Ҳусанов гранд клублар “ўлжаси”га айланяпти!
2023 йилнинг ёзида Беларусь олий лигаси вакили “Энергетик-БГУ”дан Европанинг “топ-5” лигалари қаторига кирувчи Франция чемпионатига кўчиб ўтган Абдуқодир Ҳусанов бир йилдан кейин ном қозона бошлади.
Янги мавсум бошидан “Ланс” асосий таркибида ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлган 20 ёшли марказий ҳимоячимиз бундан унумли фойдаланиб қолди.
Франция чемпионатидаги ишончли ва шиддатли ўйинлари, “Ланс” ҳимоясини маҳорат билан бошқараётгани, яккакурашларда енгилмаслиги, майдонни кўра олиш қобилияти, хотиржамлиги ва жисмоний куч-қуввати билан Европадаги мухлису мутахассислар эътиборини қозонди.
Кейинги пайтда Франция матбуотида ўзбек футболчиси ҳақида тарқатилаётган маълумотлар кўпайиб бормоқда. Кўпчилик юқори салоҳиятга эга бўлган легионеримиз тез орада гранд клублардан таклиф олишини кутяпти. Францияда Ҳусановга мамлакатнинг энг қудратли клуби ПСЖ эътибор қаратгани ҳақида хабарлар чиқди.
Хусусан, Франция футболини ёритиб келаётган le11hdf.fr портали экспертлари ҳам Абдуқодир Ҳусанов Европанинг катта клублари нишонига айланишига ишонч билдиряпти.
Sports.uz портали мазкур манба эксперти Ромен Пешоннинг ўзбек футболчиси фаолиятига доир таҳлилларини ҳавола этади.
- Абдуқодир ҳусанов жорий мавсум бошидан мухлисларни ҳайратга солаётган бўлса, “Ланс” клуби ичида жамоадошларининг ҳурмат-эътиборини қозонганиганига анча бўлган. Жумладан, жамоа етакчиларидан Анжело Фульджини ўзбек футболчиси ҳақида гап кетганида ёш жамоадошини доим мақтаб келади.
Омад кутилмаганда кулиб боқади, деганларидан Кевин Дансонинг “Рома”га трансфери амалга ошмаганига сабаб бўлган саломатлиги билан боғлиқ муаммонинг келиб чиқиши Абдуқодир Ҳусановнинг кашф этилишига туртки бўлди.
20 ёшли ўзбек футболчиси майдонда Кевин Дансонинг ҳимоя марказидаги ўрнини эгаллаб, ўзининг мукаммал ўйини билан ҳаммани ҳайратга сола бошлади.
Абдуқодир Ҳусановнинг жамоадоши Анжело Фульджини билан суҳбатда бу ўйинчи ўзбек легионери ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
“Ҳусанов ёш бўлишига қарамай, анча мукаммал ўйин намойиш қилмоқда ва ҳар қандай ҳолатда хотиржамлиги билан одамларни ҳайратга соляпти. У барқарор, бақувват, яккакурашларда янгилмайдиган, ҳужумни яхши бошлаб берадиган ўйинчи.
Абдуқодир ўзи учун дебют ҳисобланган ўтган мавсумда ҳам жуда яхши ўйнаган. Ўйин амалиёти ошгани сари биз учун унинг янги қирралари намоён бўлмоқда. Унинг келажаги порлоқ. Ҳаммамиз Ҳусановнинг “Ланс”да узоқ муддат ўйнашини истаймиз. Мен унинг юксалиб бораётганини кўряпман ва ўзбек легионерида Европанинг гранд клубларига ўтиш салоҳияти жуда юқори. Чунки у жуда зўр футболчи”.
Ана шулардан келиб чиқиб, Абдуқодир Ҳусановнинг катта клубларга кетиш эҳтимоли юқори. Лекин “Ланс” жамоага сезиларли даражада фойда келтираётган ўйинчиси билан узоқ ҳамкорлик қилишни режалаштиряпти. Кўрамиз, ёрқин ўйинлари билан гранд клубларнинг “ўлжаси”га айланиб бораётган Ҳусановнинг фаолияти қандай ривожланаркин, - деб ёзди Ромен Пешон.
Абдуқодир Ҳусанов профессионал фаолияти давомида “Энергетик-БГУ”да 37 та учрашувда иштирок этиб, ҳимоядаги вазифаларини мукаммал уддалашдан ташқари, ўз ҳисобига тўрттадан гол ва ассист ёздириб қўйган.
“Ланс” таркибида эса, ҳозирча 24 та учрашувда қатнашди. Легионеримиз бу баҳсларнинг аксариятида бошланғич таркибга киритилиб, илк дақиқалардан ўйнаган.
Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиши “кафолатланди”
Ҳусановда ўзгариш бўлиши кутиляпти
Фикрлар