Ўрунов Ўзбекистонда биз беришимиз мумкин бўлгандан кўп маош оларди
“Навбаҳор” билан хайрлашганидан кейин Остон Ўрунов бир муддат жамоасиз юрди. 23 ёшли футболчи хориждан жамоа қидирди ва охир-оқибат Эроннинг “Персеполис” клуби билан бир ярим йиллик шартнома имзолади.
Бундан аввал, Ўрунов яна Россия Премьер-лигасига кўчиб ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилди. Маълумки, истеъдодли ярим ҳимоячи 2020 йили Россия чемпионатига кўчиб ўтиб, уч йил давомида “Уфа”, “Спартак” ва “Урал” жамоаларида ўйнаган эди.
Россия футболини мунтахам ёритиб келаётган “Матч ТВ” журналистлари Остон Ўруновни Россияга кўчиб ўтишида бош бўлган Шамиль Газизов билан ўзбек легионери ҳақида суҳбатлашди.
Шамиль Газизов айни пайтда Маҳачқальанинг “Динамо” жамоаси бош директори сифатида фаолият юритмоқда.
Журналистлар Газизовга Остон Ўрунов “Персеполис”га кўчиб ўтганини айтиб, нега уни “Динамо”га чақирмаганини сўради.
— Мен Ўрунов билан ҳали хабарлашганим йўқ, лекин уни албатта табриклаб қўяман. Остон Осиё кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида яхши ўйнади ва хориж клублари унга эътибор қаратишди.
— Сиз Ўруновни “Динамо”га чақирдингизми?
— Биз айни пайтда биринчи лигада қатнашяпмиз ва бошқа клублар билан бу борада рақобатлаша олмаймиз.
Остон Ўрунов ҳатто Ўзбекистонда ҳам биз таклиф қилишимиз мумкин бўлган маошдан анча кўп оларди, - деди Шамиль Газизов.
Остон Ўрунов аслида “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ “шерлар”нинг асосий таркибига киритилмаганидан кейин “Навбаҳор”га кўчиб ўтган ва айнан наманганликлар жамоасида профессионал футболчи сифатида шаклланди.
Жисмонан бақувват ва кучли техника эгаси бўлиб етишган Ўрунов Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ўйнаганидан кейин Россия Премьер-лигасига кўчиб ўтди. Дастлаб, “Уфа” сафида ҳаммаси жуда яхши бошлаганди. Ярим мавсумда маҳоратини намойиш эта олган Ўруновни Россия Премьер-лигасининг деярли барча кучли клублари ўз сафида кўришни истаганди.
Бироқ Ўруновни Россияга олиб кетган Шамиль Газизов “Спартак” бош директори этиб тайинлангани учун ўзбек футболчисини ҳам Москва жамоасига олиб кетди.
Газизов “Спартак”нинг ўша пайтдаги хўжайини Леонид Федун билан зиддиятга боргани ҳамюртимизнинг ҳам фаолиятига салбий таъсир қилди. Кейинчалик ижара асосида “Уфа”да ўйнаган Остон “Спартак” билан шартнома бекор қилди.
Премьер-лига вакилларидан “Урал” легионеримизга имкон берган эди. Аммо Ўрунов бу жамоада ҳам узоқ ўйнамади. 2023 йилнинг бошида “Навбаҳор”га қайтган Ўрунов бир мавсум давомида яна фаолиятини тиклаб олди ва ниҳоят легионер мақомида тўп тепадиган бўлди.
Фикрлар