Ўрунов бир кунда ўзига янги жамоа топди!
Москванинг “Спартак” клуби икки йил муқаддам “Уфа”дан трансфер қилинган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Остон Ўрунов билан шартнома расман бекор қилингани ҳақида расмий хабар тарқатди.
Пойтахт клуби легионеримизга ўзини кўрсатиши учун етарли имконият бермади. Бу кўп жиҳатдан Ўруновни “Уфа”дан “Спартак” жамоасига олиб келинишига бош бўлган ўша пайтдаги бош директор Шамиль Газизовнинг клуб хўжайини Леонид Федун билан келиша олмай қолганига боғлиқ эди.
Кейинги икки йил Остонга ҳақиқий синов даври бўлди. Москваликлар уни икки марта “Уфа”га ижарага бериб юборди. Истеъдодли ярим ҳимоячи кўп жароҳат олгани боис, собиқ жамоасида ҳам ўзини кўрсата олмади. Фақат ўтган мавсумнинг иккинчи ярмига келиб, Ўрунов юқори спорт формасини тиклаб олишга эришди.
“Уфа” биринчи лигага тушиб кетганидан кейин ижарадан Москвага қайтган Ўруновга “Спартак”да ўрин йўқлиги ва бошқа жамоага ўтиши кераклиги айтилди. Мана масала шу даражага етиб, ярим ҳимоячимиз 2025 йилнинг ёзигача мўлжалланган битимни бекор қилишга мажбур бўлди.
Табиийки, яхши футболчи ишсиз қолмайди. Ўруновни Россия премьер-лигаси вакили “Урал” ўз сафига чорламоқда.
“Урал” президенти Григорий Иванов “РБ Спорт” нашрига берган интервьюсида клуб Остон Ўрунов билан шартнома имзолашга қарор қилганини билдирди.
- Ўрунов билан шартнома имзоласак, бу ҳақда расман эълон қиламиз. У аввал қароргоҳимизга етиб келсин. У ёғини вақт кўрсатади. Музокаралар олиб борилди. Шунинг учун ҳам уни кутяпмиз.
- Футболчи билан қанча муддатга битим тузилади?
- Ҳозирча, унинг қандай ҳолатда келишини билмаймиз. Аввал мураббийлар уни кўрикдан ўтказиши керак. Дастлаб, бир ярим мавсумга шартнома қилишни мўлжаллаб турибмиз. Бунинг учун у асосий таркибда мунтазам ўйнаши керак.
Айни пайтда Ўрунов қандай спорт формасида экани бизга қоронғу. Ўз юрти терма жамоасида тўп тепган бўлса ҳам, кўп вақтини майдондан ташқарида ўтказди.
- Остон қачон келади?
- Бугун-эрта шу ерда бўлиши керак.
Остон Ўрунов “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал футболчи сифатида “Навбаҳор”да шаклланган. Кейинчалик Тошкентнинг “Локомотив” клубида тўп тепди ва айнан “темирйўлчилар” сафида Россия премьер-лигасига йўл олди. Легионер сифатида “Уфа” ва “Спартак” жамоаларида ўйнади.
Ўрунов клублар мақёсида жами 111 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига бешта гол ва бешта ассист расмийлаштирган. Бу футболчи майдон маркази, ҳар икки қанот ва ҳужумчи ортида ўйнай оладиган универсал ижрочи ҳисобланади.
Остон 2019 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасидан жой олиб келмоқда. Ҳозирча, 21 ёшли футболчимиз еттита учрашувда битта тўп киритган.
Фикрлар