Жалолов эҳтиёт бўл. Рақибинг Майк Тайсонни қулатган боксчини “ер тишлатган”!

  • 2 апрель, 2021, 07:00
  • 0
  • Бокс

3 апрель куни Тошкентдаги “Ҳумо” аренасида ташкил этиладиган профессионал бокс кечасида мухлислар интизорлик билан кутаётган жанглардан бирида ўта оғир вазн тоифаси юлдузига айланиб бораётган Баҳодир Жалолов рингга чиқади.

Ҳаваскор боксчилар ўртасида бугун бутун дунёда Баҳодирга тенг келадиган боксчини топиш жуда мушкул. Икки карра Осиё чемпиони, жаҳон чемпиони ва вице-чемпиони бўлган ҳамюртимизнинг маҳорати тобора очилиб бормоқда.

1554955919_720_460_80_2191094295

Ҳаваскорлар ўртасида амалдаги жаҳон чемпиони ўз олдига иккита катта мақсадни қўйган. Биринчиси, бу йил бўладиган Олимпия ўйинларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиш, иккинчиси эса, профессионал боксда ҳам жаҳон чемпиони бўлиш.

Баҳодир Жалолов профессионал рингдаги еттита жангининг барчасида рақибларини нокаутга учратган. Ҳаваскор боксдаги ҳар қандай мусобақада ҳам тўрт йилдан бери унга тенг келадиган боксчи кўринмаяпти.

Баҳодир Тошкентдаги бокс кечасида Латвия вакили Кристапс Зутисга қарши рингга чиқади.

Латвиялик чарм қўлқоп устасининг жанглар рекорди бироз ғалати. Бу боксчи профессионал рингдаги биринчи жангидаёқ нокаутга учраган ва кейинги иккитасида дуранг қайд этилган. Қизиғи, кучлар тенг келган айнан мана шу иккита учрашув охиригача давом этган холос.

Кетма-кет учта жангдаги муваффақиятсизликдан сўнг, Зутис кетма-кет еттита тўқнашувда барча рақибларини биринчи раунддаёқ рингга қулатган. Улардан ҳеч бири дастлабки раунднинг охиригача туриб беролмаган.

Айниқса, Зутис икки йил аввалги жангда ўз даврида Майк Тайсонни нокаутга учратган Дэнни Уильямсни ҳам таъзирини берганидан кейин машҳурлашиб кетди. Тайсондан ташқари, Виталий Кличко, Олег Маскаев, Денис Бахтов, Мануэль Чарр, Дерек Чисора, Мэтт Скелтон, Одлей Харрисон, Синан Шамил Сам, Кели Михан каби машҳур боксчилар билан жанг қилган Дэнни Уильямс Жалоловнинг бу галги рақибига қарши 30 сония ҳам “туриб” беролмади ва 23-сонияда чуқур нокаутга учради.

12492505

Шу куни ҳаваскорлар боксида ижобий натижаларни қайд этиб келаётган икки боксчимиз – Иқболжон Холдоров ва Миразиз Мирзахалилов профессионал риндаги дебют жангларини тажрибали рақибларига қарши ўтказади.

Осиё ўйинлари ва қитъа чемпионати ғолиби, жаҳон вице-чемпиони Иқбол Холдоров илк жангида танзаниялик Кулва Бушири билан куч синашади. Африкалик чарм қўлқоп устаси шу кунга қадар 13 та ғалаба, бешта мағлубият ва битта дуранг қайд этган.

Осиё ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, чемпион бўлган Миразиз Мирзахалилов ҳам профессионал рингдаги биринчи жангини Танзания вакили Таша Мужиажига қарши ўтказади. Бу боксчи фаолияти давоми 17 та жангда ғалаба нашидасини сурган ва етти марта мағлуб бўлган. Иккита жангида дуранг қайд этган.

Мадримов – Каломбо: Нокаут қироллари тўқнашуви!

Суперюлдузларимиз, камарга кўз тиккан нокаутчилардан эҳтиёт бўлинг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!