Моуриньони қутқарган Шомуродовнинг ўйини Италияда қандай баҳоланяпти?
Элдор Шомуродов бир кечада Рим қаҳрамонига айланди. УЕФА Конференция лигаси плей-офф босқичининг дастлабки учрашувида “Трабзонспор” дарвозасига ғалаба тўпини киритган ўзбекистонлик футболчи ҳақида Италия матбуоти тинимсиз ёза бошлади.
Ҳа, Элдорнинг расмий дебюти жуда муваффақиятли чиқди, қолаверса, легионеримиз “Рома”нинг мавсумдаги илк учрашувида ғалабани таъминлаш орқали барчанинг диққат-марказида турган бош мураббий Жозе Моуриньонинг ҳам юзини ёруғ қилди.
Sports.uz портали эътиборингизга Италиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари томонидан Элдор Шомуродов ҳақида эълон қилинган муносабатларни ҳавола этади.
Сalciomercato
Шомуродов учрашувнинг 75 дақиқаси давомида арвоҳдек кўзга кўринмади ва ҳеч нарса билан ўзини кўрсатмади. Лекин кейин ўзини ҳужумдаги йиртқич сингари намойиш қилди. У Манчинининг зарбасидан сўнг, устунга тегиб қайтган тўпни дарвоза тўрига жойлай олди. Шомуродов 10 балли тизимда 6 баҳога лойиқ ўйин кўрсатди.
Eurosport Italia
Шомуродов икки марта ўйинга қўшилди ва бу вазиятларда гол бўлиши керак эди. Аввалига ҳужумга ўтган Рик Карсдорпни қулай позицияга чиқарди. Бироқ зарба дарвоза тўрига ташқи томондан тегди. Лекин иккинчи вазиятда Шомуродов мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, “Рома”га устунликни қайтарди.
Forzaroma
Шомуродов оғир кечган дебют учрашувини ғалаба голи билан нишонлади. Туркия клубларига қарши сафарда тўп тепиш жуда мушкул вазифа. Айниқса, қаттиқ қаршиликка дуч келадиган ҳужум чизиғи вакилларига қийин бўлади. Элдорга тўп кам етиб келди ва баъзан ҳужумчи хатога йўл қўйди. Лекин Шомуродов ўзи учун омадсиз ўйинда ҳам гол ура олишини кўрсатди. Бу ҳужумчи учун жуда муҳим ҳислат.
TuttoMercatoWeb
ШоМОУРодов (“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо ҳам “нишонга” олинмоқда) Моуриньони қутқариб қолди. Бу юксак савиядаги мураббийга ярашадиган дебют бўлмади. Жамоа кутилган ўйинни намойиш қила олмади. Вазиятни жамоанинг янги ҳужумчиси Элдор Шомуродов ўнглади. У аввал “Рома”нинг ўртоқлик ўйинларида гол урган эди ва энди расмий баҳсда ҳам рақиб дарвозасига йўл топа олди.
La Gazzetta dello Sport
Агар Шомуродов захирага олинишидан бир дақиқа олдин гол урмаганида бу ўзбек футболчиси учун омадсиз дебют бўларди. У ўтган йилнинг охирида “Женоа”да кўрсатган ўйинини кўрсата олмади. Шу билан бирга бу ҳужумчи янги жамоага энди мослашаётганини унутмаслик керак. Моуриньо ўша паллада Шомуродовни алмаштириш учун Борза Майорални чақирган эди. Айнан шу пайт Элдор “Рома”даги дебют голини уришга эришди. Унинг омади чопди ва жуда керакли вақтда тўп киритди.
Tutto Sport
Шомуродов яхши кўрсаткичларга эга ва меҳнаткаш ҳужумчи. Лекин “Трабзонспор” билан баҳса ўзидан кутилган ўткир ўйинни намойиш қила олмади. Балки 40 миллион еврога харид қилинган Тэмми Абрахамнинг ҳужумчилик қобилияти Элдордан устундир. Шунга қарамай, Шомуродов ҳал қилувчи голни уриб, учрашув қаҳрамонига айланди.
Фикрлар