишига олти ой қолган футболчини 20 миллион фунт-стерлингдан қимматроққа сотиб олди.

Премьер-лиганинг икки йирик юлдузига катта сармоя киритилганидан сўнг, мухлису мутахассисларни “Энди “Манчестер Сити”да бу ойда яна қандай ўзгаришлар бўлади?”, деган савол қизиқтира бошлади.

Таъкидлаш жоизки, охирги икки харид асосий жамоадаги долзарб муаммоларга ечим сифатида баҳоланмоқда. Семеньо ҳужум имкониятларини кучайтирса, Гехи ҳимоя чизиғини мустаҳкамлай олади. Айниқса, кўплаб жароҳатлар Пеп Гвардиола жамоаси ресурсларини жиддий синовдан ўтказаётган бир пайтда бу трансферлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айнан ҳимоя чизиғидаги кадрлар танқислиги Абдуқодир Ҳусановни захирадан яна асосий таркибга қайтарди. “Сити” марказий  ҳимоясида Ҳусанов ва “Уотфорд” ижарасидан қайтарилган Макс Аллейн тандеми вужудга келди. Бир йил давомида манчестерликлар ишончини оқлаб келаётган ўзбек ҳимоячиси мавсумнинг биринчи қисмида ўнг қанот ҳимоясидаги бўшлиқни тўлдирган бўлса, ҳозир мудофаа марказининг энг ишончли фигурасига айланди.

“Сити”даги дебютини ажойиб тарзда бошлаган Макс Аллейннинг кейинги ўйинларда тажрибасизлиги панд бера бошлади. Хусусан, Европа Чемпионлар лигаси доирасида “Будё-Глимт”дан учралган мағлубиятдаги дастлабки икки гол 20 ёшли англиялик ҳимоячи хатоси ҳосиласидир.

Энди ҳаммани қизиқтираётган савол – жамоа таркибида яна қандай ўзгариш бўлиши мумкинлигига нуфузли манбалардан ҳисобланган The Athletic нашри журналисти Сэм Ли аниқлик киритди.

Унинг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь ойидаги трансфер ойнасининг қолган кунларида “Манчестер Сити” асосий таркиб учун бошқа янги футболчиларни сотиб олиши кутилмаяпти.

Клуб яқинда амалга оширилган трансферлардан мамнун: Семеньо ва Гехи устувор мақсадлар сифатида белгиланган ва уларни эрта харид қилиш Пеп Гвардиолани анчагина босимдан холос қилиш имконини беради.

Эндиликда бор эътибор чиқиш трансферларга қаратилади. Хусусан, Гвардиола жамоасида асосий таркибдаги ўрнини сақлаб қола олмаган Оскар Бобб Европанинг қатор клублари нишонига тушган. Сўнгги хабарларга қараганда, “Фулхэм” ҳужум чизиғини айнан шу ўйинчи билан кучайтириш учун 35 миллион фунт таклиф қилди.

Шунингдек, Дортмунднинг “Боруссия” клуби ҳам ёш футболчини ўз таркибига қўшиб олиш учун унинг атрофидаги вазиятни кузатмоқда ва трансфер имкониятларини ўрганяпти.

Бундан ташқари, “Пари Сен-Жермен”дан тажрибали дарвозабон Жанлуижи Доннарумма келганидан кейин асосий таркибдаги жойини йўқотган Жеймс Траффорд ва ўтган мавсумдан бери бирорта учрашувда дарвозани қўриқлаш имконияти берилмаган Штефан Ортегага бошқа клублардан чорловлар бор. Табиийки, “шаҳарликлар” бирданига икки посбонни қўйиб юбормайди.

Манбаларнинг таъкидлашича, клуб 33 ёшли немис голкипери билан хайрлашиб, Траффордни ҳеч бўлмаса ёзгача олиб қолади.

Шунингдек, аввалига Натан Акенинг кетишига рухсат берган “Манчестер Сити” раҳбарияти Жон Стоунз, Рубеш Диаш ва Йошко Гвардиолнинг жароҳатидан кейин нидерландиялик ҳимоячига ҳам чиқиш эшикларини ёпди.

Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “Манчестер Сити”да буёғига катта ўзгариш бўлмайди. Биз учун аҳамиятлиси эса, Абдуқодир Ҳусановнинг жамоада юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб, асосий таркибнинг муҳим ўйинчисига айланиб олишидир.

Ҳусанов ўйнаган учрашув Норвегия тарихига ёзилди

Бир кун келиб, биз ҳам худди Ўзбекистондек “учамиз”!
Бразилиялик юлдуз Шомуродовга “ҳужум”га ўтди
Ҳусановнинг тарафдорлари кўпайиб кетди

Экспертлар Ҳусановнинг дербидаги ўйинига қандай хулоса берди?

Нури Шахин яна гол урган Шомуродов ҳақида нималар деди?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!