“Кальяри”да катта йўқотишлар. Раньери Шомуродовни интизорлик билан кутяпти!
ФИФА кунлари муносабати билан миллий лигаларда эълон қилинган қисқа муддатли танаффус якунланди. Ўз мамлакатлари терма жамоаларига таклиф қилинган футболчилар секин-аста ўз клубларига қайтмоқда.
А Серия дебютанти “Кальяри” 13-турда ўз майдонида “Монца”ни қабул қилади. Клаудио Раньери жамоасини хавфли ҳудуддан олиб чиқишга уриняпти ва бўлажак учрашувда сардинияликлар фақат ғалаба учун тўп тепади.
“Кальяри”дан терма жамоаларга чақиртирилган футболчиларнинг кўплиги мураббийлар штабига жамоани муҳим ўйинга тайёрлашда анча панд берди. Гранд клублардан фарқли ўлароқ, Раньери қўл остида юқори савияли ўйинчилар сони анча чегараланган.
“Монца”га қарши бўладиган баҳс олдидан сардинияликлар уч нафар асосий ўйинчилари хизматидан фойдалана олмайди. Уругвай терма жамоаси аъзоси Найтан Нандес ва Италия ёшлар терма жамоаси вакили Алессандро Ди Пардо жароҳати туфайли жамоасига ёрдам беролмаслиги аниқ бўлиб улгурди.
Шунингдек, Гаэтано Ористанио ҳам шикастланган ва умумий гуруҳ машғулотларида қатнашмасдан, ўзи алоҳида шуғулланди. Мутахассислар “Интер”га тегишли ўйинчи захирага киритилиши мумкинлигини таъкидлаяпти.
Маълумотларга қараганда, терма жамоага кетган ўйинчиларнинг аксарияти, хусусан, Антуан Макумбу, Адам Оберт, Пантелис Хацидиакос, Матеуш Витеска ва Маттео Прати “Кальяри” ихтиёрига қайтган.
Бироқ, тажрибали ҳужумчилардан уч нафари – Зито Лувумбо, Жанлука Лападула ва Элдор Шомуродов Италиядан жуда олислаб кетгани учун энг кеч қайтади.
- Жанлука Лападула ўйнаган Перу терма жамоаси Боливиядан мағлубиятга учради ва Венесуэла билан дуранг қайд этди. Клаудио Раньерида узоқ масофа босиб келадиган 33 ёшли ҳужумчининг жисмоний ҳолатини баҳолаши учун шанба куни бўладиган якуний машғулот бор холос, - деб ёзмоқда италиялик журналист Паола Паскалис.
Сардинияга охири етиб борадиган ўйинчи Элдор Шомуродов ҳисобланади. Легионеримиз ҳам фақатгина шанба куни бўладиган машғулотда қатнаша олади. Мутахассислар Элдор спорт формасини тиклаб олганини эътироф этмоқда.
28 ёшли ҳужумчи 2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш турнирида Туркманистон ва Эронга қарши баҳсларни жуда яхши ўтказди. Икки ўйинда Элдор битта гол ва учта ассист қайд этди. Терма жамоамизнинг бешта голида иштирок этди.
Албатта, Шомуродовнинг натижаларини мураббийлар штаби вакиллари Клаудио Раньерига етказган. Қолаверса, Элдор терма жамоага қўшилишдан олдин А Серияда “Ювентус” билан бўлган учрашувда ҳам жуда фаол ўйнаган эди.
- Бош мураббий Клаудио Раньери барча ўйинчилар келишини интизорлик билан кутяпти. Ўз мамлакати олдидаги бурчини бажариш учун кетганлар орасида Элдор Шомуродов ҳам бор. Ўзбек футболчиси Туркманистон ва Эрон терма жамоаларига қарши ўтказилган учрашувларда спорт формасини тиклаб олганини намойиш қилди, - деб ёзди www.cagliarinews24.com сайти журналисти Лоренцо Ширру.
“Кальяри” ва “Монца” ўртасидаги учрашув 26 ноябрь куни Тошкент вақти билан 16:30 да бошланади.
Фикрлар