Легионеримиз жамоасига ёрдам беролмайди, устози эса клубни тарк этади!
БАТЭнинг икки тўпурари – Шаҳбоз Умаров ва Павел Нихайчик жамоасининг “Нёман”га қарши ўйинида қатнаша олмаслиги аниқ бўлди. Беларусь олий лигасининг 27-туридан ўрин олган бу баҳс 22 октябрь куни “Нёман” майдонида ўтказилади.
Маълумотларга қараганда, Нихайчик тиззасидан жароҳат олган бўлса, ўзбекистонлик легионер аввалги турда “Славия”га қарши учрашувда огоҳлантириш олгани боис, карточкалари сони тўрттага етди. Регламентга кўра, Шаҳбоз битта учрашувни ўтказиб юборишга мажбур.
Шунингдек, борисовликлар таркибида Павел Нихайчикдан ташқари Станислав Драгун, Николай Сигневич, Максим Володько, Виллум Виллумссон ва Неманя Милич каби асосий таркиб ўйинчиларида ҳам жароҳат борлиги айтилмоқда.
Шаҳбоз Умаров ва Павел Нихайчик рақиблар дарвозасига олтитадан тўп киритиб, БАТЭ таркибида энг кўп гол урган футболчилар бўлиб турибди. Бундан ташқари, ҳамюртимиз ҳисобида еттита голли пас ҳам бор.
Умуман олганда, ўтган йили “Энергетик-БГУ”да 30 та учрашувда тўртта гол ва учта голли пас муаллифи бўлган ҳамюртимиз кучлироқ жамоа сафида статистик натижаларини ҳам яхшилаб олганига гувоҳ бўляпмиз. Шаҳбоз Умаров БАТЭ сафида “Слуцк”, “Гомель”, “Спутник”, “Славия” ва “Шахтёр” дарвозаларини ишғол қилган. Борисовликлар легионеримиз гол урган учрашувларнинг бирортасида очко йўқотмаган. Умаровнинг голлари жамоасига фақат ғалаба келтиргани билан аҳамиятли.
Энг муҳими эса, Шаҳбоз Умаров Беларусь чемпионатидаги ёрқин ўйини туфайли словениялик мутахассис Сречко Катанеч томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилинди ва яқинда Малайзия ҳамда Иордания терма жамоаларига қарши ўтказилган халқаро ўртоқлик учрашувиларида иштирок этди.
БАТЭ клубига тегишли яна бир эътиборга молик хабар шундан иборатки, клуб раҳбарияти миллий чемпионатда жамоа иккинчи ўринда бораётганига қарамай, жорий йил охирида бош мураббий Виталий Жуковскийни ишдан бўшатадиган бўлди. Қарийб бир йил муқаддам жамоани қабул қилиб олган мутахассис қўл остида борисовликлар асосий рақобатчи – “Шахтёр”га етарли қаршилик кўрсатолмади.
Жуковскийнинг ишдан олинишига бир неча сабаб келтирилмоқда:
Ўтган йили сўнгги турнинг охириги дақиқаларида чемпионликни “Шахтёр”га бой берган БАТЭ бу йил олтин медаль учун курашдан анча эрта чиқди. Борисовриклар чемпионат якунланишига тўрт тур қолганда солигорскликлардан етти очкога ортда қоляпти. Рақиб захирасида эса яна иккита учрашув бор.
БАТЭ Конференциялар лигаси саралашидан ўтолмади. Грузияда “Динамо”ни кичик ҳисобда мағлуб этиб келган борисовликлар жавоб учрашувида ҳам биринчи бўлиб гол урди. Бироқ, иккинчи бўлимда батумиликлар мезбонлар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилиб, БАТЭни мусобақадан чиқариб юборди.
Борисовликлар йил бошида “Шахтёр” билан Беларусь Суперкубоги учун куч синашди. Жуковский учун борисовликлар бошқарувидаги илк беллашув асосий рақобатчига Суперкубокни топшириб билан якунланди.
Фикрлар