Ҳусанов “монстр”, мен ундан қўрқаман!
Францияда Абдуқодир Ҳусанов ишончли ўйинлари билан футбол жамоатчилиги эътиборини қозонди. Деярли ҳар бир учрашувда “Ланс”нинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилаётган легионеримиз кейинги пайтда жуда кўп муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, Лига 1 доирасида “Ницца”га қарши ўтказилган баҳсда ҳам Абдуқодир Ҳусанов жамоаси ҳимоя чизиғини зўр бошқарди, рақиб ҳужумчиларига умуман имкон бермади ва “Ланс”нинг энг яхши ўйинчиси бўлди.
“Ланс” асосий ҳимоячи Кевин Дансосиз ҳам орқа чизиқда жуда тартиб ўйнаяпти. Лансликлар чемпионатнинг олтита ўйинида атиги иккита тўп ўтказиб юборди. Бу Лига 1 да энг яхши натижа. Бунга эришиш учун Абдуқодир Ҳусанов жуда катта миқёсдаги ишларни амалга оширишига тўғри келмоқда.
Sports.uz портали Франция матбуотида Абдуқодир Ҳусанов ҳақида “Ланс” вакиллари билдирган фикрларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
“Ланс”да Кевин Дансо ўрнини ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ёш футболчи эгаллади. Австриялик тажрибали ўйинчи йўқлигидан фойдаланиб, ўзбек легионери ҳимоя чизиғида ўз қоидаларини ўрнатди ва рақиб ҳужумчиларини ҳам унга бўйсундирмоқда.
“Ницца” билан ўйиндан кейин “Ланс” бош мураббийи Уилл Стилл Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинига “У ҳайратга соляпти”, деб баҳо берди.
- Абдуқодир хотиржам, бақувват ва жуда тезкор. Кам гапиради, лекин зўр ишлайди. Бошида мени унинг куч-қуввати, жисмоний ҳолати қойил қолдирганди. Мен клубга келиб, Кевин Дансонинг кетишини билганимда Жан-Луи Лека менга “Хавотир олма, жамоада Абдуқодир бор ва у тайёр”, деганди. У ҳайратланарли даражада салоҳиятга эга, - деди Уилл Стилл.
- Ҳусанов ҳали худа ёш, у фаолиятида илк бор юқори даражадаги ўйинларда мунтазам иштирок эта бошлади. Унинг ўйинларидан ҳайратга тушмай қўйдик. Чунки машғулотларда нималарга қодирлигини кўравериб, кўникиб қолдик.
Мен ҳафта давомида у билан курашаман. Тўғрисини айтсам, кейинги пайтда машғулотларда Ҳусанов билан бўладиган дуэллардан қочиб юрибман. Ҳар қандай ҳужумчи учун 90 дақиқа давомида у билан курашиши анча қийин кечади. Ҳусанов биз учун муҳим ўйинчига айланиб қолди, - деди “Ланс” футболчиси Адриен Томассон.
- Ҳусанов “монстр”, уни “Ницца”га қарши қандай ўйнаганини кўрдингизми?... Мен ундан қўрқиб қолдим. Унинг ёшида бунақа ўйнаши одамни ҳайратга солади. Бунақа ўйини билан биз уни узоқ вақт ушлаб қололмасак керак, - деди “Ланс”га сардорлик қилаётган дарвозабон Брис Самба.
Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг ёзидан бери “Ланс” жамоасида ўйнаб келмоқда. Ўтган мавсумда асосан захира футболчиси вазифасини бажарган легионеримиз айни пайтда бошланғич таркибдан муқим жой олди.
Янги мавсумда ҳамюртимиз Конференциялар лигасида иккита ва Франция чемпионатида олтита ўйинда иштирок этди. 20 ёшли футболчимиз бу учрашувларнинг бир нечтасида жамоасининг энг яхши ўйинчиси, деб эътироф этилди.
Ҳусановнинг “Ланс” билан шартномаси 2027 йилнинг ярмигача тузилган. Айни пайтда унинг трансфер суммаси 2,5 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Ҳусанов рақибни “бўғиб” қўйди! Легионеримизнинг ўйини қандай баҳоланди?
Фикрлар