Легионеримизнинг янги жамоаси “Челси”ни ортда қолдирди

Россия Премьер-лигаси дебютанти “Химки” жамоаси янги мавсум учун таркибини тубдан ўзгартирди. Энг аввало, бош мураббийликка испан футболи мактаби вакили Франк Артига олиб келинди.

48 ёшли мутахассис мураббийлик фаолиятини ўз юртида бошлаб, “Ампоста”, “Химнастик” ва “Барселона”нинг ўсмирлар жамоаларида ишлаган. Кейинчалик 2021-2022 йилларда Бирлашган Араб Амирликларининг 20 ёшгача бўлган терма жамоасини бошқарган.

Россиядаги фаолиятини “Родина” клубида бошланган испаниялик мураббий “Химки”га шу ёз таклиф этилди.

Москва вилояти шарафини ҳимоя қилаётган жамоанинг жорий мавсумдаги асосий вазифаси Премьер-лигадаги ўрнини сақлаб қолиш бўлади. Клуб хўжайинлари ана шу мақсадда трансфер бозорида фаоллик кўрсатиб, бир қатор эътиборга молик трансферларни амалга оширди.

Россия футболини ёритиб келаётган championat.com сайтининг маълум қилинишича, “Химки” янги мавсумда Премьер-лига ва Россия кубоги мусобақаларида қатнашиш учун жами 46 нафар футболчини рўйхатдан ўтказди.

Россия Премьер-лигасида бирорта клуб бу қадар кўп ўйинчига эга эмас. Аслида Европада ҳам ҳеч бир жамоа таркибига бунча футболчини жамламаган. Яқинда Европа футбол жамоатчилиги жами 42 та ўйинчини рўйхатдан ўтказган “Челси” клубини танқид остига олган эди. Энди “Химки” жамоаси бу борада “аристократлар”ни ҳам ортда қолдирди.

Рақамларга мурожаат қилсак, ёзги трансферлар вақтида “Химки” жами 21 нафар футболчини қўшиб олди. Ҳозир таркибда тўрт дарвозабон, 18 нафардан ҳимоячи ва ярим ҳимоячилар, олтита ҳужумчи бор.

Биз учун аҳамиятлиси, “Химки” 26 август куни ўзбек футболи тарбияланувчиси Алишер Одилов билан 2027 йилнинг ярмигача давом этадиган шартнома имзолади. Ўзбекистонда “Пахтакор” ва “Олимпик”да тўп тепган  23 ёшли ҳужумкор футболчи “Химки”га эркин агент сифатида бепул тушди. Асосан ўнг қанотдан ҳужум уюштирадиган истеъдодли ўйинчи янги жамоасида 21-рақам остида ўйнайди.

Трансферларга ихтисослашган transfermarkt.world портали “Химки” таркибида жами 14 нафар легионер борлиги қайд этилган. Бу клуб Алишер Одиловдан ташқари, Венесуэла, Панама, Сербия, Кот д’Ивуар, Черногория, Бразилия, Испания, Хорватия, Беларусь, Колумбия, Аргентина, Нигерия каби мамлакатлардан келган ўйинчиларга ҳам ўз таркибидан жой берди.

“Химки”га Алишер Одиловнинг қўшилиши билан Россия Премьер-лигасидаги легионерларимиз сони беш нафарга етди.

Жорий мавсумда Аббосбек Файзуллаев ЦСКА, Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев “Рубин”, Шерзод Эсонов биринчи лигадан кўтарилган “Акрон” жамоаси аъзоси ҳисобланади. Эсонов ҳам Россия чемпионатига Алишердан бир неча кун аввал бориб қўшилди.

Россия Премьер-лигасидаги легионерларимиз орасида Алишер Одиловдан бошқа ҳаммаси янги мавсумда дебют ўйинини ўтказиб бўлди. Тез орада Алишер ҳам улар қаторига қўшилиши кутиляпти.

 

Рақибда бунақа талантлар йўқ! Ўзбекистон, Шомуродов ва Ўруновга қандай баҳо беришди?

Европани забт этишга кетган ўзбек футболчиси ҳақида маълумотлар

Шомуродов “ДиСу”га қарши!

Шомуродовга Европада яна имконият беришга қарор қилишди!

Европадаги легионеримиз ғалабага тайёрланяпти (фото)

Легионеримиз Премьер-лигада тўпурар бўлишига ишонишмаяпти!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!