
Ҳусанов жаҳон даражасидаги зўр ҳужумчини “синдирди”!
Буюк Британия футбол жамоатчилиги Англиянинг амалдаги чемпиони – “Манчестер Сити”нинг қишки трансферларини муҳокама қилишда давом этмоқда.
Хусусан, клубнинг расмий сайти – mancity.com “Matchday Live” лойиҳаси орқали машҳур экспертлар Сэм Эллардайс ва Энди Моррисоннинг “Ньюкасл” билан бўлган ғалабали учрашувдаги Абдуқодир Ҳусанов, Умар Мармуш ва Нико Гонсалеснинг жамоа ўйини ва натижаларига қандай таъсир ўтказаётгани ҳақидаги таҳлиллари натижалари тарқатди.
Sports.uz портали таниқли мутахассисларнинг хулосаларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
Сэм Эллардайс Умар Мармуш ҳақида:
Январь ойида келган футболчининг дарров жамоага киришиб кетиши ва битта учрашувга бу даражада таъсир ўтказганига ҳозиргача кимдир гувоҳ бўлган, деб ўйламайман.
Мен мураббийлик қилган даврда жамоамга келган аксарият ўйинчилар Премьер-лига темпига, жисмоний талабларга мослашиб олишга бор кучлари билан ҳаракат қиларди, бироқ улар бош мураббийга ўз сифатларини намойиш қилишлари учун камида кейинги мавсумгача вақт зарур бўларди.
Шунинг учун ҳам бу ишларни тез бажариш, катта истеъдодини дарров кўрсата олиш ва ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиш – жуда катта гап. Умар Мармуш жамоага келган чоғидаёқ Эрлинг Холанд билан мустаҳкам алоқа ўрана олди.
“Ньюкасл” дарвозасига 33 дақиқада урилган учта гол, бу йигитнинг келажаги учун ҳам жуда фойдали бўлади.
Энди Моррисон Абдуқодир Ҳусанов ҳақида:
“Ньюкасл” билан бўлган баҳсда Жон Стоунз билан ҳимоя марказидан жой олган ва юқори спорт формасида бўлган рақиб ҳужумчиси Александер Исаакнинг ҳаракатларини тўлиқ назорат қилган Абдуқодир Ҳусанов ҳаммани ҳайратга солди.
Рақиб футболчилари ундан қочиб қутила олмади.
Биз Сэм Эллардайс билан бирга ўзбек футболчисининг катта тезликда 40 ярд масофадан ортга қайтгани, Исаакка етиб олгани ва унга ўйин бермаганини кўриб, бир-биримизга қараб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдик.
Абдуқодир катта жамоага ва Исаак сингари жаҳоннинг энг зўр ҳужумчиларидан бирига қарши жуда ишончли ўйнаб, ўзининг юқори даражасига қайтаётганини кўрсатди.
Ҳусановнинг кейин учрашувлардаги ўйини дебют ўйинининг стартидаги омадсиз вазиятларга фантастик жавоб бўлди. Аксарият ҳолларда бунақа дебют ўйинчиларнинг ўзига бўлган ишончини синдириб қўяди.
Ҳусановнинг фаолиятида бир “портлаш” бўлди, лекин у бу қийинчиликларни енгиб ўта олди. Абдуқодир учун хурсандмиз.
Сэм Эллердайс Нико Гонсалес ҳақида:
Нико Гонсалес майдон марказидан жой олди ва бутун ярим ҳимояни юқори даражада бошқарди. Унинг ўйинга қўшаётган ҳиссаси, ўйинни ўқий олиш қобилияти, тўпни эгаллаб олиши жуда ёрқин чиқди ва ҳамманинг эътиборини қозонди.
Ишонинг, Премьер-лигага келиши билан юқори даражада ўйнаб келиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас.
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Сити” қишки трансферлар қайтида тўртта трансфер учун 200 миллион евродан ортиқ пул сарфлади. Хусусан, “шаҳарликлар” январда “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусановни 40 миллион, “Порту”дан Нико Гонсалесни 60 миллион, “Айтрахт”дан Умар Мармушни 75 миллион, “Палмейрас”дан Витор Рейсни 37 миллион еврога трансфер қилди.
Фикрлар