Легионеримиз янги жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшди
Қозоғистон Премьер-лигасининг янги мавсумида ўзбекистонлик футбол ишқибозлари “Қайрат” клубига ҳам мухлислик қилади.
Чунки бу клуб ўз сафига ўзбекистонлик ҳимоячи Иброҳимхалил Йўлдошевни қўшиб олди.
Айни пайта алматиликлар мавсумга тайёргарликни бошлаб юборди. Жамоа ўқув-машғулот йиғини ўз қароргоҳида ўтказмоқда.
“Қайрат” бир кунда иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. Қирғизистоннинг “Дордой” клуби вакиллари билан бўлган баҳсда 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этилди.
Иккинчи учрашувда алматиликлар “Хан-Тегри” жамоаси билан куч синашди. Мана шу баҳсда Иброҳимхалил Йўлдошев янги жамоасидаги илк учрашувини ўтказди. “Қайрат” тўлиқ устунлик қилган беллашувда Артур Шушеначевнинг дубли алматиликларга 2024 йилдаги биринчи ғалабани келтирди.
Ҳамюртимиз Иброҳимхалил Йўлдошев тўлиқ ҳаракат қилиб, жамоасининг муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшди.
Янги мавсумда чемпионлик учун курашиши кутилаётган “Қайрат” ўзбек футболчисини Россия Премьер-лигаси иштирокчиси “Нижний Новгород”дан кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олди.
22 ёшли чап қанот ҳимоячиси аслида “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўзбекистондан “шерлар”дан ташқари ижара асосида “Бунёдкор” жамоасида ҳам ўйнаган.
Йўлдошев легионер мақомини анча ёш вақтида олди. Истеъдодли ҳимоячи 2021 йилнинг августида Россия Премьер-лигасига кўчиб ўтди. Футболчимизни ўз таркибига қўшиб олиш учун “Нижний Новгород” жамоаси “пахтакор”га 250 минг евро тўлагани қайд этилган.
Иброҳимхалилнинг легионер сифатидаги фаолияти анча омадли бошланди. Премьер-лигадаги дастлабки мавсумида 19 та учрашувда қатнашиб, Москванинг “Спартак” жамоаси дарвозасини ишғол қилишга ҳам муваффақ бўлди.
Асосий таркибнинг муқим ўйинчисига айланган Юлдошев кейинги мавсумда 27 маротаба майдонга тушди. У ҳимоядаги ўз вазифасини уддалашдан ташқари, жамоа ҳужум чизиғига ёрдам бериб, “Сочи” ва “Урал” дарвозаларини ишғол қилди.
Премьер-лигада яхши ўйнай бошлаган ҳамюртимизга айрим жамоалардан қизиқиш бўлди. Хусусан, Россия матбуоти ўзбе футболчига “Спартак” эътибор қаратганини ёзганди. Лекин иш расмий таклифгача етиб бормади.
Жорий мавсумдан Иброҳимхалилнинг ўйинида пасайиш кузатилди. “Нижний Новгород” бош мураббийи Сергей Юран уни бошланғич таркибга киритмай қўйди. Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ҳам Йўлдошев ўйинини сезиларли даражада кучайтириши кераклигини таъкидлаб, бош жамоага чақирмади.
Хуллас, янги мавсумда Премьер-лига ва Россия кубогида олти марта майдонга тушган футболчимиз ўз ҳисобига битта ассист расмийлаштирди холос.
Умумий ҳисобда, Россиядаги фаолияти давомида жами 63 та баҳсда қатнашиб, учта гол ва бешта ассист муаллифи бўлган Иброҳимхалил Йўлдошев энди 2024 йилнинг охиригача “Қайрат”да ўйнайди ва бу жамоадаги ўйинлар орқали яна Ўзбекистон миллий терма жамоасига қайтишга ҳаракат қилади.
Фикрлар