Ўруновни олиш учун премьер-лигада ўйнаш керак!
Трансфер ҳуқуқи Москванинг “Спартак” клубига тегишли бўлган Остон Ўруновнинг келажаги ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.
Легионеримиз Россия оммавий ахборот воситаларида диққат-марказида тургани боис журналистлар Ўрунов мавзусини кўп бор тилга олади.
Куни кеча “Спорт-экспресс” нашри журналистлари “Уфа” клуби бош директори Шамиль Газизовдан ўзбекистонлик футболчининг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олиш ишлари қандай кетаётгани ҳақида сўради.
- Остон Ўруновни сотиб олишимиз учун амалдаги вазият айрим талабларга жавоб бериши керак бўлади. Бунинг учун биз юқори лигада ўйнашимиз шарт.
Бу футболчининг трансферига талаб қилинадиган суммага эга бўлиш учун жамоа Россия премьер-лигаси вакили бўлиши лозим. Шу сабабли ҳозир бирор нарса дейишга жуда эрта, - деб жавоб берди Шамиль Газизов “Спорт-экспресс” мухбирларига.
Эслатиб ўтамиз, Остон Ўрунов 2020 йилнинг бошида Тошкентнинг “Локомотив” жамоасидан “Уфа”га трансфер қилинган. Уфаликлар футболчи учун 200 минг евро тўлагани қайд этилган.
Илк бор легионер мақомини олган ҳамюртимизнинг премьер-лигадаги дебюти омадли чиқди. Креатив ўйин услуби туфайли ярим мавсум давомида Россиянинг деярли барча етакчи клублари орзусига айланди.
Шамиль Газизов барча таклифларни инкор этиб, Остонни ўзи янги бош директор этиб тайинланган “Спартак” жамоасига олиб ўтди.
“Спартак” хўжайини Леонид Федун ва унинг рафиқаси Зарема Салихованинг Шамиль Газизов билан муносабатлари бузилиши ортидан Остон Ўруновнинг фаолияти ҳам зиён кўрди. Ўзбекистонлик футболчи майдондан ташқарида қолиб кетди.
Бу вазият ўтган йили ёзда “Уфа” бош директорликка қайтган Шамиль Газизовнинг ташаббуси билан Ўруновни “Спартак”дан ижарага олганидан кейин вақтинчалик ечимини топди.
Клублар ўртасидаги келишувга кўра, “Уфа”да Ўруновнинг трансферини сотиб олиш ҳуқуқи ҳам, агар футболчи мавсум давомида 60 фоиз ўйинларда қатнашса, уни харид қилиш мажбурияти ҳам бор.
Ўрунов жароҳатлари туфайли кўпинча майдондан ташқарида қолиб кетди. Ўртада жамоа бош мураббийи Алексей Стукалов ўзбек футболчисининг спорт формасидан нолиган пайтлар ҳам бўлди.
Чемпионат охирига келибгина Остон Ўрунов бошланғич таркибга кира бошлади. Ҳозирча, жами 14 марта майдонга тушган ҳамюртимиз бирор самарали ҳаракатни амалга ошира олгани йўқ.
Уфа ҳозирча хавфли ҳудудда бормоқда ва ўзидан бир поғонада юқорида турган “Урал”дан уч очко ортга қоляпти. Жамоа мавсум якунларига кўра, бир поғона пастдаги лига – Миллий футбол лигасига тушиб кетиш эҳтимоли жуда катта.
Агар “Уфа” премьер-лигадаги жойини сақлаб қола олмаса, клуб Остон Ўруновни трансфер қила олмайди.
“Спартак” раҳбарияти Остон Ўрунов учун ўзи сарфлаган сумма – 1 миллион евро эвазига футболчини “Уфа”га сотишга розилик берган.
Энди буёғи бошқирдистонликлар чемпионатни нечани ўринда якунлашига боғлиқ. Агар бу трансфер амалга ошмаса, Ўрунов ёзда “Спартак”га қайтиб боради ва клуб раҳбариятининг қарорини кутишига тўғри келади.
Остон Ўрунов “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал футболчи сифатида “Навбаҳор”да шаклланиб, мухлису мутахассислар эътиборига тушган. Шунингдек, Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ҳам фаолият юритган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасида учта ўйин ўтказган бўлса-да, кейинги пайтда мамлакатимиз бош жамоасида таклиф олмаяпти.
Фикрлар